Чўлда балиқ етиштирилмоқда

/
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмаднинг “Чўл бургути” асарини кўпчилик яхши билади. Мазкур асарда ўтган асрнинг ўрталарида Ёзёвон чўлларини ўзлаштириш жараёнлари ва унда жонбозлик кўрсатган инсонларнинг фидойилиги қаламга олинган.
Албатта, қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган мазкур ҳудудда меҳнат қилиш ҳозир ҳам осон эмас. Мақоламиз қаҳрамони — Ёзёвон туманидаги “Ибрагимов Достон Файз” фермер хўжалиги раҳбари Эркинжон Иброҳимов ва унинг оила аъзолари ана шундай машаққатларни енгиб, умргузаронлик қилаётган фидойи юртдошларимиздан саналади.
— Эркинжон ака чўлнинг иссиқ-совуғи, одамни учириб юборгудек шамоли, ўзига хос ҳавосига тоқат қилиб, ҳалол меҳнати билан элимиз дастурхонига балиқ ва балик маҳсулотларини етказиб бермоқда, — дейди туман ҳокими Йўлчивой Бойматов биз билан суҳбатда.
Дарҳақиқат, фермернинг фаолияти билан танишганимизда бу сўзлар бежиз эмаслигига гувоҳ бўлдик. Фермер хўжалиги 2010 йилда ташкил этилган бўлиб, айни пайтда 52,8 гектар майдондаги 12 та кўлдан иборат.
— Ўзим кўп йиллар сув хўжалиги тизимида ишладим. Бундан 10 йилча аввал ўша пайтдаги раҳбарлардан бири туманларни айланиб юриб, биз яшаётган чўлдаги шароит билан ҳам танишди. Суҳбат асносида у киши менга мана шу фойдаланилмай ётган ерларда балиқчиликни йўлга қўйишни маслаҳат берди. Қолаверса, бу ҳақда туман ҳокимига ҳам айтди. Шундан кейин фермер хўжалигимиз ташкил топди, — дейди Эркинжон Иброҳимов. — Инсон саломатлигида, хусусан, организмни энг зарур озиқ моддалар билан таъминлашда балиқ ва балиқ маҳсулотлари муҳим аҳамиятга эга. Чунки балиқ оқсил, ёғ, углеводлар, витаминлар, минераллардан фосфор, темир, калий, кальций, магний ва микроэлементларга бой бўлиб, атеросклероз(юрак ва қон-томир, ички секреция безлари тартиби бузилиши), инфаркт, инсульт, қандли диабет, ошқозон, асаб ва бошқа касалликларнинг олдини олиш ва даволашда юқори биологик вазифани бажаради.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, фермер хўжалиги 2017 йилда 105.000 дона 25-30 граммлик майда балиқларни парваришлаб, 90 тоннадан зиёд маҳсулот етиштирганди. Жорий йил баҳорда эса 40 гектар майдондаги кўлларга 110.000 дона сазан, оқ дўнгпешона, оқ амур, илонбош каби майда чавоқлар ташланди. Қолган 12,8 гектарида балиқ чавоқлари етиштирилди. Ҳозир балиқлар ўртача 1,2-1,5 килодан тош босяпти. Яхши ният билан элимиз дастурхонига 120 тонна балиқ етказиб бериш режалаштирилмоқда. Қувонарлиси, фермер хўжалигининг “Тошкент — Андижон” йўли ёқасида ишга туширилган балиқхонаси балиқ таомлари билан юртдошларимизга манзур бўлмоқда.
“Ибрагимов Достон Файз” фермер хўжалиги жорий йил февраль ойида “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасига аъзо бўлди ва уюшма аъзолари учун берилган имтиёзлардан ҳам фойдаланиб келинмоқда. Масалан, бу йил 100 тонна буғдой ва 32 тонна аммофос арзон нархда харид қилинди. Шунингдек, уюшма аъзоси бўлган балиқчилик хўжаликлари ягона даромад солиғидан ҳам озод этилган.
Фермер хўжалигида омухта ем тайёрлаш тегирмони ҳам ишга туширилди. Натижада 100 тонна буғдойни 5 тонна соя ва 5 тонна семичка кунжараси, 4 тонна балиқ уни, 15 тонна маккажўхори ҳамда майда ва йирик балиқлар учун мўлжалланган микроэлементлар билан аралаштириб, балиқлар озиқлантирилди. Қолаверса, кўлларга аммофос билан бирга 10 тонна суперфосфат, 10 тонна азотли ўғит ҳам сепилди.
— Президентимиз томонидан 2018 йил 6 ноябрда “Балиқчилик соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор имзоланиши бизни беҳад қувонтирди. Айниқса, қарор лойиҳасини тайёрлашда, яъни Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Отабек Муродов бошчилигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида биз каби соҳа вакилларининг таклиф ва мулоҳазалари ҳам инобатга олинганидан мамнун бўлдик. Мазкур қарорга асосан ҳозир ён-атрофимиздаги 5 та балиқчилик хўжаликлари негизида балиқчилик кластерини ташкил қилиш устида ишлаяпмиз. Яъни, бу хўжаликларнинг 30 фоиз майдонида интенсив усулда балиқ етиштиришни йўлга қўймоқчимиз. Шу мақсадда ҳозирги кунда хорижлик сармоядорлар билан мулоқот олиб бораяпмиз, — дейди Эркинжон ака.
Яна бир эътиборли жиҳати, фермер келгусида кўллар атрофида экотуризмни ривожлантириш мақсадида замонавий меҳмонхона қуриш ҳамда балиқли таомлар тайёрлаш марказини ташкил қилишни ҳам мўлжаллаяпти.
Албатта, Президентимиз тармоқ ривожига қаратаётган юксак эътибор Эркинжон акага янада қанот бағишлади. Натижада у 2018 йил ноябрь ойида қўшни Тошлоқ туманидан яна 20 гектар ер олиб, “Саховатли Муқаддас диёри” масъулияти чекланган жамиятини ташкил қилган ҳолда фаолиятини кенгайтирди. Шунингдек, 2018 йил 6 декабрь куни балиқчилик истиқболига бағишланган вилоят семинарининг айнан “Ибрагимов Достон Файз” фермер хўжалигида ўтказилгани ҳам Э.Иброҳимовнинг бу борадаги тажрибаси ибратга айланганидан далолат беради. Вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Шуҳратжон Тешаев бошчилигида бўлиб ўтган семинарда фермер ўз ҳамкасблари билан балиқни озиқлантириш, унга гранулаланган ем тайёрлаш, интенсив усулда балиқ етиштириш ҳамда балиқчилик хўжаликларига бухгалтерия ва консалтинг хизматлари кўрсатиш бўйича тўплаган тажрибалари билан ўртоқлашди.
— Аксарият юртдошларимиз ёз ойларида балиқ еб бўлмайди, дейишади. Бу гап қанчалик тўғри? — сўраймиз фермердан.
— Бу фикр асоссиз. Фақат ёз иссиқ бўлгани сабабли қовурилган балиқни қон босими юқори ва овқат ҳазм қилиш органлари хасталигига чалинган бемор кишилар емасликлари тавсия этилади. Улар балиқни димланган ҳолда истеъмол қилишлари мумкин. Шунинг учун биз янги кластеримизда нафақат балиқ етиштирамиз, балки балиқ консерваси ва музлатилган балиқ тарзида ярим тайёр маҳсулот ҳам ишлаб чиқармоқчимиз, — дейди Э.Иброҳимов.
Бир сўз билан айтганда, Юртбошимизнинг янги қарори балиқчиликни ривожлантиришга ҳисса қўшаётган Эркинжон ака сингари фермерлар зиммасига янада катта масъулият юклаб, уларни ҳар қачонгидан ҳам катта ғайрат-шижоат ва фидойилик билан меҳнат қилишга ундамоқда. Зеро, диёримиздаги тўкин-сочинлик ва фаровонлик ана шу заҳматкаш инсонлар меҳнатининг самарасидир.
Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Самарқанд вилоятида кўп тармоқли фермер хўжаликлари базасида қорамолчилик, паррандачилик, асаларичилик билан бир қаторда балиқчиликни ривожлантириш...
01 янв 1970
Олдимиздаги энг долзарб вазифалардан бири бўлган янги иш ўринлари яратишда ҳам тадбиркорлар ташаббус билан чиқмоқда....
01 янв 1970
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида соҳани модернизациялаш, замонавий техника ва технол...
01 янв 1970
Яқинда Сурхондарё вилояти Ангор туманида “Bio Texno Eco” масъулияти чекланган жамияти томонидан маиший чиқиндиларни қайта ишлаш заводи ...