Аниқ натижа ва амалий иш фуқаролар ишончини кучайтиради

/
Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳудудий тармоқлар фаолиятига татбиқ этиш, ҳар бир ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда маҳаллий вакиллик органларида фаолият юритаётган Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳлари ҳам фаоллик кўрсатмоқда.
Минтақалар, тармоқлар ва давлатнинг умумий манфаатлари мутаносиблигини самарали таъминлашга қаратилган муҳим вазифаларни бажаришда депутатлик гуруҳлари фаолиятини самарали ташкил этиш сиёсий партиямизнинг диққат марказида турган асосий масалалардан бири саналади.
Айни пайтда ўз ваколатларини чуқур англаган ҳолда сайловчилар билан ишлаш тизимини яхши йўлга қўйиб, фуқаролар манфаатлари йўлида хизмат қилаётган партия депутатлик гуруҳлари электорат ишончига сазовор бўлмоқда. Бу фикр халқ депутатлари Бувайда туман Кенгашидаги партия гуруҳи томонидан ўтган ва жорий йил давомида амалга оширилган ишлар мисолида ҳам ўз ифодасини топмоқда.
Ўтган йили тумандаги бир қатор шифохоналарни таъмирлаш, мактабгача таълим муассасаларида тиббий ёрдам кўрсатиш ҳолатини яхшилаш, ички кўчаларни асфальтлаштириш ва бошқа шу каби муҳим масалалар депутатларимиз Наргиза Иномова, Шуҳрат Қосимов, Иқбол Сотволдиев, Хайрулло Турғунов, Ҳабибулло Ҳасановлар томонидан ўрганилиб, уларнинг амалий саъй-ҳаракатлари билан ўз ечимини топди. Жорий йилда ҳам депутатлик гуруҳи аъзоларининг мутасадди ташкилотлар, мансабдор шахслар номига киритган депутатлик сўровларида туманда пластик карточкалар билан савдо қилишда юзага келаётган муаммолар, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш, йўл ва чорраҳаларни таъмирлаш, шифохоналарда тиббий хизмат сифатини яхшилаш каби турли масалаларга эътибор қаратилди.
Вилоят партия кенгаши раисининг ўринбосари Санжар Хўжамбердиевнинг таъкидлашича, аҳоли ўртасида дастурий мақсад ва вазифаларимиз юзасидан тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш, сафларимизни янги аъзолар билан кенгайтириш, фуқароларнинг мурожаатларини ўрганиш, хотин-қизлар ва ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш туман партия ташкилоти ҳамда халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳининг диққат марказида бўлиб келмоқда. Шу каби амалий ишлар боис партия депутатлик гуруҳи сайловчилар ўртасида ишонч ва ҳурмат қозона олди.
Депутатларнинг профессионал маҳорати, ҳар бир масалани ўрганишда масъулият ва талабчанлик билан ёндашиши орқали кутилган натижага эришиш мумкин.
Депутатлик гуруҳи аъзоси Хайрулло Турғунов жорий йилнинг январь ойида туман тиббиёт бирлашмасига киритган депутатлик сўровида тумандаги қишлоқ врачлик пунктлари, шошилинч тез тиббий ёрдам ва жарроҳлик бўлимларининг аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати депутатлик гуруҳи томонидан ўрганилганлиги ҳақида сўз юритилган. Ўрганишларда бу борада айрим муаммолар аниқланганлиги, хусусан, юқори малакали шифокорлар билан таъминлаш, мазкур муассасаларнинг беморлар учун белгиланган хоналарида ўринлар сонини кўпайтириш, мавжуд ҳолатни яхшилашда назоратни кучайтириш зарурлиги келтириб ўтилган. Шундан сўнг февраль ойига қадар мазкур камчиликлар тумандаги мутасадди муассаса ва корхоналар ҳамкорлигида бартараф қилиниб, туман аҳолисига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати яхшиланганини сайловчилар эътироф этганлигини таъкидлаш жоиз.
— Депутат сайловчилар билан қанчалик кўп ишласа, уларни қизиқтираётган муаммолар моҳиятини теран тушунса, фуқаролар билан мулоқотда бўлиб, уларнинг фикр ва таклифлари, саволларига ўринли жавоб ва ечим топишга эришса, унинг ўзига бўлган ишончи, ишлаш иштиёқи ҳам кучайиб боради, — дейди депутат Иқбол Сотволдиев. — Бугунги кунда ана шундай ишончга муносиб бўлиш учун депутатлик гуруҳимиз аъзолари ҳамжиҳатликда кўплаб хайрли ишларни амалга оширмоқдалар.
Жумладан, депутатлик сўрови асосида туманимиздаги “Қум” қишлоғидаги “Овул”, “Турк”, “Урганжи” маҳаллаларини бир-бирига боғлаб турувчи, таъмирталаб бўлиб қолган чорраҳаларни 2016 йилда ички йўлларни таъмирлаш манзилли дастурига киритилиши кутилган самарани берди ва натижада транспорт воситалари қатнови ва йўлларда пиёдалар, айниқса, ўқувчиларнинг ҳаракатланишида учраётган ноқулайликлар бартараф этилди.
Шу билан бирга, жорий йилнинг март ойида депутатлик гуруҳи томонидан туман прокурори Ф.Абдувалиевга юборилган депутатлик сўровида ҳудуддаги савдо шохобчаларида банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китоб қилиш тизимини ривожлантириш бўйича таклифлар берилиб, қурилиш моллари сотувчи савдо шохобчаларида терминаллар йўқлиги аҳолига қийинчилик туғдираётгани келтириб ўтилган эди. Ушбу сўров асосида туман давлат солиқ инспекцияси назоратни қўлга олди ва ҳозирда тумандаги барча турдаги савдо шохобчаларида пластик карта орқали савдо қилиш имкони яратилди.
— Ўтган йил давомида сайловчилар мурожаатлари, депутатлик қабулхоналари орқали келиб тушган мурожаатлар асосида мутасадди ташкилотларга 74 та депутатлик сўровлари киритилган бўлса, жорий йилда тажрибамиз янада ортди ва йил бошиданоқ депутатлик сўровлари сони ўттиздан ошди, — дейди депутатлик гуруҳи раҳбари Хайрулло Турғунов. — Айрим муаммоли масалаларни бартараф этишда маҳаллаларда жамоатчилик назорати амалиёти ҳам ижобий самара бераяпти, маҳаллалар билан ҳамкорлигимизнинг барчага бирдек нафи тегмоқда. Масалан, фуқаролар мурожаатига кўра, март ойида депутатлик гуруҳимиз аъзолари ва маҳаллалар раисларидан тузилган ишчи гуруҳи томонидан тумандаги умумий овқатланиш жойлари, телефон ва бошқа хизматлар учун тўловлар ўтказиш пунктлари, қассобхоналар, озиқ-овқат дўконларида мониторинг олиб борилди. Мониторинг якунида уларнинг айримларида банк тўлов терминаллари тўлиқ ўрнатилмаганлиги аниқланди. Ушбу ҳолатлар таҳлил қилиниб, туман давлат солиқ инспекцияси иштирокида камчиликлар бартараф этилди.
Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши сессияларида муҳим масалаларга доир таклифлар киритиш, мансабдор шахсларнинг ҳисоботларини эшитишда ташаббускорлик кўрсатиш, депутатлар фаолиятини ОАВда кенгроқ ёритиб бориш каби вазифалар ҳақида депутатлик гуруҳининг жорий йилда бўлиб ўтган йиғилишида алоҳида сўз юритилган эди.
Партия депутатлик гуруҳининг 22 апрель кунги йиғилишида туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Валижон Ҳайдаровнинг “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури доирасида аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизмат сифатини яхшилаш ва ривожлантириш бўйича 2016 йилнинг биринчи чорагида амалга оширилган ишлар” юзасидан ҳисоботи тингланди.
Қайд этилишича, оналар ва болаларга тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш мақсадида, аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш учун тармоқ жадвали ишлаб чиқилди. Шу кунга қадар 56643 нафар туғиш ёшидаги аёлларнинг 14219 нафари кўрикдан ўтказилган. Тиббий кўрик натижасида экстрагенитал касалликлар борлиги аниқланган аёллар амбулатор ва шифохона шароитларида даволанишди. Ҳозирги кунда нуқсонли ҳомилани эрта аниқлаш мақсадида ҳомиладор аёллар бирламчи скрининг текширувидан ўтказилмокда.
— Йил бошидан туманимиздаги 8 та касб-ҳунар коллежида марказий шифохонамизнинг тажрибали акушер гинекологлари иштирокида эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳлар, нуқсонли ва асоратли туғуруқ ҳолатларининг олдини олишга қаратилган 11 маротаба очиқ мулоқотлар ташкил этилиб, уларда 354 нафар ёш қизларга электрон тақдимотлар, видео-роликлар, маърузалар асосида зарур сабоқлар берилди, — деди В.Ҳайдаров. — Бу эса, албатта, ўз ижобий самарасини беради, деб ўйлаймиз.
Эшитув давомида депутат Ҳабибулло Ҳасанов аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш бўйича туман тиббиёт бирлашмаси ўз фаолиятига қандай янгиликларни татбиқ этишни режалаштираётганига оид савол берди. Бу саволга жавобан туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари ўринбосари Умид Мадумаров кўп тармоқли поликлиника ва шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимларига алоҳида замонавий рентген аппарати ўрнатиш ҳамда ушбу бўлимларни янги санитар автотранспортлар билан таъминлаш, бюджет маблағлари ҳисобидан “Узумзор” қишлоқ врачлик пунктида жорий таъмирлаш ишларини олиб бориш, аҳолига узлуксиз хизмат кўрсатувчи ва банк пластик карточкалари билан савдо қилувчи дорихоналар сонини кўпайтириш, туман шифохоналарига вилоятдан малакали шифокорларни жалб этиш, касб-ҳунар коллежлари ва МФЙлар билан ҳамкорликни кучайтириш ана шундай мақсадлар сирасига киришини таъкидлади.
Эшитувда депутатлик гуруҳи аъзоси Шуҳрат Қосимов тумандаги қишлоқ врачлик пунктларида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш ҳолатини яхшилаш масаласида январь ойида туман тиббиёт бирлашмасига киритилган депутатлик сўрови борасида бирлашма томонидан самарали ишлар олиб борилганлиги, аҳоли мурожаат ижросидан қониққани ва бу йўналишда назоратни янада кучайтириш зарурлиги, ўзаро ҳамкорликда мавжуд масалаларга ечим топиш мумкинлигини билдирди.
Ана шундай ҳамкорлик, ташаббускорлик билан ҳудудларда фуқаролар манфаатларини рўёбга чиқаришда фаоллик кўрсатаётган депутатлар эл ишончини оқлаш билан бирга партиямиз нуфузини янада ошираётгани қувонарлидир. Шу боис бувайдаликлар билан суҳбатлашганимизда сайловчиларнинг “биз уларни сайлашда адашмаганмиз” деган сўзлари бежиз айтилмаганига амин бўлдик.
Комила ИСРОИЛОВА,
Фарғона вилоят кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Халқ депутатлари Қашқадарё вилояти Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари замон талаби асосида фаолият олиб бор...
01 янв 1970
— Жисмоний шахслар ўртасида кўчмас мулкни ижарага бериш шартномаларини расмийлаштириш учун қанақа ҳужжатлар талаб қилинади? ...
01 янв 1970
Миллий матбуот марказида матбуот анжумани ташкил этилди.
01 янв 1970
Йўл-йўлакай дўконга бирров кирдингиз. Пулингиз камроқ, лекин рўзғорга қуруқ чой керак. ...