Ғурур ва ифтихоримсан, Ватан

/
Ҳар бир халқнинг ҳаёт тарзини, қадриятларини, урф-одатларини, бахт-саодати, ғурур ва ифтихорини, нуфузини ўзида намоён қиладиган тантаналари, байрамлари бўлади. Халқимизнинг ана шундай байрамлари орасида энг улуғи, энг қадрлиси, энг азизи, шубҳасиз, мустақиллик байрами ҳисобланади.
Одатда, байрамлар арафасида кўнгилларимизда босиб ўтган йўлларимизга бир назар ташлаш фикри уйғонади. Нима ишлар қилинди, қандай ютуқларга эришилди, келгусида яна қандай ишларни амалга ошириш талаб этилади, сингари саволларга жавоб топишга ҳаракат қиламиз. Албатта, кўҳна тарих учун чорак асрлик муддат киприк қоққулик фурсат билан тенг. Аммо халқимиз юртимиз тимсолида ана шу қисқа фурсат ичида ҳам асрларга тенг улуғ ишларни амалга ошириш мумкин эканлигини намоён этди.
Мамлакатимизнинг халқаро миқёсда эришаётган муваффақиятлари асосида, табиийки, юртимизда амалга оширилаётган улуғвор ишлар ётади. Эътибор беринг, истиқлолнинг илк йилларидан бошлаб Ватанимизнинг ҳақиқий тарихини тиклаш борасида катта ишлар қилинди. Кўплаб шаҳарларимизнинг тарихий масканлари, ёдгорликлари асл ҳолида қайта тикланди. Ўнлаб шаҳарларимизнинг 2700, 2500 йиллик тўйлари дунё ҳамжамияти билан ҳамкорликда нишонланди. Исо ат-Термизий, Ҳаким ат-Термизий, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Мансур Мотуридий, Баҳовуддин Нақшбанд, Аҳмад ал-Фарғоний, Имом ал-Бухорий каби улуғ алломаларимизнинг юбилей тантаналари ўтказилди. Буларнинг бари эндиликда Президентимизнинг ўша пайтларда узоқни кўзлаб иш бошлаганлигини, яъни юртимизнинг тарихий қадриятларини тиклаш, улуғ аждодларимизни эъзозлаш, улар меросларидан бугунги авлодларни баҳраманд қилиш орқали халқимизнинг миллий ғурурини, ўзлигини англаш туйғуларини юксалтиришдан иборат аъмоллар эканлигини яққол намоён этди. Булар эса, ўз навбатида, юрт мустақиллигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Ёхуд кейинги йилларда ўнлаб шаҳарларимизнинг замонавий ва миллий шаҳарсозлик асосида қайта қурилаётгани, обод, гўзал мегополисларга айланаётгани, юзлаб қишлоқларимиз бунёдкорликлар туфайли янгидан чирой очиб, кўркам қиёфа касб этаётгани — ҳамма-ҳаммаси истиқлол берган имкониятлар натижасидир.
Илмий асарларда, халқаро анжуманлардаги маърузаларда “демократия”, “қонун устуворлиги”, “адолат” каби сўзлар, атамалар кўп тилга олинади. Бирор мамлакатнинг фаолиятига баҳо берилмоқчи бўлса, шу атамалар мезон қилиб кўрсатилади. Бунда маълум асос бор. Лекин яна бир ҳақиқат шундан иборатки, ушбу мезонлар бир мамлакатдан иккинчи мамлакатга “экспорт” қилинмайди. Яъни, бир мамлакатнинг демократия ва адолатпарварлик тамойиллари, қонунлар мажмуалари бошқа мамлакатлар учун асос бўлолмайди. Бу ўринда ҳар бир мамлакат ўз ҳаёт тарзи, миллий қадриятлари, урф-одатлари ва бошқа жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда демократик, адолатпарварлик тамойилларини ўрнатади, қонунлар ишлаб чиқаради. Мамлакатимизда ҳам истиқлол йилларида ана шундай асосда икки палатадан — Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатидан иборат давлат ҳокимияти органи ташкил этилди.
Қабул қилинган қонун ҳужжатларида мамлакатимизнинг бугунги ҳаёт йўли, тараққиёт аъмоллари, қадриятлари, халқимизнинг иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий, маънавий турмуш тарзи билан боғлиқ барча жабҳалар қамраб олинган. Бизнинг демократия йўлимиз, адолат, ҳақиқатни қарор топтириш мезонларимиз аждодларимиз томонидан яратиб берилган “Куч — адолатда” ғояси асосида амалга оширилмоқда. Бошқача айтганда, мамлакатимизда давлатчиликнинг, қонунчиликнинг, жамиятни бошқариш тизимининг, янгича ислоҳотларнинг, тараққиётнинг “ўзбек модели”га асос солинди. Бу ютуқлар ҳам, табиийки, истиқлол шарофати туфайли қўлга киритилди.
Мамлакатимизнинг 25 йиллик тараққиётида ҳар бир йил ўзига хос ўрин тутади. Негаки, шу йиллар давомида иқтисодиётнинг кимё, тўқимачилик, машинасозлик, автомобилсозлик саноатларини ривожлантиришга, озиқ-овқат, маиший хизмат, транспорт-коммуникация, кичик бизнес, тадбиркорлик, фермерлик соҳаларини юксалтиришга асосий масалалар сифатида эътибор берилди. Булардан ташқари, Президентимиз ташаббуси билан ҳар бир йилнинг “Кексаларни эъзозлаш йили”, “Аёллар йили”, “Соғлом авлод йили”, “Соғлом она ва бола йили” каби номлар билан аталиши, шу муносабат билан Давлат дастурлари ишлаб чиқилиб, бу ишларнинг амалга ошиши учун катта маблағлар ажратилиши ушбу йиллар салмоғини янада оширди. Истиқлол даври бунёдкорлигини, ислоҳотлар самарадорлигини юқори даражага кўтарди. Диққат қилинса, ана шу йилларда аёллар ҳаёти, оналар ва болалар саломатлиги, ёш авлод тарбияси, уларнинг жисмонан соғлом ва маънан етук инсонлар сифатида камол топишига алоҳида эътибор қаратилганлиги кўзга ташланади. Бугун мамлакатимиз оналар ва болалар саломатлигини сақлаш, ёш авлодга таълим-тарбия бериш, уларни етук инсонлар қилиб вояга етказишда дунёда олдинги ўринларда туради. Бу ҳам мустақилликнинг бизга берган имкониятлари натижасидир.
Албатта, мамлакатимизнинг чорак аср ичида эришган ютуқлари кўлами катта. Биргина мақолада уларнинг барчаси ҳақида батафсил тўхталиб ўтишнинг имконияти йўқ.
Мустақиллик, истиқлол байрами бу шунчаки кўнгилхушлик, сайр-томоша, ўйин-кулги анжумани эмас. У халқимизнинг озод, обод юртга, ҳур ўлкасига, ўз эрки, ҳақ-ҳуқуқлари қўлга киритилган кунга меҳр-муҳаббати, ғурур ва ифтихорига айланган Ватанга садоқати ифодасидир. Бундай улуғ байрамда Ватан шаъни улуғланади, миллат ғурури юксалади.
Фарҳод АБДУЛЛАЕВ,
халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотлар инсон манфаатларини таъминлаш, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини...
01 янв 1970
Асли Самарқанд вилоятининг Тайлоқ туманида туғилиб ўсганман. Тақдир тақозоси билан узоқ йиллар қўшни Тожикистон мамлакатида яшаб, меҳнат қилдим.&nb...
01 янв 1970
2017 йил — Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили
01 янв 1970
Шу кунларда жонажон Ватанимиз тарихида муҳим ижтимоий-сиёсий воқеликлар юз бермоқда....