Ибрат орқали тарбиялаш ҳар доим муҳим аҳамиятга эга

/
Ахборот технологиялари, техника юксак тараққий этган бугунги глобаллашув даврида ёшлар маънавиятига таъсир қилувчи воситалар сони ортиб бормоқда. Албатта, илм-фан сирларини ўрганиш, замонавий билимларни пухта ўзлаштириш, давр талабига мос равишда фаолият юритишда компьютер ва бошқа техник воситалар, интернет имкониятларидан фойдаланиш ниҳоятда зарурлигини инкор этиб бўлмайди.
Бироқ бу қулайликлардан, айниқса, ёшлар онг-шуурини эгаллаш ва ўз манфаатларига бўйсундиришда фойдаланиб, уларни маънавий қул қилишга уринаётган, бундан сиёсий мақсадларни кўзлаган кучлар ҳам борлиги барчага аён.
Интернетда ўзига керакли манбани излаётган фойдаланувчига шу манбага доир маълумотлар билан бирга “ойна”да ўнлаб ахборотлар, реклама ва таклифлар, видеолавҳалар акс этиб туради. Бундай хилма-хиллик “ўргимчак тўри”нинг ҳар бир нуқтасида борлигини назарда тутсак, ахборотларни тўғри танлай олиш, фикрлашдан чалғиб қолмаслик нақадар муҳимлигини англаймиз. Дунёқараши ҳали тўла шаклланиб улгурмаган, аммо қизиқувчан ўсмир-ёшларнинг маънавиятини асраб-авайлаш улар билан яқин мулоқотда бўладиган ота-оналар, ўқитувчилардан кўпроқ масъулиятни талаб этади. Ўқувчиларга таълим-тарбия бериш жараёнида шу жиҳатлар ўқитувчи, мураббийларнинг ҳар доим диққат марказида бўлади.
Фарзандларимиз қалбида эзгу ҳислатлар, пок туйғуларни уйғотиш, тинчликни, миллий анъаналаримизни қадрлашга ўргатиш уларнинг маънавий камолотида катта аҳамият касб этади. Бунда оилавий муҳит, маҳалла, таълим муассасаларида навқирон авлод тарбиясига бўлган эътибордан тортиб, ён-атрофдаги одамларнинг ҳаёт тарзи, хулқ-атворигача ёшлар маънавиятига таъсир қилишини назардан четда қолдириб бўлмайди. Миллий анъаналаримизда фарзандларни, аввало, ибрат орқали тарбиялаш етакчи ўрин тутганлиги бежиз эмас. Чунки кўпинча маслаҳатларга қулоқ тутишга нисбатан болаларда кўрган нарсасини, катта ёшдагиларнинг хатти-ҳаракатларини такрорлашга мойиллик кучли бўлади, десак янглишмаймиз. Буюк аждодларимизнинг дунё тамаддунига қўшган ҳиссаси, кўплаб юртдошларимиз, айниқса, ёшларимизнинг жаҳон миқёсида эришаётган ютуқлари, турли ғоявий таҳдидлар кучаяётган глобаллашув шароитида юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, улуғ яратувчанлик ишлари ёш авлод онг-шуурида бунёдкор ғояларни мустаҳкамлаб, уларнинг ўз орзу-мақсадлари сари интилишларига хизмат қилади.
Албатта, бирор нотўғри фикр, зарарли ғояни инкор этиш, бундай фикр замиридаги мақсад-муддаони фарқлаш унга қарши тура оладиган асосли фикр, билим ва мустаҳкам мафкурага эга бўлишни тақозо этади. Айни пайтда бу оддий ҳақиқатни нафақат катта ёшдагилар, балки ёшларнинг ўзлари ҳам тушуниб етаётгани бизни қувонтиради. Бу эса тарбия жараёнида яна бир ҳаётий омилга айланиб улгурган “тенгдош-тенгдошга” тамойилини рўёбга чиқаришда ҳам ижобий натижа беради.
Феруза ҚАРШИЕВА,
Хатирчи педагогика ва хизмат кўрсатиш коллежи ўқитувчиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон «Адолат» СДП “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да Ҳаракатлар страте...
01 янв 1970
Ўзбекистонда ҳозирги кунда 9200 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият олиб бормоқда. ...
01 янв 1970
Ўзимга тегишли уй-жойни катта набирамга мерос қилиб, васиятнома ёзган эдим.
01 янв 1970
Ватанимиз озодлигининг илк кунида “Мустақиллигимиз абадий бўлсин!” дея янграган ёрқин сўзлар халқимизнинг пок қалбидан айтилган қутлуғ ...