Мустақиллик — халқимиз орзу-мақсадларининг рўёби

/
Мухбиримиз истиқлол байрами арафасида Кармана туманидаги 4-умумтаълим мактаби директори, халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзоси, сенатор Гулчеҳра Сатторова билан байрамга тайёргарлик борасида суҳбатлашди.
— Бугунги кунда мамлакатимиз аҳли энг улуғ, энг азиз байрамимиз — Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йиллик байрами шукуҳи билан яшаяпти. Буюк истиқлолнинг чорак асрлик байрами арафасида кўнглингиздан қанақа ўй-фикрлар кечмоқда?
— Бу саволга бирданига жавоб бериш қийин. Чунки мустақилликнинг мазмун-моҳияти шунчалар кенг, шунчалар чуқур ва шунчалар сарбаландки, унинг таърифу тавсифига унча-бунча сўз хазинаси камлик қилади. Бундан роппа-роса 25 йил муқаддам давлатчилигимиз тарихида оламшумул воқеа рўй берди. Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги эълон қилинди. Ўшанда ҳаммамиз ҳам бу муқаддас каломнинг нақадар салмоқдор, нақадар қалбга яқин, аждодларимизнинг, халқимизнинг асрий орзу-мақсадларига ҳамоҳанг эканлигини тўлиқ англаб етмаганлигимиз рост. Мана бугун, орадан чорак аср ўтиб, барчамиз мустақилликнинг, миллий истиқлолнинг халқимиз учун нақадар буюк неъмат эканлигини, ўзида энг эзгу инсонпарвар ғоялар ва бунёдкорликнинг битмас-туганмас қудратли кучини жамулжам этганлигини бутун борлиғимиз билан ҳис этиб турибмиз.
Ана шу тарихан жуда қисқа даврда мамлакатимиз қиёфаси тубдан ўзгариб, бетакрор гўзаллик ва кўркамлик касб этди. Ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг барча жабҳаларида асрларга татигулик тараққиёт йўли босиб ўтилди. Ҳаётга татбиқ этилган тараққиётнинг “ўзбек модели”ни бутун дунё эътироф этди, тан олди.
Юртдошларимизнинг турмуш даражаси юксалиши билан бир пайтнинг ўзида онгу шуури, фикрлаш тарзи ҳам ўзгарди. Улар кечаги кун билан бугунни теран фарқлаган ҳолда, мустақилликни муттасил мустаҳкамлаб бориш, ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиш ўзларининг шарафли ва масъулиятли бурчи эканлигини чуқур англаб етишди. Шунинг учун ҳам буюк истиқлолнинг 25 йиллигини “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” ғояси атрофига жипслашган ҳолда бир тан-бир жон бўлиб, қарши олишаяпти. Айни пайтда хаёлимдан ана шу фикрлар ўтмоқда, қалбан эса гўзал Ватаним билан фахрланаяпман.
Истиқлол йилларида ҳар бир йилга алоҳида ном берилиб, муайян йўналишда инсон манфаатлари йўлида келгусидаги оламшумул ишларга мустаҳкам замин ҳозирланган ҳолда фаолиятимиз изчил давом эттирилаётганлиги ижтимоий тараққиётнинг энг муҳим омилларидан бўлаяпти. Жумладан, 2016 йилнинг “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилиниши фарзандларимизнинг бахту саодати, порлоқ эртаси ҳақида қайғуриш, уларнинг янада бахтли бўлишини таъминлаш демакдир. Боланинг она қорнидаёқ соғлом бўлишини, бунинг учун эса оналар соғлом бўлишига эришиш, онага моддий, маънавий, тиббий таъминотни яхшилаш йил дастурининг асосидир. Бола бахтли бўлсагина она учун ҳаёт завқли, қувончли кечади. Бола кулгисидек чиройли манзарани кўрганмисиз! Юртимизда ана шундай бахтли ҳаёт учун барча имкониятлар яратилган. Янги, замонавий умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар, мусиқа ва спорт мактаблари бизнинг келажагимиз бўлган фарзандларимиз учундир.
— Мустақиллик йилларида мамлакатимизда таълим соҳасига катта эътибор қаратилди. Бугунги мактаблар бундан 25 йил олдинги мактаблардан тубдан фарқ қилади. Келинг, бу хусусда ўзингиз раҳбарлик қилаётган қишлоқ мактаби мисолида ҳам фикр билдирсангиз?
— Ҳа, истиқлол йилларида таълимга бўлган эътибор ва ғамхўрликни бизнинг мактабимиз мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Таълим даргоҳимиз ўқувчи ва ўқитувчилар учун яратилган шарт-шароит ва қулайликлар борасида энг замонавий шаҳар мактабларидан қолишмайди. 2008 йилда таълим-тарбия масканимизнинг 630 ўқувчига мўлжалланган замонавий биноси фойдаланишга топширилганди. Жорий йилда 630 ўқувчига мўлжалланган иккинчи биноси ҳам қурилиб, ишга туширилди. Ҳозирги кунда 83 нафар педагог, жумладан, 56 нафар хотин-қиз ўқитувчиларимиз мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда ўғил-қизларимизга замонавий талаблар даражасида таълим-тарбия беришаяпти. Ўқувчиларимизга хорижий тиллар ҳам чуқур ўргатилмоқда. Улар инглиз тилини 1-синфдан бошлаб энг замонавий ахборот-компьютер техологиялари кўмагида ўрганишмоқда.
— Мамлакатимизда мустақиллик йилларида давлат ва жамият томонидан аёлларга алоҳида эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Буни сиз қандай ҳис этаяпсиз?
— Аёлларимиз ишлаб чиқариш соҳаси, тадбиркорлик дейсизми, ижтимоий йўналишларми, давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллик кўрсатишаяпти. Жумладан, ўзим фаолларидан бири бўлган Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг вилоятимиздаги аъзоларининг тенг ярмини аёллар ташкил этади. Шунингдек, улар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари сифатида давлат ва жамият бошқарувида иштирок этишмоқда, мамлакатимизнинг келгуси тараққиёти йўлида сидқидилдан хизмат қилишаяпти.
Бевосита ўзим ҳақимда гапирадиган бўлсам, мен, аввало, бахтиёр онаман, фарзандларим мана шундай мустақил, ҳур диёрда яшаётганидан шодман. Мустақиллик менга ҳам меҳнат қилиш, унинг роҳатини кўриш имкониятларини берди. Шу туфайли муаллим сифатида ёш авлодга сабоқ бераяпман. Олий Мажлис Сенати аъзоси сифатида эса мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотларда фаол иштирок этаяпман. Бир сўз билан айтганда, мана шундай мустақил юртда яшаб, меҳнат қилаётганлигимдан фахрланаман, шу кунларга шукроналар айтаман.
«Adolat» мухбири Олим ХЎЖАЕВ суҳбатлашди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Сурхондарё вилояти адлия бошқармаси томонидан жойларда мазкур қонун талабларига риоя этилиши юзасидан назорат тадбирлари амалга оширилмоқда....
01 янв 1970
Биз ишлаб чиқариш цехини қурмоқчимиз. Айтинг-чи, ушбу операцияга қандай тартибда қўшилган қиймат солиғи солинади?...
01 янв 1970
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият сифатида улуғланади.
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси тузилди....