Қонунлар ва уларни ҳаётга жорий этиш механизмларини такомиллаштириш — давр талаби

/
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонунга тегишли ўзгартиш киритиш, яъни Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасига норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эълон қилинишининг расмий манбаси сифатида мақом берилиши юзасидан тайёрланган қонун лойиҳаси фракциялараро мунозараларга сабаб бўлмоқда.
Хусусан, “Демократик кучлар блоки” аъзоси саналган “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзолари ўз нашрларида чоп этилган мақолада ушбу қонун лойиҳаси таҳририга нисбатан ўз танқидий муносабатларини билдиришган («Миллий тикланиш» газетасининг 15 июнь сони).
Парламентда қизғин мунозараларга сабаб бўлаётган ушбу қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзолари иштирокида қонунчилик ташаббуси асосида ишлаб чиқилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (интернетдаги манзили www.lex.uz)да мавжуд норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар матнидан фойдаланувчиларнинг, шу жумладан, ижрочилар ва аҳолининг тезкор ҳамда сифатли фойдаланишини таъминлашга қаратилган.
ЎзМТДП фракцияси аъзолари қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни “Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси”га киритилишида хато юзага келиши эҳтимоли мавжудлигини эътиборга олган ҳолда “Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси”да ҳужжатлар матнлари босма нашрларда чоп этилгандан сўнг эълон қилиниши лозим, деб ҳисоблашмоқда. Шу билан бирга, ЎзМТДП фракцияси аъзолари таклиф этилаётган қонуннинг кучга кириш муддати 12 ой этиб белгиланганига эътироз билдириб, ушбу муддатни 6 ойга қисқартиришни таклиф этмоқда.
Албатта, ЎзМТДП фракцияси мамлакатимизда замонавий ахборот технологияларининг кенг жорий этилиши соҳасидаги ислоҳотлар жадал ривожланаётган даврда қонун ҳужжатларининг босма нашрлари устуворлигини илгари суриб, унинг электрон расмий манбаси ишончлилигини шубҳа остига олишлари қизиқарли ҳолат.
Авваламбор, мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб ҳозирги кунга қадар замонавий ахборот технологияларини жамиятимиз ҳаётига татбиқ этиш бўйича бир қатор ўта муҳим бўлган Ўзбекистон Республикасининг 14 та қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг 45 тага яқин қарорлари ҳамда 1000 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари ишлаб чиқилган ва бу ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Хусусан, сўнгги йилларда “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”, “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги ва янги таҳрирдаги “Электрон тижорат тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди ҳамда яна бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Бу, энг аввало, аҳолига қулайлик яратиш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кенг турдаги интерактив давлат хизматлари кўрсатиш орқали иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланишини таъминлаш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, қонунларнинг амалиётда ижро этилиши механизмларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Ушбу қонунлар асосида бугунги кунда тадбиркорлик субъектларининг деярли 100 фоизи солиқ ва статистика ҳисоботлари топширишни, божхона декларацияларини расмийлаштиришни эски усулдаги қоғоз тўлдириш йўли билан эмас, балки бевосита электрон шаклда амалга оширишмоқда. 2015 йилда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатилаётган хизматлар сони 60 тага кўпайиб, уларнинг умумий сони 280 тага яқинлашди. Жорий йилнинг ўтган даврида давлат бошқаруви ва маҳаллий ҳокимият органлари томонидан 600 мингдан зиёд мурожаат электрон шаклда қабул қилинган. Бу эса, ўз навбатида, ортиқча расмиятчиликларнинг ва қоғозбозликларнинг олдини олиш, бир неча юз тонналаб қоғознинг тежалиши баробарида, энг муҳими, аҳолига тезкор, сифатли ва қулай хизмат кўрсатишга имкон яратмоқда.
Ана шундай шароитда рақобатдош фракция аъзоларининг қонун ҳужжатлари босма нашрларининг устуворлиги таъминланиши ҳамда ундан сўнг ҳужжатнинг электрон расмий манбада нашр этилиши мумкинлиги тўғрисидаги таклифи ислоҳотларимиз ортга қайтмаслиги билан боғлиқ тамойилимизга бироз тўғри келмайди, назаримизда.
Ваҳоланки, қонун ҳужжатлари эълон қилинадиган босма нашрларнинг адади чекланган, қолаверса, улар бир бора нашр этилади. Керакли нашрни қидириб топиш ва ундан фойдаланиш балки давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари учун қийинчилик туғдирмас, лекин ушбу нашрлар республикамизнинг барча ҳудудларини бирдек қамраб олмаслиги, ҳар бир фуқаронинг қўлига етиб бормаслиги кундек равшан.
Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси билан илгари сурилаётган ғоя кеча ёки бугун юзага келиб қолгани йўқ. Халқаро тажрибани ўрганиш шуни кўрсатадики, дунёнинг ривожланган деярли барча давлатларида, хусусан, АҚШ, Германия, Франция, Буюк Британия, Италия, Жанубий Корея, Финляндияда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қоғоз ва электрон кўринишда расман эълон қилиш бир хил юридик кучга эга ҳисобланади. Бельгия, Дания, Австрия, Нидерландия, Испания, Португалияда эса расмий эълон қилинишнинг ягона манбаси ҳужжатнинг электрон шаклидир.
Биз ҳам дунёнинг илғор, ривожланган давлатлари қаторидан ўрин эгаллашни мақсад қилган эканмиз, ушбу тажрибани қонунчилигимизга татбиқ этиш вақти аллақачон келган, деб ўйлаймиз. Қолаверса, биз ҳам юқорида қайд этиб ўтилган қонунларимизни амалиётга жорий қилиш билан ҳозирда айни шу босқичга етиб келганмиз.
Шу билан бирга, норматив-ҳуқуқий ҳужжат расмий босма нашрларда эълон қилинганда ҳам унинг матнида айрим ҳолларда хатоликлар учраб туради. Бу табиий жараён бўлиб, хато юзасидан ушбу расмий нашрнинг кейинги сонларида тузатишлар берилади. Албатта, Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида бериладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжат матнида хатолик юзага келадиган бўлса, унга тегишли равишда тузатиш киритилади ҳамда бу ҳақда маълумот келтирилади. ЎзМТДП фракцияси томонидан назарда тутилган фойдаланувчи кейинги тузатиш ҳақидаги билмаслиги ҳолати расмий босма нашрда ҳам кузатилиши мумкин. Тарафлар судда Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида жойлаштирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар электрон версияларининг тузатилишини юқоридаги маълумотни ишлатиб исботлаши мумкин.
ЎзМТДП фракцияси аъзолари таклиф этилаётган қонуннинг кучга кириш муддати 12 ой этиб белгиланганига эътироз билдириб, ушбу муддатни 6 ой этиб белгилашни таклиф қилишмоқда. Бу билан фракция аъзолари ўзлари томонидан билдирилаётган ҳужжатнинг электрон базага киритишда хато юзага келиши эҳтимоли ҳамда ушбу жараёнда инсон омили мавжудлиги билан боғлиқ шубҳаларига қарши чиқишмоқда. Яъни, ушбу жараёнда шошма-шошарликка йўл қўйиб бўлмайди. Бизнингча, 12 ойлик муддат мақбул саналади.
Ушбу муддат ичида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни LeхUzда расмий эълон қилишнинг тегишли техник талаблари ишлаб чиқилиши ва шу асосда LeхUzнинг дастурий таъминоти модернизация қилиниши, ахборот хавфсизлиги талаблари қайта кўриб чиқилиши ҳамда унинг янада кучайтирилиши, LeхUzнинг техник таъминоти яхшиланиши (маънан ва жисмонан эскирган технологияларнинг янгиланиши), LeхUz серверининг захира нусхасини яратиш, зарур лицензияланган дастурий воситалари билан таъминланиши лозим.
Шу билан бирга, Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида жамланган 40 мингга яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ишончлилигини таъминлаш учун уларни қайтадан тўлиқ инвентаризациядан ўтказиш ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этиш лозим бўлади.
Умуман, ўтган давр мобайнида қонун ижодкорлиги жараёни кенгайиб, мураккаблашиб, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг асосланганига ва сифатига нисбатан талаблар сезиларли даражада ошгани бу соҳада қонунийликни таъминлашнинг янги ва янада самарали механизмларини яратишни, қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қонунларга, социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар эҳтиёжларига мос бўлишини тақозо этмоқда.
Тўлқин АБДУСАТТАРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси ўринбосари,
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мен Фарғона вилояти, Олтиариқ тумани, “Қизилпета” МФЙ Гулистон кўчасидаги 56-уйда яшайман. ...
01 янв 1970
Айниқса, сиёсий партиялар фаолияти ҳақида билдирилган танқидий фикрлар биз учун қанчалик аччиқ бўлмасин, барчаси ҳақиқат эканлигини англаб турибмиз...
01 янв 1970
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида партиянинг вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари ташкилотчилигида мазкур лойиҳа доирасида 76 марта тарғибот тадбирл...
01 янв 1970
Жамоатчилик назоратини амалга оширишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва роли беқиёс. ...