Буюкликнинг тамал тоши

/
Мамлакатимиз кейинги 25 йил ичида ўзига хос иқтисодий тараққиёт, ижтимоий юксалиш, маънавий тамаддун йўлини босиб ўтди. Шу давр мобайнида юртимиз янги давлат сифатида шаклланди, дунё ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзосига айланди. Қишлоқ хўжалиги, саноат, маданият, спорт, табобат, илм-фан ва бошқа соҳалар юксак тараққий этди.
Шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфаси замонавий, миллий меъморчилик анъаналари асосида тубдан ўзгарди. Бунёдкорлик, янгидан яратиш ҳаётимиз аъмолига айланди. Эндиликда республикамиз хорижий мамлакатлар билан нафақат иқтисодий, ижтимоий, маданий ва бошқа соҳаларда дўстона ҳамкорликларни амалга оширмоқда, балки тараққий этган чет эл давлатларининг ўзлари мамлакатимиз билан бундай муносабатларни кучайтиришга интилмоқда. Республикамизда фаолият юритаётган юзлаб қўшма корхоналар, Навоий ва Жиззахдаги иқтисодий зоналар, замонавий Ўзбек тракти ҳисобланмиш автомобиль йўлини, янги темир йўлларни барпо этиш, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Андижон, Қашқадарё, Самарқанд, Хоразм ва бошқа вилоятлардаги йирик заводлар, корхоналарнинг ишга туширилиши ана шу ҳамкорликларнинг ижобий натижасидир. Амалга оширилган бундай улуғвор ишларни, яратувчиликларни кўриб қалбимиз қувончга тўлади, дилимизда фахр туйғуси уйғонади.
Ана шу ютуқлар баробарида яна бир соҳада эришилган муваффақиятлар борки, бу барча улуғвор ишларнинг асосига, тамал тошига айланди десак, хато бўлмайди. Бу чорак аср ичида халқимизнинг ўзлигини англаб етиши, миллий ғурурининг тикланиши, ҳаётга муносабатда янгича дунёқарашнинг шаклланишидир. Маълумки, истиқлолнинг илк йилларидан бошлаб халқимиз, мамлакатимиз тарихини ҳаққоний ёритиш, ўтмиш меросимизни асл ҳолида тиклашга алоҳида эътибор қаратилди. Олис ўтмиш излари тадқиқ этилди. Натижада Ватанимиз ҳудудларида истиқомат қилган инсонлар милоддан олдинги даврларда Хоразм, Сўғдиёна, Бақтрия каби ўлкаларда давлатчилик асосларини барпо этганликлари аниқланди. Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз, Термиз, Қарши, Хива сингари шаҳарларнинг 2500, 2700, 2750 йиллик тўйларининг халқаро миқёсда ўтказилиши мамлакатимизни дунёга инсоният учун бешик бўлган ва давлатчилик тарихини бошлаб берган ўлкалардан бири сифатида танитди. Бу олис ўтмишимизнинг улуғворлигини кўрсатди. Халқимизнинг азал-азалдан буюк, бунёдкор миллат эканлигини намоён этди. Буларнинг барчаси халқимизнинг ғурурини юксалтирди, ўзлигини янада чуқурроқ англаб етишига имкон яратди.
Айни пайтда, истиқлол йилларида буюк аждодларимиз бўлган кўплаб алломаларнинг ҳаётини тадқиқ этиш, ижодий-илмий меросини ўрганиш, хотирасини абадийлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Маълумки, собиқ шўролар даврида алломаларимиздан бир-иккитасининг номи тилга олинар, улар мероси ўша давр мафкураси асосида бирёқлама талқин қилинарди. Истилол йилларида эса ўнлаб алломалар, ижодкорлар, буюк шахслар номлари халқимиз учун янгидан кашф қилинди. Аҳмад ал-Фарғоний, Маҳмуд аз-Замахшарий, Нажмиддин Кубро, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Абу Лайс Самарқандий, Абу Мансур Мотурудий, Абдулҳолиқ ўиждувоний, Саййид Амир Кулол, Баҳовуддин Нақшбанд каби кўплаб буюк сиймолар мерослари тадқиқ этилиб, хотиралари улуғланди. Бу каби алломалар, улуғ шахслар халқимизнинг илм-фан, маданият, давлатни бошқариш ва бошқа соҳаларда етук бўлганлигини кўрсатди. Шарқда маълум ва машҳур ҳисобланган Бағдод Маъмун академияси ва Хоразм Маъмун академиясининг асосчилари ҳамда етакчилари Марказий осиёлик, хусусан, ўзбекистонлик алломалар, мутафаккирлар бўлганлигини, бу академиялар дунё илм-фани ва тараққиётида Уйғониш даврини бошлаб берганлигини жаҳон олимлари яхши биладилар, тан оладилар.
Яна бир жабҳага эътибор беринг, ўрта асрларда илм-фаннинг қайси соҳасига назар ташласангиз, у хоҳ астрономия, тиббиёт, математика дейсизми, хоҳ алгебра, ҳандаса, кимё, мусиқа, мантиқ, геология, минерология, табиатшунослик соҳасими, буюк кашфиётларнинг аксарияти аждодларимиз номи билан боғлиқлигини кўрасиз. Ёхуд “Авесто” каби дунё китобат санъатининг илк намуналаридан бири ҳам юртимизда яратилганлигини эсланг. Ёки ислом динининг илмий асослари, манбалари, қонун-қоидалари ўлкамиздан етишиб чиққан калом илми, мантиқ илми, фиқҳ илмининг улуғ алломалари, билимдонлари томонидан тадқиқ қилинганини бир тасаввур қилинг Бугунги кунда истиқлол туфайли ана шу тарихий илмий-маърифий ҳақиқатлар ҳаётда ўз амалий ифодасини топди. Буларнинг барчаси халқимиз қалбида фахр-ифтихор туйғусини уйғотди, ғурурни юксалтирди.
Биз бугун мустақиллик даврида босиб ўтган йўлимизга назар ташлаб “Ким эдигу ким бўлдик?” деган саволга ҳар биримиз ўзимизга хос жавоб топишга интилаяпмиз. Назаримда, биз истиқлол даврида кўп ишларни амалга ошириш билан бирга тарихимизни, қадриятларимизни, ўлмас меросимизни қайта тикладик. Юртимизнинг, миллатимизнинг буюклигидан фахрландик, ғурурландик. Халқимизнинг қадр-қимматини англаб етдик. Шунинг учун бу давр тарихга кўп улуғвор ишлар, бунёдкорликлар билан бирга миллатимизнинг ўз-ўзини англаб етиш, ғурурини тиклаш даври сифатида ҳам муҳрланажак! Булардан келиб чиқадиган хулоса битта: тарихда буюк ишларни амалга оширган халқнинг келажаги ҳам, албатта, буюк бўлади. Буюкликдан буюклик яралади.
Тоштемир ТУРДИЕВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
15 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди. Уни комиссия раиси М.Абдусаломов бошқарди....
01 янв 1970
Президентимизнинг “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” ма...
01 янв 1970
Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллик байрамига тўёна сифатида янграётган ҳар бир хушхабар, янгилик қалбларимизда ғурур ва ифтихор туйғуларини янада...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Норин туман кенгаши кейинги йилларда Наманган вилоят партия ташкилотининг илғор бўлинмаларидан бирига айланди....