Бир заводда 3 йил ишладим.

/
— Ёшим 25 да. Бир заводда 3 йил ишладим. Корхона тугатилиши билан ишдан бўшатилдим. Шундан сўнг ўзим мустақил равишда ишга жойлаша олмадим. Аниқлик киритиб берсангиз, ишсиз, деб эътироф этилишим мумкинми?
С.Бердиев, Қашқадарё вилояти
— Ҳа, мумкин. Меҳнат кодексининг 60-моддасига кўра, ўн олти ёшдан бошлаб то пенсия билан таъминланиш ҳуқуқини олишгача бўлган ёшдаги;
ҳақ тўланадиган ишга ёки даромад келтирадиган машғулотга эга бўлмаган;
иш қидирувчи шахс сифатида маҳаллий меҳнат органида рўйхатга олинган;
меҳнат қилишга, касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлашдан ўтишга, малакасини оширишга тайёр меҳнатга лаёқатли шахс, ишсиз деб эътироф этилади.
Расман ишсиз деб эътироф этилиш ва ишсизлик нафақасини олишингиз учун сиз маҳаллий меҳнат органига мурожаат қилишингиз зарур.
 
— Ҳарбий хизматга чақирилганим сабабли ишдан бўшадим. Ҳарбий хизматни ўтаб бўлганимдан кейин аввалги ишимга жойлашишимга кафолат борми?
Т.Рамазонов, Бухоро вилояти
— Меҳнат кодексининг 68-моддасига кўра, ҳарбий хизматга чақирилган (ўтган) ходим резервга бўшатилган ёки истеъфога чиққанидан кейин, башарти, Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари сафидан, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қўшинларидан бўшатилган кунидан бошлаб узоғи билан уч ой ичида ишга жойлашиш масаласида иш берувчига мурожаат этган бўлса, аввалги иш жойида ишга жойлашиш ҳуқуқига эгадир.
Ҳарбий хизматга чақирилган (ўтган), лекин кейинчалик резервга бўшатилган ёки истеъфога чиққан ходим, агар унинг ҳарбий хизматга чақирилган (ўтган) кунидан бошлаб уч ойдан ортиқ вақт ўтмаган бўлса, аввалги иш жойига (лавозимига) қайтиб келиш ҳуқуқига эга.
Саволларга Меҳнат вазирлиги давлат меҳнат ҳуқуқи инспекцияси мутахассиси
Нодир ТЕШАЕв жавоб берди.
 
— Оммавий ахборот воситаларида “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар” жумласи тез-тез қўлланилади. Айтингчи, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сирасига қандай ҳужжатлар киради?
С.Норбеков, Избоскан тумани

— Ўзбекистон Республикаси “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонуни 3-моддасига асосан, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжат ушбу қонунга мувофиқ қабул қилинган, умум мажбурий давлат кўрсатмалари сифатида ҳуқуқий нормаларни белгилашга, ўзгартиришга ёки бекор қилишга қаратилган расмий ҳужжатдир”.
Қонуннинг 5-моддасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг турлари белгиланган бўлиб, улар қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси;
Ўзбекистон Республикасининг қонунлари;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари;
вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг буйруқлари ҳамда қарорлари;
маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари.
Шу ўринда яна бир ҳолатга эътибор қаратиш зарур. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 84-моддаси ва “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонуннинг 28-моддасига асосан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар расмий нашрларда эълон қилиниши керак. Айни пайтда расмий эълон қилинмаган қонун асосида ҳеч ким ҳукм қилиниши, жазога тортилиши, мол-мулкидан ёки бирон-бир ҳуқуқидан махрум қилиниши мумкин эмас.
Саволга Фарғона вилояти адлия бошқармаси масъул ходими
Зафарбек ИКРАМОВ жавоб берди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Иннинг таклифига биноан 22 ноябрь куни давлат ташрифи била...
01 янв 1970
Яқинда янги «Электрон солиқ хизматлар» портали ишлаб чиқилгани ва тест режимида амалиётга жорий қилингани ҳақида матбуотда ўқиб қолдим....
01 янв 1970
Ўзимга тегишли уй-жойни катта набирамга мерос қилиб, васиятнома ёзган эдим.
01 янв 1970
Мамлакатимизда хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, жамиятдаги мавқеи ва нуфузини ошириш масаласига давлат сиёсати даражасида...