Тафаккур маҳсули

/
Одамзот ер ҳайдаладиган омочдан тракторгача тахминан олти минг йилни, трактордан космик кемагача эса атиги 60 йилни босиб ўтган бўлса, XXI асрга келиб фан-техника тараққиёти замон шиддатига монанд янада жадаллашди. Ҳаётимизга қанчадан-қанча сўнгги русумдаги техникалар, ахборот-коммуникация технологиялари кириб келди. Компьютер, қўл телефони, планшет воситалари яқин кўмакчимизга айланиб улгурди. Интернет тармоғи қулайликлари шу қадар кўпки, уларни санаб адоғига етолмаймиз.
Дарқақиқат, глобаллашув даврида мамлакатларнинг жаҳон ҳамжамиятида тутган ўрни кўп жиҳатдан ақлий салоҳият ютуқларини амалда қўллай билишига боғлиқ бўлиб қолди. Инсон ақл-заковати маҳсули бўлган интеллектуал мулкни тарғиб этиш, унинг инсоният ҳаётида тутган беқиёс ўрни ва аҳамиятига эътибор қаратиш, бу борадаги мавжуд муаммоларни бартараф қилиш мақсадида ҳар йили Ер юзидаги аксарият давлатларда 26 апрель санаси халқаро интеллектуал мулк куни сифатида кенг нишонланади.
Интеллектуал мулк тушунчаси илмий, бадиий асарларни, ЭҲМ учун яратилган дастурлар ва маълумотлар базаси, иxтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари, селекция ютуқлари, ошкор этилмаган аxборот, шу жумладан, ишлаб чиқаришга тааллуқли бўлган сир-синоатни ҳам англатади. Тараққиётда интеллектуал салоҳият алоҳида ўрин тутгани боис интеллектуал мулкни муҳофаза қилиш ҳам муҳим аҳамиятга молик масалалардан бири саналади.
Интеллектуал мулк тушунчаси дастлаб 1967 йил 14 июлда «Жаҳон интеллектуал мулк ташкилотини ташкил этиш тўғрисида»ги Стокгольм конвенциясида илгари сурилган ва унинг ҳуқуқий мақоми, шу жумладан, интеллектуал мулк объектлари ҳам аниқ белгилаб олинган. Мазкур ташкилот 1974 йилдан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маxсус мақомига эга бўлиб, ҳозирги кунда БМТнинг ихтисослашган ташкилотлари қаторида фаолият олиб бормоқда.
Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида 1991 йилда Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (ЖИМТ) аъзолигига қабул қилинди. Бир қатор нуфузли халқаро шартномалар ва битимларга қўшилди. Хусусан, 2005 йил 19 апрелдан Адабий ва бадиий асарларни муҳофаза қилиш тўғрисидаги Берн конвенцияси қоидалари юртимизда амал қила бошлади. Ушбу конвенция фан, адабиёт ва санъат асарларини яратиш ҳамда улардан фойдаланиш натижасида келиб чиқадиган муносабатларни тартибга солиш, муаллифлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган халқаро ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.
Бугунги кунга келиб республикамиз томонидан интеллектуал мулкни муҳофаза қилиш соҳасида 8 та давлатлараро, 10 та ҳукуматлараро ва 17 та идоралараро шартнома ва битимлар тузилган.
Интеллектуал мулк муҳофазасининг миллий тизимини янада ривожлантириш мақсадида 2011 йил 24 майда Президентимиз томонидан қабул қилинган қарорга мувофиқ, Давлат патент идораси ва Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш республика агентлиги негизида Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги ташкил этилди. Интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофазалаш ва уларга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилишга оид қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилишини қатъий назорат қилиш, республика ҳудудига қалбаки товарларнинг олиб кирилиши ва айланишига чек қўйишда ваколатли давлат органлари билан ҳамкорлик қилиш, интеллектуал мулк соҳасида давлат ва хўжалик бошқарув органлари, тадбиркорлик субъектлари кадрларининг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш мазкур агентликнинг асосий вазифалари этиб белгиланди.
«Интеллектуал мулк ҳақидаги қонунчиликнинг такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунга биноан, Фуқаролик, Жиноят, Солиқ ва Божхона кодексларига, «Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида», «Электрон ҳисоблаш машиналари учун яратилган дастурлар ва маълумотлар базаларининг ҳуқуқий ҳимояси тўғрисида», «Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида», «Селекция ютуқлари тўғрисида», «Интеграл микросхемалар топологияларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Интеллектуал мулк агентлиги томонидан кенг қамровли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, 2015 йилда интеллектуал мулк объектларини рўйхатга олиш бўйича 7111 та талабнома қабул қилиниб, улар белгиланган тартибда давлат экспертизасидан ўтказилди. Натижада 2651 та интеллектуал мулк объектлари тегишли давлат реестрларига киритилди ва муҳофаза ҳужжатлари берилди. Агентлик томонидан интеллектуал мулк объектларига ҳуқуқларни сотиш ва лицензия бериш бўйича 293 та шартнома рўйхатдан ўтказилди.
Интеллектуал мулк агентлиги қатор ваколатли органлар билан ҳамкорликда контрафакт маҳсулотлар юртимиз ҳудудида тарқатилиши, интеллектуал мулк объектларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш юзасидан амалга ошираётган ишлар ҳам эътиборга молик. Шу мақсадда ўтган йил мобайнида жойларда 46 марта мониторинг ўтказилиши натижасида жами 737 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Шунга мувофиқ, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ идораларига аудиовизуал маҳсулотлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларнинг контрафакт нусхалари йўқ қилиниши лозимлиги ҳақида эксперт хулосалари берилиб, амалий натижаларга эришилди.
Республикамизда интеллектуал мулк муҳофазасига қаратилган чора-тадбирларда нодавлат нотижорат ташкилотлари, шу жумладан, сиёсий партиялар ҳам фаол иштирок этмоқда. Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Сайловолди дастурида интеллектуал мулк объектлари (муаллифлик ҳуқуқи, турдош ҳуқуқлар, ихтирога бўлган ҳуқуқ ва бошқалар) ҳуқуқлари бузилишига нисбатан масъулиятни ошириш, шунингдек, мазкур соҳада назоратни кучайтириш алоҳида қайд этилган ва ушбу йўналишда партиямиз ташаббуси билан бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Партиямиз Ўзбекистоннинг келажаги — инновацион иқтисодиётда, деб ҳисоблайди. Интеллектуал мулкнинг ҳуқуқий ҳимоясига доир қонунчиликни бугунги кун талабларидан келиб чиқиб такомиллаштириш миллий иқтисодиётнинг инновацион ривожи ҳамда мамлакатнинг интеллектуал ишлаб чиқаришини таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Шу ўринда, жорий йилнинг март ойида бўлиб ўтган “Интеллектуал мулк соҳаси ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масалалари” мавзусидаги конференция ҳақида тўхталиб ўтиш жоиз, албатта. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган ушбу анжуманда Қонунчилик палатаси депутатлари, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Интеллектуал мулк агентлиги, Фанлар академияси, Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси, ижодий уюшмалар, соҳада фаолият юритаётган нодавлат ташкилотлари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Интеллектуал мулк соҳаси ҳуқуқий асосларининг бугунги ҳолатини ҳар томонлама таҳлил этиш, бу борада бир қатор қонунларда белгиланган нормалардаги мавжуд номутаносибликларни қонуний тартибда бартараф қилиш конференция иштирокчиларининг диққат марказида бўлди.
Мутахассислар таъкидлаганидек, ҳуқуқни қўллаш амалиёти шуни кўрсатмоқдаки, бу борадаги қонунчиликни такомиллаштиришда миллий ва халқаро тажрибаларни таҳлил қилган ҳолда зарур янги нормаларни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий қилишга эҳтиёж бор. Хусусан, интеллектуал мулк объектларига нисбатан қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан жавобгарликни кучайтириш, маъмурий ёки жиноий жавобгарликни назарда тутувчи янги қоида ва ўзгартишларни белгилаш мақсадга мувофиқдир.
Муҳими, мазкур конференцияда ишлаб чиқилган тегишли таклиф ва тавсиялар ушбу соҳани замон талабига мос ривожлантиришда ижобий аҳамият касб этади.
Дарҳақиқат, бугунги тараққиёт даврида илм-фаннинг мислсиз ривожланиши шунга мутаносиб равишда интеллектуал мулк муҳофазасини изчил таъминлашни ҳам тақозо этади. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатимиз равнақи ва халқимиз фаровонлигига хизмат қилади.
Суюндик МАМИРОВ,
«Adolat» мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Аждодларимиз фарзанд тарбиясига бениҳоя масъулият билан ёндашгани бежиз эмас.
01 янв 1970
Онам 76 ёшда. Кейинги пайтларда тез-тез тоби қочиб турибди. Шундай вазиятда у кишининг ўрнига бошқа шахс пенсия олиши мумкинми?...
01 янв 1970
Бугунги кунда халқ билан мулоқот қилиш, фуқароларни ўйлантираётган масалаларга ечим топиш барча даражадаги давлат идораларининг бирламчи вазифасиди...
01 янв 1970
Президент сайлови куни тобора яқинлашмоқда.