Қалбимизда мангу яшайди

/
Халқимиз мустақиллигининг асосчиси, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов вафоти муносабати билан Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Марказий аппаратида мотам тадбири бўлиб ўтди.
Унда партия Сиёсий Кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлари, “Ёш адолатчилар” ва “Аёллар қаноти” фаоллари иштирок этди.
Партия бош биносида ташкил этилган Ислом Каримовнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган “Хотира хонаси”да жам бўлганлар Юртбошимиз портрети пойига гулчамбарлар қўйиб, унинг хотирасига таъзим бажо келтирди.
— Замонамизнинг ҳақиқий қаҳрамони, улуғ жасорат эгаси, буюк давлат арбоби ва халқимизни юксак мақсадлар сари бошлаган Йўлбошчимиз Ислом Каримов ўзининг аҳамияти ва кўлами жиҳатдан асрларга татигулик эзгу ишлари билан мамлакатимизнинг янги тарихини абадиятга муҳрлади, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Алишер Шодмонов.
— Ўзбекистон халқининг руҳини, ғурур-ифтихорини, қудратини, орзу-интилишларини ягона мақсад йўлида мужассамлаштира олган, халқни — халқ, миллатни — миллат қилиш йўлида жонини фидо қилган Юртбошимизнинг ватанпарварлиги, халқпарварлиги, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, юртимизда тинчлик ва барқарорликни сақлаш йўлида олиб борган ёрқин фаолияти барчамизга ўрнак, намуна бўлиб қолади.
— Бугун барча соҳаларда эришаётган ютуқ ва муваффақиятларимиз, шубҳасиз, Юртбошимизнинг танлаган оқилона сиёсати, ёшларга билдирган ишончи, ҳамиша “маррани баланд олинглар, эртанги кун бизники, марра бизники!”, дея руҳлантирганликлари маҳсулидир, — дейди партиянинг “Ёш адолатчилар” қаноти Кенгаши раиси Умид Сулаймонов. — Шундай экан, бизга мерос қолган шу озод ва обод Ватан равнақи йўлида қўлни қўлга бериб, Президентимиз бошлаган ишларни давом эттириш, улуғ мақсадларни рўёбга чиқаришда бор кучимизни, билим ва қобилиятимизни сафарбар этмоғимиз, Ўзбекистонимизнинг келажаги буюк бўлишига ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз лозим.
***
Шунингдек, Юртбошимиз Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан республикамизнинг барча вилоятлари, туман ва шаҳарларида ўтказилаётган мотам тадбирларида миллионлаб ватандошларимиз қаторида партиямиз фаоллари томонидан ҳам Йўлбошчимиз хотирасига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилмоқда.
Хусусан, Андижон шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур майдонидаги Юртбошимиз портрети пойи гулчамбарларга тўлди. Зиёлилар, меҳнат фахрийлари, фаол ёшлар, маҳаллий Кенгаш депутатлари билан бир сафда Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоллари ҳам иштирок этишди.
— Президентимиз ҳаммамиз учун одамлар дарди-ташвиши билан яшаш, Ватанни севиш ва ардоқлашнинг ҳақиқий намунаси эди, — дейди Ўзбекистон “Адолат” СДПдан сайланган халқ депутатлари Булоқбоши туман Кенгаши депутати Инобатхон Жалилова. — Умрини юртимиз тинчлиги, Ватанимиз равнақи ва халқимиз фаровонлиги йўлида фидо қилган Йўлбошчимизнинг ёрқин хотираси қалбларимизда мангу яшайди.
— Маҳалладошларимиз билан изтиробдамиз, — дейди Қўрғонтепа туманидаги “Юксалиш” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Саодатхон Хожиматова. — Юртбошимизни чин маънода отамиз, деб билардик. Оилада йўлбошчини йўқотиш қанчалик оғир. Олдимизда улар бошлаган ишларни оғишмай давом эттириш, мустақиллигимиз ва тинчлигимизни асраб-авайлаш билан руҳини шод этишдек масъулиятли вазифа турибди.
Тадбирлар республикамизнинг барча ҳудудларида давом этмоқда.
Партия матбуот хизмати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Жиянларим вояга етмаган. Уларнинг ота-онаси икки йиллик хизмат сафарига чет элга кетишган. ...
01 янв 1970
Муқобил энергия манбалари — инновацион тараққиёт учун
01 янв 1970
Хизмат вазифаси тақозосига кўра ҳар куни шаҳримизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига муносиб ҳисса қўшган, бугун эса эл ардоғида юрган отахон-она...
01 янв 1970
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ САЙЛОВИНИ ЎТКАЗУВЧИ САЙЛОВ ОКРУГЛАРИНИ ТУЗИШ ТЎҒРИСИДА...