Аждодларимиз эъзози — истиқболимиз асоси

/
Бугун ёши улуғ, ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотган, мустабид тузум давридаги машаққатли синовларни бошидан ўтказган кексаларга ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг муносиб ҳаёт кечириши учун зарур шароитлар яратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва кўнглини кўтариш давлатимизнинг доимий диққат марказида бўлиб келмоқда.
Президентимизнинг шу йил 18 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони фахрийларимизга эҳтиромнинг яна бир ифодаси бўлди. Зеро, мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталикда, ҳаётимиз фаровонлигида уларнинг ҳиссаси беқиёс. Жанг майдонларида жон берган, урушдан қайтмаганларни эслаш, бугун орамизда соғ-саломат умргузаронлик қилаётган нуроний отахон ва онахонларимизга ғамхўрлик кўрсатиш бизнинг муқаддас бурчимиздир.
Президентимиз 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан оммавий ахборот воситалари вакилларига берган интервьюсида яна бир бор элу юрт тинчлиги ва равнақи йўлида хизмат қилган кексаларни эъзозлаш маънавий ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланганлигини қайд этиб, “Бу айёмда бугунги тинч-осойишта ҳаёт, тўкинлик ва фаровонликка қандай оғир синов ва машаққатлар эвазига эришилгани хаёлимиздан ўтади. Шу йўлда қурбон бўлган миллионлаб юртдошларимиз хотирасига таъзим қиламиз. Бизга насиб этган мустақиллик, тинчлик ва осойишталикнинг аҳамиятини янада теран англаймиз”, — деб таъкидлади.
Дарҳақиқат, шундай кунларда тинч ва осуда ҳаёт, мусаффо осмон, тўкинлик ва фаровонликка қандай оғир йўқотишлар, синов ва машаққатлар эвазига эришилгани унут бўлмайди. Яъни, ўша даврда Ўзбекистонда яшаган 6,5 миллион нафар аҳолининг деярли ҳар тўрттадан бири Иккинчи жаҳон урушига жалб этилгани, уларнинг ҳар учтасидан бири жанг майдонларида ҳалок бўлганию, яна қанча-қанчаси майиб-мажруҳ бўлиб қайтгани, қанчаси бедарак кетганини кўз олдимизга келтирадиган бўлсак, уруш ўчоқлари биздан қанчалик олисда бўлмасин, халқимиз учун нақадар талофатли бўлганини ҳис қиламиз.
Афсуски, бугун инсоният тафаккури нечоғлик юксалмасин, давлатлар тараққий этмасин, Иккинчи жаҳон урушининг ҳали ҳаёт бўлган қатнашчилари тирик гувоҳ сифатида авлодларга ушбу хунрезликнинг аянчли оқибатларидан сўзлаб бераётганига қарамай барибир, тўғри хулоса чиқарилгани йўқ.
Шулар тўғрисида ўзининг аниқ таҳлилий фикр-мулоҳазаларини билдирар экан, Юртбошимиз дунёда тобора кескинлашиб бораётган қарама-қаршиликларни, яқин ва узоқ атрофимизда қонли тўқнашувлар кучайиб бораётганини, бир сўз билан айтганда, бундай офатлар тинчлик ва барқарорликка нисбатан ўта жиддий хавф ва таҳдид солаётганини таъкидлади.
Бундай мураккаб ва таҳликали вазият, бошимиздан кечираётган шиддатли замон, сўзсиз, барчамиздан доимо сезгир, огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшашимизни талаб қилмоқда, деди Президентимиз. “Ўз уйингни ўзинг асра!” деган шиор юртимизда яшаётган ҳар қайси инсондан ҳамон учраб турадиган лоқайдлик ва бепарволик кайфиятларидан халос бўлишни, энг муҳими, ён-атрофимизда бўлаётган воқеаларга дахлдорлик ҳисси билан яшашни бугунги кунда энг долзарб масала сифатида олдимизга қўймоқда.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган тинчликпарвар сиёсат Ўзбекистоннинг ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокка қўшилишига, ўз ҳудудида чет эл ҳарбий базаларининг жойлашувига, ҳарбий хизматчиларимизнинг мамлакатимиз ташқарисида бўлишига йўл қўймайди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва раҳбарлиги остида ишлаб чиқилган ва Олий Мажлис томонидан 2012 йилда қабул қилинган, муҳим сиёсий аҳамият касб этаётган ҳужжат — Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсий фаолият концепцияси, шак-шубҳасиз, республикамиз теварагида хавфсизлик, барқарорлик ва яхши қўшничилик маконини яратишга яқиндан кўмаклашади.
Мухтасар айтганда, Ватанимизда ҳукм сураётган тинчлик, осойишталик, мусаффо осмон, эркин ва осуда ҳаётни ҳимоя қилиш, кўз қорачиғидек асраб-авайлаш ҳар биримизнинг шарафли бурчимиздир.
Алишер ШОДМОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси,
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ёзувчилар уюшмаси ҳузурида ташкил этилган “Ижод” жамоат фонди томонидан ёзувчи ва шоирлар, айниқса, ёш ижодкорларнинг биринчи китоблари...
01 янв 1970
Мамлакатимиз иқтисодиётини мустаҳкамлаш, халқимизнинг фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашга қорақалпоғистонлик фидойи, ишбилармон-тадбиркорлар ҳам му...
01 янв 1970
Онам билан аёллар учун кийим-кечаклар тикиб, бозорга чиқармоқчимиз. Ўзимиз яшаётган турар жойда фаолиятни амалга оширсак бўладими?...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 3 август куни мамлакатимиз ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашув ўтказди....