ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ИСЛОМ КАРИМОВНИНГ ШАНХАЙ ҲАМКОРЛИК ТАШКИЛОТИ ДАВЛАТ РАҲБАРЛАРИ КЕНГАШИ МАЖЛИСИ ЯКУНЛАРИ БЎЙИЧА БРИФИНГДА СЎЗЛАГАН НУТҚИ

/
Аввал хабар қилинганидек, шу йилнинг 24 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши мажлиси якунлари бўйича оммавий ахборот воситалари учун уюштирилган брифингда нутқ сўзлади. Қуйида ана шу нутқ матни чоп этилмоқда.
Ҳурматли оммавий ахборот воситалари вакиллари, хонимлар ва жаноблар, сизларни самимий қутлаш ва Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Тошкент саммитига катта қизиқиш билдирганингиз учун яна бир бор миннатдорлик билдиришга ижозат бергайсиз.
ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг ташкилот ташкил топганининг 15 йиллигига бағишланган юбилей мажлиси очиқ ва амалий руҳда ўтганини мамнуният билан таъкидламоқчиман. Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар, шунингдек, Афғонистон, Беларусь, Ҳиндистон, Эрон, Мўғулистон, Покистон, Туркманистон каби мамлакатлар раҳбарлари, БМТ ва етакчи минтақавий ташкилотлар вакиллари томонидан мажлис кун тартибидаги масалалар атрофлича кўриб чиқилди.
Шуни катта мамнуният билан айтишим керакки, кун тартибидаги барча масалалар муҳокама этилиб, улар юзасидан мажлис иштирокчиларининг фикри эшитилди. Одатдагидек кун тартибига киритилган бу масалалар дастлаб ШҲТга аъзо олтита давлат раҳбарлари иштирокида кўриб чиқилгани сизларга яхши маълум. Бундан ташқари, айрим қўшимча масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Биз регламент ва дастурда белгиланган муддатда барча масалаларни кўриб чиқдик, бирон-бир эътироз, таклиф ёки қўшимчалар бўлмади.
Бу нимадан далолат беради? Ўттиздан ортиқ давлат, шунингдек, халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакиллари, кўплаб журналистлар иштирок этган бундай катта саммитни ташкил этиш осон эмас. Чунки бу тадбирда ШҲТга аъзо ва кузатувчи, шунингдек, таклиф этилган давлатлардан ташқари, ҳамкорликнинг учинчи йўналиши – мулоқот бўйича шерик мамлакатлар вакиллари ҳам иштирок этди. Ҳар бир категорияга мансуб давлатнинг ўз мажбурияти, ваколати ва имкониятлари бор. Шу нуқтаи назардан қараганда, саммит ишидан ҳамма қаноатландими, деган саволга тўла ижобий жавоб бериш мумкин. Барча тайёргарлик ишлари ўз вақтида, сифатли ташкил этилгани натижасида саммит юксак савияда ўтди. Бу борада, аввало, ШҲТ Котибиятининг ҳиссаси катта бўлди.
Биз ушбу саммитни кузда ўтказишни режалаштирган эдик. Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 2015 йил июль ойида Уфа шаҳрида бўлиб ўтган мажлисида бизга, яъни раислик қилувчи мамлакат олдига навбатдаги саммитни 2016 йилнинг июнь ойида ташкил этиш вазифаси қўйилди.
Яна бир қийин жиҳати – бу кун тартибига киритилган масалалар билан боғлиқ эди. Ташкилот таркибини кенгайтириш тўғрисидаги масала ШҲТ доирасида илк бор муҳокама этилган мутлақо принципиал масалалардан бири бўлди.
Шуни такрор айтмоқчиманки, бугунги мажлисда эртага дунёнинг барча оммавий ахборот воситалари диққат марказида бўладиган масалалар муҳокама этилиб, тегишли ҳужжатлар қабул қилинди. Аъзо давлатлар билан ҳамкорликда амалга оширилган изчил ишлар туфайли бу ҳужжатларни ўз вақтида тайёрлашга муваффақ бўлдик.
Кеча барча меҳмонларни Тошкентда кутиб олдик ва уларнинг аксарияти пойтахтимиз марказидаги Амир Темур хиёбони ёнидаги “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида бўлиб ўтган концертда иштирок этди. Бу концерт саммит иштирокчиларига кўтаринки кайфият бағишлади. Санъаткорларимиз бунинг учун астойдил ҳаракат қилди.
Ўзбекистонда кейинги йилларда кўплаб истеъдод соҳиблари етишиб чиқмоқда. Хушовоз ва маҳоратли артистларимизнинг чиқишлари нафақат мамлакатимиз аҳолиси, балки дунё санъат ихлосмандларига ҳам манзур бўлмоқда. Концертда ижро этилган миллий ва мумтоз қўшиқлар, бетакрор рақслар, опера намуналари ШҲТ мажлиси қатнашчилари ва меҳмонларига аъло кайфият бағишлади, десам, адашмайман. Биздан сўнг, яъни 2016-2017 йилларда ШҲТга раислик қиладиган Қозоғистон ҳам шундай концерт ташкил этади, деб ишонаман.
Албатта, сизларни бугунги мажлисда қандай ҳужжатлар имзолангани кўпроқ қизиқтириши табиий. Ушбу ҳужжатларнинг ҳаммаси билан эртага матбуот нашрлари орқали танишишингиз мумкин.
Энг муҳим ҳужжат – бу ШҲТнинг Тошкент декларациясидир. Бу ҳужжатда ташкилотнинг шу пайтгача бўлган фаолияти якунлари сарҳисоб қилинган ва истиқболдаги устувор йўналишлари белгиланган. Муҳим масалалардан яна бири – бу Ҳиндистон ва Покистоннинг ташкилотга тенг ҳуқуқли аъзо бўлиб қўшилиши тўғрисидаги масаладир. Шуни айтиш жоизки, Ҳиндистон ва Покистон ШҲТда қабул қилинган барча асосий ҳужжатларга риоя этиш бўйича мажбуриятларни ўз зиммасига олгани ҳақидаги ҳужжат имзоланди. Хўш, бу қандай ҳужжатлар?
Аввало, бу 15 йил олдин имзоланган Хартия, бошқача айтганда, ШҲТ Низомидир. Шуни катта мамнуният билан айтишим керакки, ўтган йиллар давомида ШҲТ Низомига бирор марта ҳам ўзгартиш киритилмади. Бу бизнинг, ташкилотга аъзо давлатларнинг Хартияда мустаҳкамланган принцип ва қоидалардан ҳеч қачон оғишмаганимиздан далолат беради. Тўғри, ташкилот такомиллашмоқда, Котибият масъуллари ўзгармоқда. Аммо Хартия ва унда баён қилинган принциплар ўзгаргани йўқ ва бу жуда муҳимдир.
ШҲТга янги аъзоларни қабул қилиш тўғрисидаги масалани муҳокама этишда қизғин баҳс-мунозаралар бўлди. Бугун ШҲТ таркибида олтита аъзо ва олтита кузатувчи бор. Иккита янги аъзони қабул қилиш катта аҳамиятга эга. Эътибор беринг, Ҳиндистонда 1 миллиарддан зиёд, Покистонда эса қарийб 200 миллион аҳоли яшайди. Ҳар икки мамлакат ҳам катта салоҳият ва имкониятга эга. Айниқса, Ҳиндистон бугун жадал ривожланиб, тобора қудратли давлатга айланиб бормоқда.
Агар сизларнинг орангизда Ҳиндистон оммавий ахборот воситалари вакиллари бўлса, уларни бугун ушбу мамлакат эришаётган бундай ютуқлар билан табрикламоқчиман. Покистонликларни ҳам шундай ютуқлар билан табриклайман.
Сизларга шуни яна бир бор эслатмоқчиманки, Ҳиндистон ва Покистон ядровий давлатлардир. Бу нимадан далолат беради? Ядровий давлатлар ҳисобланган Хитой ва Россия қаторига яна иккита ядровий мамлакат ШҲТнинг аъзоси бўлиб қўшилади. Тасаввур қилинг: бугун ШҲТга дахлдор мамлакатларда дунёнинг қирқ саккиз фоиз аҳолиси истиқомат қилади. Тўртта ядровий давлат. Уларнинг иккитаси БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзосидир. Яъни, гап бугунги кунда ШҲТ эга бўлаётган юксак салоҳият ва обрў-эътибор ҳақида бормоқда.
Барчангиз яхши биласиз, ҳозирги вақтда кўпчилик БМТни сусткашликда, кўплаб масалалар унинг эътиборидан четда қолаётганида айбламоқда. Шунга қарамасдан, БМТ универсал ташкилот ҳисобланади ва ундан бошқа дунё миқёсидаги барча энг муҳим масалаларни ҳал этадиган тузилма йўқ.
Бугунги кунда дунёда вазият шиддат билан ўзгариб, ҳар қадамда зиддият ва қарама-қаршиликлар кўзга ташланмоқда, бундай можаролар камайиш ўрнига, афсуски, кучайиб бормоқда. Журналистларнинг шунга эътибор беришларини сўрардим, бугун жаҳонда қандай тенденциялар пайдо бўлмоқда? Катта давлатларнинг дунёда рўй бераётган ғоят муҳим масалаларга доир фикрлари аксарият ҳолларда бир-бирига мос келмайди. Баъзилар ядровий тўқнашувлар ҳақида хотиржамлик билан гапирмоқда. Сиз, ҳурматли журналистлар бундай масъулиятсиз ёндашувлар қандай ачинарли оқибатларга олиб келишини яхши тушунасиз, деб ўйлайман.
Иккинчи жаҳон урушидан сўнг инсоният тарихида яна шундай урушга йўл қўйиш мумкинлиги ҳақида одамлар ҳатто ўйлашга ҳам қўрқар эди. Бу даҳшатли урушда ҳаммаси бўлиб 50 миллион, собиқ Иттифоқ ҳудудидан 27 миллион киши қурбон бўлди. Тасаввур қиляпсизми, 50 миллион киши! Такрор айтаман, илгари бундай урушнинг қайтарилиши ҳақида ҳеч ким ўйламас, гапирмас эди. Бугун эса кўпгина сиёсатчилар, юқори лавозимда ўтирган раҳбарлар ва журналистлар ядровий уруш бўлиши ёки бўлмаслиги ҳақида бемалол гапирмоқда. Учинчи жаҳон уруши бўладими, деган саволни бамайлихотир муҳокама қилмоқда.
Менинг фикримча, бутун дунё, инсоният тақдири учун масъулиятни ҳис этмасдан айтилган бундай гапларнинг ўзи учун ҳам қандайдир жазо чораларини қўллаш ортиқча бўлмас эди. Мен илгари, агар яна уруш бўладиган бўлса, бу жаҳон уруши ва албатта ядровий уруш бўлади, деб айтган эдим. Бир фараз қилинг, бундай урушдан сўнг Ер юзида нима қолади? Нима учун бу аччиқ ҳақиқатни унутиб қўймоқдамиз ва уруш ҳақида хотиржам гапирмоқдамиз? Нима учун уруш бошланиши керак, қандай кучлар уни қўзғамоқда? Наҳотки инсоният хотираси шу қадар заифлашиб, тарих сабоқларини унутиб қўйган бўлса?
Бу фикрни айтишдан мақсад шуки, ШҲТнинг асосий вазифаси – тинчлик ва хавфсизликни таъминлашдан иборат. Бизнинг вазифамиз битта – рўй бераётган қарама-қаршиликлар янги урушга айланиб кетишининг олдини олиш, тинчлик ва барқарорликни сақлашдир. Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, кўпчилик бемалол айтаётган уруш Ер юзидаги охирги уруш бўлади. Бунга йўл қўйишга мутлақо ҳаққимиз йўқ. Бу – Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг шиоридир.
ШҲТнинг салоҳияти юксалиб боргани сайин бундай қарама-қаршиликларнинг олдини олиш учун имкониятларимиз кенгайиб боради. Мана, биз ўз олдимизга қандай вазифа ва мақсадларни қўймоқдамиз.
Ҳиндистон ва Покистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига қўшилиши ҳақида гап борганда, хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, саммитга бир ой вақт қолганида ҳам бу масалага оид асосий ҳужжат бўйича келиша олмаган эдик. Бошқача айтганда, бу жараён осон кечгани йўқ. Барча ҳужжатларнинг ўз вақтида тайёр бўлишига масъул киши сифатида шуни очиқ айтишим керакки, агар бу ҳужжатлар тайёр бўлмаганида ушбу масала кун тартибидан тушириб қолдирилган, саммит бугунгидек юксак аҳамият касб этмаган бўлар эди.
Ҳиндистон Республикаси ва Покистон Ислом Республикасининг ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш йўлидаги мажбуриятлари тўғрисидаги меморандумлар кеча координаторлар даражасида келишилаётганида ҳам улар маъқулланиши ва бугун имзоланишига тўла ишонмаган эдик. Ҳиндистон раҳбари жаноб Нарендра Моди ва Покистон Президенти жаноб Мамнун Ҳусайн бир-бирига қўл берганини кўриб, мени ички бир қониқиш туйғуси қамраб олди. Покистон ва Ҳиндистон ўртасида қандай муносабатлар борлигини сиз, журналистларга айтиб ўтиришнинг ҳожати йўқ, деб ўйлайман. Бу икки давлат ташкилотга бир пайтнинг ўзида қўшилаётганида чуқур маъно бор. Агар уларнинг биттаси учун қабул жараёнини бошлаб, иккинчисини кейинга қолдирадиган бўлсак, бугунгидек самара бўлмасди. Чунки бу Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги ихтилофни янада кескинлаштириб юбориши мумкин эди. Бундай вазиятдан моҳирлик билан фойдаланиб қоладиган кучлар борлигини ҳам унутмаслигимиз керак. Хуллас, кеча кечқурун ҳужжатлар юзасидан келишувга эришиб, бугун имзоладик. Бу жуда катта, тарихий аҳамиятга эга воқеадир.
ШҲТга аъзо, кузатувчи сифатида қўшилиш истагини билдираётган мамлакатлар кўпчиликни ташкил этади. Сизларга маълумки, Эрондан, Афғонистондан ва бошқа кўплаб давлатлардан шундай мурожаатлар тушмоқда.
Буларнинг барчаси, такрор айтишга тўғри келади, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг салоҳияти ва халқаро миқёсдаги нуфузи тобора ортиб бораётганидан далолат беради.
Эътиборингиз учун ташаккур. 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимиз Президенти томонидан жорий йилнинг 7 март куни имзоланган “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”ги қон...
01 янв 1970
Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатини самарали амалга оширишнинг энг муҳим шартларидан бири бу...
01 янв 1970
Йўл-йўлакай дўконга бирров кирдингиз. Пулингиз камроқ, лекин рўзғорга қуруқ чой керак. ...
01 янв 1970
2017 йил — Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили