Миллат келажагига дахлдор савол

/
Тарихнинг шундай давр ва лаҳзалари бўладики, вақт тушунчаси уларнинг маъно-моҳиятини тўла очиб беришга ожизлик қилади. Чунки, қатрада қуёш акс этганидек, бу лаҳзалар миллатнинг тақдирига, миллий ва маънавий тараққиётига бевосита дахлдор бўлиб, тарих саҳифаларига мустаҳкам нақшланиб қолади.
Йигирма бешинчи довон
Йигирманчи аср адоғида халқимиз оламшумул тарихий ғалабага эришди — истибдод занжирлари узилиб, мустақилликка эришдик, тақдиримизни ўз қўлимизга олдик, қизил салтанат исканжасидан, унинг ғайриинсоний мафкураси ва сохта қадриятларидан озод бўлдик. Ўта оғир ва мураккаб шароитда қўйган дастлабки қадамларимиз даврнинг қалтис синовларига тўғри келди, не бахтки, халқимизнинг буюк бардоши, сабр-қаноати боис, бу синовлардан зиён-заҳмат кўрмай, тинч-омон ўтиб олдик, янги жамият барпо этиш, янги баркамол авлодни вояга етказиш йўлидаги ҳаракатларимиз асло сусаймади.
Давлатимиз раҳбари бошчилигида ўзимизга хос ва мос йўл танлаб, мақсад-вазифамизни аниқлаб олганимиз, ўз кучимизга, ички имкониятларимизга таянганимиз, ташқаридан қарз олмаганимиз, узоқни ўйлаб иш тутганимиз айни муддао бўлди. Истиқлол шароитида кечган йигирма беш йиллик умримизнинг ҳар тонги бизни ҳам, мустақилликни ҳам улғайтирди, вояга етказди. Бу улуғ неъмат ҳар биримизнинг қалбимизга, онг-шууримизга шу қадар чуқур сингдики, эндиликда ҳеч ким ўзини ҳуррият туйғусидан айро ҳис эта олмайди. Мустақиллик ҳаётимиздаги энг улуғ ва энг азиз байрам, эришган оламшумул ютуқларимиз бизнинг, фарзандларимизнинг, келажак авлодларнинг фахр-ифтихори, ҳаётининг мазмуни бўлиб қолди. Бир сўз билан айтганда, йигирма бешинчи довонга ҳам зафарли одимлар билан етиб келдик!
Ана шундай фарахбахш лаҳзаларда дўппини бошдан олиб, ўтган умрни, ўзинг босиб ўтган йўлларни сарҳисоб қилгинг келади. Беихтиёр хаёлингга бугунги ҳаётимизнинг бош ғоясига айланиб улгурган “Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?”, деган савол келади ва унга жавоб излай бошлайсан. Бу жуда улуғ ва залвори беқиёс савол. Чунки у миллатнинг, халқнинг, эл-улуснинг ўтмиши, бугуни ва келажагига дахлдор.
Ҳақиқатга айланган афсона
Журналистика соҳасида фаолият юрита бошлаганимга ҳам ўттиз йилдан ошиб қолди. Ўтган йилларда қораланган ва турли газета-журналларда чоп этилган ёки чоп этилмай қолиб кетган мақолаларимнинг салмоғи ҳам шунга яраша. Баъзан уларни қайта мутолаа қилар эканман, сарғайган сатрлар ортида қолиб кетган кечаги кун кўз олдимда яққол намоён бўла бошлайди.
Наманганлик дўстим Тўрамирза Орипов шундай эслайди:
– Саксонинчи йиллар охирлари эди. Водийдан яқинларимнинг бири оғир хасталиги ҳақида хабар келди. Шошиб йўлга тушдим. У пайтлари машиналар фақат кундузлари юрарди. Аммо... ёмғир сабаб йўл бузилиб, дабдаласи чиқиб ётган экан. Суриштирсак, “Бугун тузатамиз... эртага...” дейишади. Бир ҳафта Қамчиқ довонида қолиб кетдим...
Ижодкор сифатида бир пайтлар наинки кўлик, ҳатто одам пиёда юрса ҳам ваҳима босадиган Қамчиқ довони ўрнида замонавий, теп-текис йўлни кўрганимда, иккита туннелдан ўтганимда лол қолганлигим чин. Буни қарангки, қисқа вақт орасида Ангрен — Поп йўналишида 124 километрлик электрлаштирилган темир йўл ишга тушди. Тан олайлик, бу воқеликни йигирма беш йил аввал ҳатто тасаввур этиш ҳам мушкул эди. Довон орқали темир йўл-а! Қаранг, шундоқ поездга ўтирамизу, Қамчиқ орқали ўтиб, водийда пайдо бўлиб қоламиз. Афсонанинг чинга айлангани эмасми бу...
Бу ўринда юртимизда рўй бераётган фавқулодда ўзгаришларнинг фақат биттасини тилга олдим, холос. Бежиз “Томчида қуёш акс этади”, дейишмайди. Зеро, бундай одамнинг ақлини шоширар даражадаги ўзгаришлар, шукрки, мамлакатимизда бисёр ва бисёр.
Вақт қанчалар шиддат билан олдинга интилмоқда. Тараққиёт эса тезликда ундан ҳам ўтиб кетгудай. Зеро, куни кеча афсона, чўпчак бўлиб туюлган тушунчалар қисқа фурсат ичида ҳақиқатга, воқеликка айланмоқда. Балки шу сабаблидир, баъзан ён-атрофни, ҳаётни кузата туриб ҳайратингни яширолмайсан. Энг муҳими эса, воқеликка мутаносиб равишда одамлар ўзгарди, онг-тафаккур ўзгарди. Демак, янги даврнинг янги одамлари, янги авлоди шаклланди.
Шубҳасиз, ҳар қандай катта ёхуд кичик муваффақиятга ўз-ўзидан, сеҳргар таёғининг бир ишораси билан эришиб қолинмайди. Юртимизда қўлга киритилган ҳар бир ютуқ, ижобий кўрсаткич, фахрланишимизга арзийдиган кўпдан-кўп натижалар, залворли рақамлар ортида ҳам фидокорона ва машаққатли меҳнат, доимий шижоат, изчил изланиш, энг асосийси, адолатли сиёсат турибди. Тараққиёт йўлида барқарор суръатлар билан қадам қўяётган, обод ва фаровон ҳаёт қурилаётган юртимизда рўй бераётган ўзгаришлар маҳобати ва аҳамияти эса йиллар ўтиши билан тобора каттароқ, тобора залворлироқ мазмун-моҳият касб этиб бораверади.
Айтинг-чи, Қамчиқ довонидан ошиб ўтишни ҳафталаб кутган кунларимизни унутиб бўладими? Яна айтинг-чи, водийга замонавий, юмшоққина ўриндиқли вагонларда қатнаётган юртдошларимизнинг тилларида шукрона бўлса, бу эзгу сабабнинг оқибати эмасми?!
Кимсиз ўзи, биродар?
Яқинда мақолаларимнинг бирида “Ахир биз шундай кунларни кўрдикки, эсласанг, номусдан қизариб кетасан киши, баъзан хаёлдан “Ростдан ҳам шундай бўлганди-я. Хўп ғалати замонлар бўлган экан-да”, деган юпатгувчи ўй ҳам ўтади”, деб ёзгандим. Даврада танишлардан бири илмоқли гап қилиб қолди:
— Шу, сиз журналистлар ҳам баъзан жуда ошириб юборасизлар-да. Нима, кечаги кунимиз шунчалик ёмонмиди...
Тўғриси, ўзини зиёли сановчи бу инсоннинг саволига жавоб бергим келмади. Чунки унинг ўзи ҳам, саволи ҳам жавобга арзимасди. Лекин уйга келгач кўнглимдаги гаплар қоғозга тўкилди.
Бугун қайси бир пучмоққа беркиниб олиб, пана-пастқамда биз қўлга киритаётган ютуқлар, мамлакатимиз забт этаётган улкан марралар, шоирона ташбеҳ билан айтганда, она Ўзбекистонимизнинг дунё ҳамжамияти кўз ўнгида муаззам ва муҳташам осмонўпар иморат каби қад ростлаб бораётганини кўролмаётганлар орасида ўзи туғилиб, вояга етган юрт тараққиётига тариқча ҳисса қўшмаган айрим миллатдошларимиз ҳам борлигига ачиниб кетасан.
“Исминг нима ўзи, сен кимсан, қайси тупроқда туғилиб, қай гўшада вояга етгансан? Нега ичинг бу қадар кир, нега бунчалик тубанлашиб кетгансан?” деб сўрагинг келади улардан.

Афсуски, бунинг иложи йўқ. Чунки улар соялар. Ҳа-ҳа, айнан соялар. Уларни бошқача атаб бўлмайди. Чунки фақат соягина бировларга эргашиб юради. Фақат соянинггина ўз йўли, ўз мақсад-муддаоси, ўз борар манзили йўқ!
Улар ўз туғилган тупроғи, сув ичган ариғи, таом еган дастурхонига тош отаётганидан уялмайди. Улар кимларнингдир ялоғини ялаб, итга ташланган суяк каби ерга отиб юборилган уч-тўрт чақасини териб олишдан ор қилмайди. Ўзларича “Биз демократмиз”, деб аюҳаннос солишдан чарчашмайди. “Ҳой, демократбой, сен кимсан ўзи? Бундай ранг-рўйингни кўрсат, исми-шарифингни айт?” деб сўрасангиз саволингиз сувга тушган тошдек ном-нишонсиз кетади. Яъни, жавобсиз қолади. Чунки улар ёлғон сотиб кун кўраётганликларини яхши билишади.
Соялар ёруғликда, нурда аниқроқ кўзга ташланади. Бу ҳақда ўйлаганда, тўқсонинчи йиллар бошида уруш гирдобига тортилган халқимизнинг юрагига олов солиб, бунёдкорликка, қуриш ва яратиш ишига сафарбар этган, ўзбек халқининг қадри баланд ва бағри бутун эканини дунёга кўз-кўз этиб келаётган Юртбошимиз сиймоси хаёлимда жонланади.
Улуғ шоирларимиздан бири шундай деган эди: “Биз ҳақиқатни айтишни маддоҳлик деб билмаслигимиз керак! Ота-онага иззат-ҳурмат кўрсатиш, она Ватанни севиб ардоқлаш, жондан азиз халқини, беқиёс аждодларини улуғлаб, мўътабар заминимизни обод этаётган Йўлбошчининг хизматини эътироф этиш асло хушомад эмас, балки дилдаги меҳр ва эҳтиромни изҳор этишдир!”
Йигирма беш йил...
Бу йилларнинг ҳар бири иқтисодий, маънавий юксалиш, ўзликни англаш, дунё кенгликларига чиқиш, жаҳон ҳамжамияти сафларида ўз ўрнимизни эгаллаш йўлида муҳим пиллапоя бўлди десак, муболаға бўлмайди. Бу йиллар, чиндан ҳам, ёш мустақил давлатимизни халқаро сиёсий, иқтисодий, маданий, илмий-техникавий ҳамкорлик майдонларига олиб чиқди, обрў-эътиборини мустаҳкамлади. Айни чоғда, дунёнинг талабчан нигоҳи кейинги чорак асрда Ўзбекистон деб аталмиш тинч ва осуда, бағрикенг, халқи меҳнаткаш, саховатли гўшага бурилди. Тарихан қисқа вақт ичида қўлга киритган ютуқларимиз, ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши ўн бир йилдан бери саккиз фоиздан кам бўлмаётгани, халқимизнинг харид қуввати ошаётгани, дунёнинг ривожланган мамлакатларини ларзага солган молиявий танглик пайтида ҳам иқтисодий ўсишда барқарор натижаларга эришиб келаётганимиз, аҳоли турли қатламлари мамлакатимизда кучли ижтимоий ҳимоя остида эканлиги, давлат ўтиш даврининг бош ислоҳотчиси сифатида ўз вазифасини тўла-тўкис бажариб келаётгани таниқли сиёсатдонлар, иқтисодчи мутахассисларни беэътибор қолдирмади. Яқинда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Тошкентдаги саммити муносабати билан мамлакатимизга ташриф буюрган давлат раҳбарлари, таниқли сиёсатдонлар Ўзбекистон танлаган йўлнинг нақадар ҳаётий ва халқчиллигини ўз кўзлари билан кўрдилар, аср қурилиши ҳисобланмиш Ангрен—Поп электрлаштирилган темир йўлининг очилишига гувоҳ бўлдилар.
Айтинг-чи, бу кунлар, бу ютуқлар билан фахрланмай бўладими?!
Озодликдан бошланган ободлик
Газета тахламларини варақлайман. Бундан ўн йил аввал “Халқ сўзи” газетасида Ўзбекистон Қаҳрамони, машҳур халқ устаси Абдуғани Абдуллаев билан “Юрт ободлиги, кўнгил ободлиги” сарлавҳали суҳбатимиз чоп этилган эди. Шу ўринда ана шу суҳбатдан бир иқтибос келтирсак.
“...1989 йилнинг 25 июни. Қўқони латифда ўқ овозлари саросима қўзғаб, одамлар жунбушга келган ва денгиздек тошаётган ўша кезларда янги сайланган Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов нотинч шаҳримизга, беҳаловат ҳаётимизга кириб борган. Хўрланган ва ҳақоратланган, ҳаётдан тўйиб кетган одамлар билан юрагини очиб гаплашган.
Ўшанда Ислом Абдуғаниевич ҳамманинг дардини бирма-бир эшитиб шундай деган эди: “Барака топгурлар, бир ҳақиқатни қулоғимизга қўрғошиндай қуйиб олишимиз керак, тинчлигимизни, хавфсизлигимизни, оиламизни, фарзандларимизнинг келажагини ўзимиз ҳимоялашимиз зарур, ўз кучимизга ишониб ва таяниб иш кўришимиз даркор.
Шу мақсад йўлида мен доимо сизлар билан биргаман, чунки бу қонли воқеалар нима эканини яхши биламан! Ҳаётимиздаги қийинчиликларни биров келиб, ҳал қилиб бермайди. Буни ўзимиз биргаликда бартараф этамиз. Сизлардан, айниқса, ҳаётнинг паст-баландини кўрган ёши улуғ кишилардан илтимосим шуки, ҳамма жойда тинчлик бўлсин, вазминлик билан тартиб ўрнатиб, кучимизни, ақл-идрокимизни яхши ишларга сафарбар этайлик. Келажак тақдиримизни ўз қўлимиз билан яратайлик!”
Мана шу ёлқинли даъват ҳамон қулоқларим остида акс-садо бериб турибди.
... — Мен ҳикоямни бежиз ўша қонли ва саросимали кунлардан бошлаганим йўқ, — дейди эл-юрт ҳурматига сазовор уста Абдуғани Абдуллаев. – Биз ўша долғали замонда бир жасур инсон ҳиммати билан муқаррар ҳалокат гирдобидан чиқиб олдик, кейин тақдиримизни ўз қўлимиз билан яратмоққа киришдик. Ўтган вақт мобайнида юрт ободлиги, кўнгил ободлиги йўлида мисли кўрилмаган эзгу ишлар қилиндики, буни бугун бутун дунё кўриб, тан олиб турибди!..”
Айтинг-чи, у кунларни унутиб, хотирдан ўчириб бўладими?!

Сўнгсўз ўрнида
Йигирма беш йил...
Шу ўтган йиллар ичида мамлакатимизда янгича дунёқарашга эга, мустақил фикрлашга қодир навқирон авлод камол топди. Бу авлод миллатнинг эртаси, келажаги, мамлакатимизнинг истиқболи ўзларига бевосита боғлиқ эканини яхши тушунади ва бу масъулиятни қалбан ҳис этади. У ёки бу мамлакатнинг ноёб бойликлари, хазинаси ҳақида фикр юритиладиган бўлса, ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, бугунги ёш авлод халқимизнинг ҳеч нарсага қиёслаб бўлмайдиган бебаҳо маънавий хазинаси, муқаддас бойлиги ҳисобланади, деб бемалол айта оламиз ва бу бойлик билан ҳақли равишда фахрланамиз. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, биздан кўра кучли, билимли, доно ва, албатта, бахтли бу авлод ўз ота-боболари орзу қилган буюк чўққиларни забт этишлари, озод ва обод Ватанда тинч-тотув умргузаронлик қилишларига шубҳа йўқ. Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказиладиган ХХХI ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этиш учун йўл олган Ўзбекистон спорт делегацияси сафларига кўз ташлаган киши бунга қатъий ишонч ҳосил қилади. Мамлакатимиз ёшлари орасида ўтказилаётган “Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик? Эртага қандай юксак марраларни эгаллашимиз керак?”, “Биз — келажаги буюк юрт фарзандларимиз”, “Инновацион ғоялар”, “Ёшлик баҳори”, “Ўзбекистон — Ватаним менинг“, “Юрт келажаги” кўрик-танловлари, фестиваллар мамлакатимизнинг минглаб шижоатли, фидойи ёшларини ягона мақсад йўлида бирлаштиргани, улар қалбида ватанпарварлик туйғуларини янада жўш урдиргани ғоят муҳимдир. Бир сўз билан айтганда, истиқлол йилларида ёшларга кўрсатилаётган беқиёс эътибор ўзининг ижобий самараларини бермоқда.
Айтиш керакки, истеъдодлар миллатнинг ноёб мулки ҳисобланади. Қаердаки, уларга имкон берилса, меҳнат ва изланишлари ўз вақтида рағбатлантирилса, шу ерда ҳаёт янада фаровон бўлади, турмуш гўзаллашади. Шўролар замонида бунинг тамомила акси бўлди. Бугун мамлакатимиз пойтахтида, вилоятларда, шаҳар ва туманларда ҳунармандлар, ишбилармонлар, тадбиркору ихтирочи ватандошларимизнинг ижод намуналари намойиш этилаётган кўргазмалар билан танишар эканмиз, бу фикрнинг нечоғли тўғрилигига ишонч ҳосил қиламиз.
Йигирма беш йил — тарих учун кўп муддат эмас. Аммо бизнинг энг катта ютуғимиз шундаки, бу йилларнинг ҳар дақиқаси бунёдкорлик, янгиланиш, дунёга чиқиш мақсади билан чуқур мазмун ва моҳият касб этди. Ҳаёт, тараққиёт асло тўхтаб қолмайди. Шундай экан, бугунимиз қатори эртанги кунимиз ҳам, келажагимиз ҳам янада сермазмун, янада улкан ютуқларга, муваффақиятларга бой бўлиши шубҳасиз.
Энди яна бир марта дўппини бошдан олиб ўйлаб кўрайлик: Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик? Эртага қандай юксак марраларни эгаллашимиз керак?!.

Ислом ҲАМРОЕВ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
15 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди. Уни комиссия раиси М.Абдусаломов бошқарди....
01 янв 1970
“Кат” маҳалласи аҳли билан бўлиб ўтган учрашув иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди....
01 янв 1970
Жаноби Олийлари, Сизга бўлган юксак ҳурматимни қабул қилгайсиз.
01 янв 1970
— Судланганлиги олиб ташланган шахс ички ишлар идораларига ишга кириши мумкинми?...