Геодезия ва картографияга оид қонунлар ижроси таҳлил этилди

/
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг йиғилишида “Геодезия ва картография тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг ижроси юзасидан “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси раисининг ахбороти эшитилди.
Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси, Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг парламентдаги фракцияси аъзоси Алишер Шодмонов олиб борган тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда мустақиллик йилларида олиб борилаётган туб ислоҳотлар, ишлаб чиқариш инфратузилмасининг кенгайиб бориши, саноат, транспорт, қурилиш, энергетика, туризм ва бошқа соҳаларнинг жадал ривожланиши геодезия хизматлари ва картография маҳсулотларига бўлган талабнинг ошишига олиб келди.
— Бугунги тезкор даврда юксак технологияларнинг ҳаётга кириб келиши, бизнес ва тадбиркорликнинг ривожланиб бориши соҳани тартибга солувчи қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиб боришни ва янгилари қабул қилинишини тақозо этмоқда, — деди А.Шодмонов кириш сўзида. — Собиқ иттифоқ даврида геодезия ва картография фаолиятида давлат монополияси ўрнатилган бўлиб, геодезия ва картография ишлари фақатгина давлат корхоналари томонидан бажарилар эди. Шу сабабли мазкур соҳа идоравий норматив ҳужжатлар билангина тартибга солиб келинган. Геодезия ва картография соҳасида миллий қонунчилигимизни такомиллаштириш мақсадида 1997 йил 25 апрелдаги “Геодезия ва картография тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинди. Ўтган давр мобайнида мазкур қонун ва бошқа қонунлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, ҳукуматимизнинг қарорлари, шунингдек, бошқа қонуности ҳужжатлар геодезия ва картография фаолиятидаги муносабатларни тартибга солиш учун ҳуқуқий база бўлиб хизмат қилмоқда. Бугун “Геодезия ва картография тўғрисида”ги қонуннинг ижросига оид ўтказилган ахборот эшитувидан кўзланган мақсад — соҳа мутахассислари, амалиётчилар билан ҳамжиҳатликда юқоридаги қонуннинг геодезия ва картографияга оид фаолиятни ташкил этиш, бошқариш ва ривожлантиришнинг замонавий талабларидан орқада қолаётган айрим нормаларини аниқлаш ҳамда такомиллаштириш юзасидан конструктив таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат. Хусусан, ўрганишлар жараёнида амалиётда фазовий географик ахборотлардан ва навигация тизимларидан интерактив хизматлар доирасида фойдаланиш борасидаги нормаларни қонунчиликда белгилаш, қолаверса, соҳадаги вазифалар изчиллигини таъминлаш мақсадида топографик харита ва планлар, уларнинг элементларини нашр этиш ва тарқатиш тартиблари қонун нормаларида акс эттирилишига оид зарурат мавжудлиги аниқланди.
Ахборот эшитувида Ўзбекистон Республикаси “Геодезия ва картография тўғрисида”ги қонуни ижроси юзасидан “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси раиси С.Арабовнинг маърузаси тингланди. Нотиқ ўз маърузасида Ўзбекистон Республикасида умумжаҳон геодезия тармоғига кириш имкониятини яратадиган, миллий манфаатлардан келиб чиқадиган янги давлат геодезик йўлдошли тармоғини яратиш борасида амалга оширилаётган ишларга алоҳида урғу берди.
— Мамлакатимиз ҳудудларининг мукаммал хариталари ва планларини график, рақамли, фотографик ва бошқа шаклларда яратиш, янгилаб туриш ва нашр қилиш ишлари мунтазам амалга оширилмоқда, — деди С.Арабов ўз нутқида. — Бу маҳсулотлардан иқтисодиёт тармоқларининг турли соҳалари талабларидан келиб чиқиб, ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва ердан фойдаланувчилар мониторингини олиб бориш, ҳудудларни харитага тушириш, шаҳарсозлик, мудофаа, геология конлари мониторингини амалга оширишда кенг фойдаланилмоқда. Бундан ташқари, умумий географик, сиёсий-маъмурий, илмий-ахборот берадиган ва бошқа тармоқлараро аҳамиятга молик тематик хариталар ва атласлар, ўқув картография қўлланмаларини тузиш ва нашр қилиш ишлари амалга оширилмоқда.
Таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимизда 400 га яқин геодезия ва картография фаолияти субъектлари мавжуд бўлиб, улардан 153 таси лицензия асосида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларидир. Шундан 109 таси хусусий мулкчиликка асосланган корхоналар ҳисобланиб, улар томонидан шаҳарсозлик, темир йўл ва автомобиль йўлларини, канал ва турли бошқа объектларни қуриш ишларидаги махсус аҳамиятга молик геодезия ва картография ишлари амалга ошириб келинмоқда. Соҳа мутахассислари қайд этишича, таълим муассасалари учун атласлар ва контур хариталар, Ўзбекистон Республикаси, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятларнинг умумий географик ва сиёсий-маъмурий хариталари яратилди, бундан ташқари, республикамизнинг диққатга сазовор жойлари, ёдгорликлар ва бошқа табиатнинг қизиқарли объектлари тасвирланган туристик карталар ўзбек, рус ва инглиз тилларида чоп этилиши йўлга қўйилди. Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги арафасида “Ўзбекистон Республикасининг географик атласи” давлат тилида янги таҳрирда нашрдан чиқарилди.
Эшитув якунлари бўйича қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Саодат ЖАББОРОВА,
«Adolat» мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мен қишлоқ фуқаролар йиғини раиси вазифасида ишлайман.
01 янв 1970
Ўзбекистон «Адолат» СДП Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишдаги устувор йўналишларини белгилаб олди...
01 янв 1970
Ҳаракатлар стратегияси бугунги кунга келиб қатор соҳаларда ўзининг ижобий натижаларини бераяпти....
01 янв 1970
Айтинг-чи, меҳнат дафтарчаси сотиб олиш учун қаерга мурожаат қилиш лозим?