Интерактив хизматлар фуқароларнинг вақти ва маблағини тежайди

/
Маълумотларга қараганда, дунёда ҳар йили 500 000 000 тонна қоғоз ишлаб чиқарилади. Бизга яхши маълумки, қоғознинг 93 фоизи дарахтдан олинади. Бу эса йилига ўртача 6 миллиард туп дарахтнинг йўқ қилинишини англатади. Қоғоз саноатида фойдаланиладиган яна бир муҳим восита сув бўлиб, бир дона A4 қоғоз тайёрлаш учун 10 литр сув керак бўлар экан. Бир килограмм қоғоз олишга эса 324 литр сув ишлатилади. Бир тонна қоғознинг тежалиши 3 тонна нефть, 26 тонна сувнинг тежалиши ҳамда 17 туп дарахтнинг асраб қолинишини англатар экан.
Қоғоз ихтиро қилингандан буён, инсоният ўз фикр-мулоҳазасини, ижод намунаси, илмий-амалий ютуқлари ёки камчиликларини, қўйингки, жамики содир бўлаётган тарихий воқеликлар ҳақидаги маълумотлар, таассуротларини ушбу воситага битишга одатланган. Замоннинг шиддат билан ривожланиши туфайли қоғоз ёрдамида давлат ташкилотининг фуқаролар билан ёки аксинча, аҳолининг ташкилот ва идоралар билан ўзаро муносабат ўрнатиши енгиллашди. Айни пайтда жаҳон миқёсида меъёридан ортиқча сарфланаётган қоғозни тежаш, табиатни асраш масаласи, шунингдек, фуқароларнинг турли хил бюрократик тўсиқларга учраши долзарблигича қолмоқда.
Жорий йилнинг 10 июнидан бошлаб кучга кирувчи “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги қонуннинг бош мақсади ҳам, мухтасар айтганда, аҳоли ва давлат ўртасидаги ёки идоралараро муносабатни тартибга солишда ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, қоғозбозликнинг олдини олиш, йўл ва почта харажатларини қисқартириш, фуқаро ёки ташкилотдаги масъул шахснинг вақтини тежашдан иборат эканлиги кўпчиликка маълум.
Қонунда “электрон ҳукумат” тушунчасининг аниқ таърифи келтирилган бўлиб, унга кўра, “электрон ҳукумат” — бу давлат органларининг жисмоний ва юридик шахсларга ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш йўли билан давлат хизматлари кўрсатишга доир фаолиятини, шунингдек, идоралараро электрон ҳамкорлик қилишни таъминлашга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар ва техник воситалар тизими ҳисобланади.
Албатта, мазкур қонуннинг ўзига хос жиҳатлари, унда белгиланган мақсад ва вазифалар хусусида кўп сўзлашимиз, ёзишимиз мумкин. Лекин 10 июнга қадар узоқ муддат қолмаганини инобатга олиб, қонун кучга киргунга қадар давлат ташкилотлари, идора ва вазирликлар томонидан тадбиркорлар, аҳоли учун замонавий ахборот-коммуникация маҳсулотлари ёрдамида давлат хизматларини жорий этиш борасида қандай ишлар амалга оширилиши режалаштирилаётгани, уларнинг афзалликлари, самарадорлиги нималарда намоён бўлиши, бир сўз билан айтганда, вазирлик ва идоралар бундай тизимда ишлашга қанчалик тайёр эканлиги билан қизиқдик.
Хусусан, тадбиркорлар, фуқаролар билан бевосита ишлайдиган тизимлардан бири — Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси мисолида айтадиган бўлсак, яқиндагина қўмита томонидан ўтказилган “Электрон солиқ хизматлари портали” — my.soliq.uz тақдимоти юридик ва жисмоний солиқ тўловчиларнинг кўплаб саволларига жавоб берилишига замин яратди.
— Янги портални яратишдан мақсад — аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг давлат солиқ хизмати органлари билан ўзаро муносабатларини электрон шаклга ўтказиш орқали фаоли- ятнинг шаффофлиги, тезкорлиги ва самарадорлик даражасини янги босқичга кўтаришдан иборат, — дейди Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи ўринбосари Ҳаётжон Насруллоев. — Электрон давлат хизматлари илғор хорижий давлатлар (Жанубий Корея, Япония, Франция, Бельгия, Россия) тажрибасига таянган ҳолда, шунингдек, солиқ тўловчилар томонидан берилган таклиф ва мулоҳазалар эътиборга олинган ҳолда қайта кўриб чиқилди ва замонавий талаблар асосида такомиллаштирилди. «Электрон ҳукумат тўғрисида»ги қонун талабларига қатъий риоя қилган ҳолда, порталда электрон давлат хизматлари интерактив ва ахборот давлат хизматларига ажратилди. Шунингдек, хизматлар йўналишига кўра, «мурожаатлар юбориш», «солиқларни тўлаш», «маълумотномалар олиш», «ҳисобга қўйиш» каби гуруҳларга бўлинди. Бугунги кунда, Давлат солиқ қўмитасининг 31 та электрон давлат хизматлари, шу жумладан, 18 та интерактив ва 13 та ахборот хизматлари электрон солиқ хизматлари «my.soliq.uz» порталига жойлаштирилган.
Дарҳақиқат, янги портални кўздан кечирар экансиз, унда амалдаги www.soliq.uz расмий вебсайтида ишлаб турган юридик ва жисмоний шахсларнинг «шахсий кабинет»лари янада қулай кўринишга эга бўлгани, улар орқали солиқ мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ барча масалаларни электрон шаклда ҳал этиш мумкинлигига амин бўласиз.
“Адолат” СДП ижтимоий ҳаётни янада демократлаштириш, аҳолини давлат органлари, биринчи навбатда маҳаллий ҳокимликлар фаолияти борасида маълумотлар билан кенг таъминлаш, бошқарувда ошкоралик, очиқлик ва ҳисобот бериб бориш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жалб этиш тарафдори.
(Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Сайловолди дастуридан)
— Кейинги пайтларда молиявий ҳисоботларни электрон шаклда юбориш хизматидан унумли фойдаланаётган эдик, — дейди “STRONG PARTS” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Азиза Орипова. — Такомиллаштирилган янги портал ишга тушгани ҳақида хабар топганимиз ҳамоноқ унда жорий этилган янги интерактив хизматлар билан қизиқдик. Бизга барча турдаги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни онлайн режимида тўлаш, ҳисоб рақамимизга қўйилган инкассо топшириқномалари рўйхати билан танишиш, корхонага юборилган огоҳлантириш хабарномалари тўғрисида тезкор хабардор бўлиш, ходимларимизга ҳисобланган суғурта бадалларини кўриш, қолаверса, ходимларнинг мол-мулк ва ер солиқларидан бўлган қарздорликлари ёки жорий йил учун ҳисобланган маҳаллий солиқларини шахсий кабинет орқали онлайн тўлаш имкониятлари жуда ҳам маъқул келди. Исталган вақтда ўз иш жойингиз ёки хонадонингиздан туриб электрон рақамли имзо калити орқали шахсий кабинетга кириб, солиқ турини танлаб, тўлов суммасини кўрсатиб, «тўлаш» тугмасини босиш кифоя. Бундай қулайликлар тўловларни амалга ошириш учун банк ёки солиқ органларига ташриф буюриш, навбат кутиш, йўлга маблағ сарфлаш билан боғлиқ оворагарчиликлардан халос этади. Эътиборлиси, 24 соат давомида узлуксиз ва бепул ишлайдиган бу тизимдан замонавий смартфон ва планшетлар ёрдамида ҳам тез, осон ва қулай шаклда фойдаланиш мумкин.
Порталга ташриф буюрар экансиз, солиқ хизмати ходимининг кўриниши ва овозини ўзида акс эттирувчи “виртуал солиқ маслаҳатчиси”нинг хушмуомаласи ҳар қандай фойдаланувчининг эътиборини жалб этади.
“Онлайн маслаҳатчи” тизимини ўз расмий вебсайтида ишга туширган муассасалардан яна бири Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги бўлиб, 2016 йил 4 ойи давомида вазирликнинг www.mehnat.uz сайтидаги “онлайн маслаҳатчи” орқали 600 нафардан ортиқ фуқаро 766 та саволига жавоб олган.
— Мамлакатимизда “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши билан давлат бошқаруви органлари, вазирликлар ва ҳудудий бошқармаларнинг расмий вебсайтларига бўлган талаблар аниқлаштирилди, шунингдек, аҳолига, оммавий ахборот воситаларига ташкилотларнинг фаолиятига оид ахборотлар рўйхати шакллантирилди, қолаверса, давлат ташкилотлари зиммасига фуқароларнинг мушкулини енгил қилиш мақсадида турли интерактив хизматлар жорий этилишини таъминлаш юзасидан вазифалар белгиланди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Сардорбек Абдуқундузов. — Жорий йилнинг 10 июнидан бошлаб кучга кирувчи “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги қонун ҳам бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқишда айни муддао бўлди. Ушбу қонун ҳужжатларида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Меҳнат вазирлигининг расмий вебсайти — www.mehnat.uz янада такомиллаштирилди, вазирликнинг ҳудудий бошқармалари учун алоҳида вебсайтлар яратилди. Иш изловчи фуқароларга ва иш берувчиларга янада қулайликлар яратиш мақсадида ish.mehnat.uz портали ишга туширилиб, ҳар икки томонга ҳам муносиб иш ёки ишчи топишида муҳим восита вазифасини ўтаб келмоқда. Бундан ташқари, электрон меҳнат дафтарчасининг модули ишлаб чиқилиб, корхона ва ташкилотлар томонидан электрон тарзда меҳнат дафтарчасини буюртма бериш ва сотиб олиш йўлга қўйилди. Вазирлик янгиликлари ва хизматларидан фойдаланиш учун “Телеграм” алоқа алмашинуви дастурида янги каналлар жорий этилди. Бир сўз билан айтганда, вазирлик тез орада “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги қонуннинг ижросини тўлиқ таъминлашга жиддий тайёргарлик кўрмоқда.
Мухтасар айтганда, ишончимиз комилки, “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги қонуннинг тез фурсатларда амалиётга татбиқ қилиниши мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, халқимизнинг турмуш фаровонлиги, юрт равнақини янада оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Саодат СОДИҚОВА,
«Adolat» мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўтаётган ҳар бир кун бизни навбатдаги сайловларга яқинлаштирмоқда. 
01 янв 1970
Даставвал шу йилнинг 3 июнь куни Каттақўрғон шаҳар ички ишлар бўлими биносида рўй берган воқеа тафсилотини яна бир карра қисқача эслатиб ўтамиз....
01 янв 1970
Мамлакатмиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Бухорога ташрифи чоғида шаҳарнинг яна бир дарвозаси — замонавий темир йўл вокзалида бўлди....
01 янв 1970
Куни кеча Президентимиз томонидан мамлакатимиз аграр соҳасида янги ислоҳотларга асос бўладиган, мазкур тармоқда улкан бурилиш ясайдиган иккита ҳужж...