Карвон тўхтамагай, борар манзилимиз буюк келажак

/
Мустақиллигимиз меъмори, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг вафоти ҳаммамизни қайғуга солди. Умр бўйи элим деб, юртим деб ёниб яшаган бу буюк Инсоннинг жамиятимизда, ҳаётимизда тутган ўрнини сўз билан таърифлаш мушкул. Энг муҳими, Юртбошимиз раҳнамолигида Истиқлолга эришган юртимизда янги халқ, Мустақиллик даври халқи шаклланди. Шиддатли суръат, жўшқинлик, бунёдкорликда ўтган чорак асрлик қисқа давримизга назар соларканмиз, бу ҳақиқатга қайта-қайта ишонч ҳосил қиламиз.
Зеро, йигирма беш йиллик истиқлол даври халқимиз учун буюк бурилиш, қайта тикланиш, ўзликни англаш, жаҳонга чиқиш йиллари бўлди. Чорак аср давомида ёш давлатимиз асрга тенг юксалиш ва тараққиёт йўлини босиб ўтди десак, муболаға бўлмайди. Ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари бошида бизга собиқ тузумдан пароканда иқтисод, сон-саноқсиз ижтимоий-маънавий муаммолар, халқимизнинг майиб-мажруҳ ҳаёти, тушкунлик ва умидсизлик мерос бўлиб қолган эди.
Мустақил Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган янги иқтисодий сиёсат ўзини тўла оқлади ва у жаҳонда расман эътироф этилиб, йиллар ўтгани сари халқимиз манфаатларига мос равишда такомиллашиб бормоқда. Ўтган давр ичида мамлакат иқтисодиёти қарийб 6 баробар ўсгани, ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръати кейинги 11 йилдан бери 8 фоиздан кам бўлмаётгани, аҳолининг харид қуввати муттасил ошиб бораётгани, ўртача умр кўриш даражаси 66 ёшдан 73,5 ёшга, аёллар ўртасида 76 ёшга узайгани жаҳоннинг энг тараққий топган давлатларига қиёс қилганда ҳам камдан-кам кузатиладиган натижадир.
Бу рақамлар истиқлол даврининг энг ёрқин самараси сифатида ҳавас ва ибратга молик. Бу ютуқларга халқимизнинг улуғ мақсад йўлидаги фидокорона меҳнати, ғайрат-шижоати, сабр-қаноати туфайли эришдик. Аммо дунё бозорларида ноаниқлик, беқарорлик ва инқироз давом этаётгани, рақобат кучайиб, шафқатсиз тус олаётгани, хомашё нархининг пасайиб бораётгани янада самарали ишлашни, асосий соҳаларда янги юксак марраларни эгаллашни, бунинг учун раҳбарлик ва етакчи лавозимларда ўтирган шахслардан эскича қараш ва ёндашувлардан, номақбул иш услубларидан воз кечишни, янгича фикрлаш ва ишни янги, замонавий усулларда ташкил этишни тақозо этади. Шу боис, олдимизда мамлакатимизни демократик янгилаш, модернизация қилиш, унинг рақобатдошлигини ошириш йўлида бошлаган ислоҳотларни оғишмай давом эттириш, иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришларни чуқурлаштириш, унда давлат иштирокини камайтириш, хусусий мулкнинг улушини кенгайтириш ҳамда унинг устуворлигини таъминлаш, хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнес самарасини ошириш, хорижий инвестициялар ҳажмини кўпайтириш, замонавий, юқори технологияларни жорий этиш мақсадида мамлакатимизда яратилган имтиёзларни янада кенгайтириш каби масъулиятли вазифалар турибди.
Истиқлолнинг дастлабки йилларида ёш давлатимиз олдида янги — эркин, демократик давлат қуриш, иқтисодиётни бозор муносабатларига мослаштириш, фуқаролик жамиятини барпо этиш, ёш мамлакатимизни дунёнинг тараққий топган илғор давлатлари сафига кўтариш, улар билан манфаатли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, эл-юртда тинчлик-тотувликни, миллатлараро аҳил-иноқликни сақлаб қолиш, одамларнинг истиқлол ғоялари ва ёруғ келажакка ишончини мустаҳкамлаш каби ғоят муҳим вазифалар турар эди. Давлатимиз раҳбарининг машҳур беш принципига асосланган тараққиёт стратегияси бу вазифаларни қисқа вақт ичида муваффақиятли бажаришга, ўтиш давридаги узилишларни сабр-тоқат билан енгиб ўтишга, ҳар бир муаммони ҳал қилишда энг тўғри ечимларни топишга асос, бош дастуриламал бўлди десак, муболаға бўлмайди.
Мустақиллик ҳаётимизнинг маъно-мазмунини, халқимизнинг турмуш тарзини, орзу-умидларимизни бутунлай ўзгартириб юборди. Қисқа вақт ичида эски мустабид тузум мафкураси асоратлари, ғайриинсоний тақиқларидан халос бўлдик, дунёнинг барқарор ривожланаётган давлатларидан бирига айландик. Бу улуғ неъмат “топталган қадриятларимизни, дину диёнатимизни, ор-номусимизни тиклаш, ўзлигимизни англаш, халқимизнинг орзу-интилишларига, миллий манфаатларига жавоб берадиган келажагимизни қуриш йўлини очиб бергани билан тарихимизда абадий сақланиб қолади”.
Тарихдан маълумки, миллий озодлик узоқ давом этадиган курашлар, оғир йўқотишлар натижасида қўлга киритилади. Уни сақлаб қолиш, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-ахлоқий асосларини мустаҳкамлаш, ўтиш даврининг мураккабликларига дош бериш осон вазифа эмас. Шу боисдан ҳам истиқлолнинг дастлабки кунларидан бошлабоқ барча соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар бошлаб юборилди, “Ислоҳот — ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун”, “Шу азиз Ватан — барчамизники” деган мантиқан ғоят кучли шиорлар ўртага ташланди. Халқимизнинг сабр-бардоши, асрлар давомида шаклланган ҳаётий тажрибаси, аҳил-иноқлиги, ёруғ келажакка қатъий ишонч туйғуси, ёшлар, хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллиги боис, ўтган йиллар давомида шундай улуғ ишлар амалга оширилдики, улар биз эришмоқчи бўлган улуғ мақсаднинг, Ўзбекистон танлаган йўлнинг нақадар тўғри ва ҳаётийлигини кўрсатиб берди. Бу фақат бизнинг эмас, юртимизда ўтказилаётган кўплаб халқаро анжуманлар иштирокчилари, нуфузли давлат ва жамоат арбоблари, сиёсатшунослар, иқтисодчи олимлар, жамоатчилик фикрини ўрганиш халқаро марказлари мутахассисларининг ҳам фикридир.
Бугун босиб ўтган шонли тарихий йўлимизга назар ташлар эканмиз, ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари бошида мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида қандай оғир муаммолар кўндаланг тургани ёдимизга тушади. Энг оғир шароитда одамлар, айниқса, ёшлар онг-шуурига янги жамиятнинг янги ғояларини сингдириш, халқнинг қадр-қимматини кўтариш, ор-номусини жой-жойига қўйиш, яқин ва олис тарихимизни собиқ тузум мафкураси таъсиридан тозалаш, буюк келажагимизнинг пойдеворини қўйиш лозим эди, вақт эса кутиб турмасди. Вазиятнинг мураккаблигига қарамай, ташқаридан қарз кўтармай, миннатли ёрдамларга қўл чўзмай, фақат ўз кучимиз, имкониятларимизга таяниб иш кўрдик. “Биз борини асраш ва йўғини яратиш йўлидан борамиз” деган шиор, сохта обрў қозониш учун енгил-елпи қарорлар қабул қилмаслик, ҳар бир ишни бамаслаҳат амалга ошириш принципи ўзининг ижобий самарасини берди.
Истиқлол йилларида жамиятимизда амалга оширилган ишларнинг ҳар бири ўзига хос тарихга, маъно-мазмунга эга. Қисқа вақт ичида янги демократик бошқарув тизими шаклланди, яъни ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд-ҳуқуқ тармоқларининг ўзаро муносабатлари аниқ-равшан белгилаб олинди, бу муносабатларнинг мутаносиблиги таъминланди. Ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда кўппартиявийликнинг юзага келиши, сиёсий партиялар фаолиятининг йўлга қўйилиши, улар орасида соғлом рақобатнинг юзага келиши чиндан ҳам тарихий аҳамиятга эга бўлди. Истиқлолимизнинг дастлабки қадамларида халқимиз учун муносиб ҳаёт тарзи яратиш, ҳеч кимдан кам бўлмай яшаш, келгуси авлодларга озод ва обод Ватан, эркин фуқаролик жамияти қолдиришдек эзгу ниятларимизга беписандлик билан қараганлар бугун мустақил Ватанимизнинг қатъий ва шахдам қадамларини кўриб қойил қолмоқда, ҳавас қилмоқда.
Биз эришган ютуқлардан бири “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” шиори остида қураётган янги жамиятимизнинг бўй чўзаётганидир. Бундай жамият юксак даражада уюшган, онгли ва масъулиятли муносабатлар тизими бўлиб, жамият ҳар бир аъзосининг ҳуқуқ ва эркинлиги давлатга қарашли бўлмаган уюшмалар, бирлашмалар фаолияти орқали таъминланади. Фуқаролик жамиятида одамларнинг ижтимоий фаоллиги ва ҳуқуқий маданиятига алоҳида эътибор берилади. Амалга оширилаётган ислоҳотларнинг барчаси замирида инсон манфаатлари ётади. Ўз-ўзини бошқариш жамоатчилик ташкилотлари, турли жамғармаларнинг ижтимоий ва маънавий ҳаётдаги ўрни ва аҳамияти янада ошади. Кўппартиявийлик мамлакат сиёсий ҳаётида фикрлар хилма-хиллигини вужудга келтиради. Фуқаролар мамлакат Конституциясида белгилаб қўйилган ҳуқуқларидан тўла фойдаланиш, ижтимоий-сиёсий ҳаётда фаол иштирок этиш имкониятига эга бўладилар. Шу маънода “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда кучли фуқаролик жамияти барпо этишда муҳим аҳамият касб этгани шубҳасиздир. Чунки, ушбу қонун давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солади; жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотдан фойдаланишини таъминлайди; давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олиш ҳуқуқини кафолатлайди; давлат ҳокимияти ва ва бошқаруви органларининг ҳамда мансабдор шахсларнинг қабул қилинаётган қарорлар учун масъулиятини оширади; давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни тарқатиш тартибини белгилаб беради.
Жамият тараққиёт сари юз тутар экан, ижтимоий-маънавий юксалиш, турмуш фаровонлигига эришиш имкониятлари халқнинг орзу-умидлари билан мутаносиб равишда ошиб боради. Демократик ривожланиш йўлидан бораётган мамлакатларда инсон орзу-умидларининг рўёбга чиқиши жамият ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинаётган қарор ва дастурларнинг бевосита самарасига, жамият аъзоларининг бу жараёндаги иштироки, ижтимоий фаоллигига боғлиқ бўлади. Бу боғлиқлик, энг аввало, одамлар қалбида жамият ҳаётида кечаётган жараёнларга шахсий дахлдорлик туйғусини юзага келтиради. Тинч-тотув яшаш, фаровон турмуш кечириш учун кураш, бу жараёнда фаол иштирок этиш, ташаббускор бўлиш унинг учун маънавий бурчга айланади. Бу бурч уни янада фаол бўлишга, жамият, миллат манфаатларини шахсий хоҳиш-истакдан баланд қўйишга, ҳамиша ва ҳар ҳолатда ҳам виждон амрига қулоқ тутишга, инсоф-диёнатга даъват этади.
Йигирма беш йил тарихан катта муддат эмас. Аммо ҳаётда шундай йиллар, ойлар ва ҳатто кунлар ҳам бўладики, уларни моҳиятан бирор нарсага қиёслаш ўта мушкул. Тўғри, кейинги чорак асрда дунё ўзгарди, лекин мустақил Ўзбекистоннинг бугунги шиддати, жасоратли ишлари, маънавий юксалиши, иқтисодий барқарорлиги ўзгараётган дунёни ҳам ҳайратга солди десак, муболаға бўлмайди. Европанинг кўплаб ривожланган мамлакатлари молиявий-иқтисодий таназзул боис, муаммоларга дуч келиб турган, ишсизлик даражаси ошаётган, ижтимоий ҳимоя режалари қисқараётган бир пайтда, Ўзбекистонда махсус давлат дастурлари қабул қилиниб, қишлоқларимизда намунали лойиҳалар асосида шаҳар шароитидан асло кам бўлмаган уй-жой массивлари қурилаётгани, ёш оилаларга уй-жой сотиб олиш учун имтиёзли кредитлар берилаётгани чиндан ҳам ҳайратланарлидир. Қишлоқ жойларида янги типдаги уй-жой қуриш бўйича махсус дастурда кўзда тутилган режаларни амалга оширишда Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Жаҳон банки каби нуфузли халқаро молия ташкилотлари иштирок этаётгани Ўзбекистоннинг дунё миқёсида ишончли ҳамкорга айланганидан далолат беради.
Истиқлол йилларида эришган энг муҳим ютуқларимиздан яна бири, шубҳасиз, мамлакатимизда Ватанимиз ва халқимизнинг келажагини ўз қўлига олишга қодир бўлган янги — баркамол авлоднинг тарбия топганидир. Қувончлиси шундаки, ортимиздан замонавий билимларни чуқур эгаллаётган, жаҳоний тажрибалардан яхши хабардор, изланувчан, интилувчан, эътиқоди мустаҳкам янги авлод — ҳаётимизнинг эртанги давомчилари келаётир. Мустақил фикрга, қатъий ҳаётий позицияга эга бўлган, замонавий билимларни чуқур эгаллаган бундай ёшларни тўғри йўлдан чалғитиб бўлмайди. Истиқлол бизга мана шундай буюк маънавий бойликни ато этди. Бу бойликдан самарали фойдаланиш, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳбарлигида амалга оширилган буюк ислоҳотларни муносиб равишда давом эттириш, йигирма беш йиллик ғалабаларимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, уларни янги-янги марралар билан бойитиш биз учун ҳам фарз, ҳам қарздир.
Ислом ҲАМРОЕВ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Фуқароларнинг ижтимоий муҳофазаси, мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиши масъул идора ва ташкилотлар ходимларининг ўз масъулиятини англаган ҳолд...
01 янв 1970
Кейинги йилларда республикамизнинг қайси бир вилоятига борманг, истиқлол туфайли юз берган катта ўзгаришларнинг гувоҳи бўласиз....
01 янв 1970
Яқинда телевидениеда афв этиш тўғрисидаги низом ҳақида эшитиб қолдим. Янги низом ҳақида маълумот берсангиз....
01 янв 1970
Президентимизнинг шу йил 18 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони фахрийларимизга эҳтиромни...