“Оқдарё муштарий”си Европада

/
Икки йил муқаддам атиги бир ярим гектар майдонда қурилиб, фермер хўжалиги базасида ишга туширилган енгил саноат корхонаси мисолидаги умидбахш ўзгаришларни қишлоқ аҳолисини даромадли иш билан таъминлаш орқали ҳар бир оила учун муносиб турмуш шароити яратиш йўлидаги амалий ҳаракатларнинг аниқ ифодаси, дейиш мумкин. Чунки шу мўъжазгина корхонада бугун Оқдарё туманининг “Мавлум” қишлоғидаги 500 нафар хотин-қиз тикувчилик билан машғул бўлиб, ўзлари тайёрлаган маҳсулотларни дунё бозорига тақдим этишмоқда.
Корхонада жорий этилган энг янги замонавий технологиялар ва ҳамма учун бир хилда яратилган қулай ижтимоий шарт-шароитлар эса меҳнат унумдорлигига, изланувчанлик ва ташаббускорликка йўл очмоқда.
— Мен бичувчилик касбида ҳар куни 8 соатдан ишлаб, ойига бир ярим миллион сўм маош олаяпман, — дейди “Оқдарё муштарий” корхонаси мутахассиси Дилрабо Сафарова. — Оиламга ҳам яхшигина даромад олиб келаяпман, ҳам уй-рўзғор ишлари билан шуғулланиш учун вақт топаяпман. Аёл киши учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак.
Бу фикрни тикувчилар устаси Гулмира Абдуҳалимова ҳам тасдиқлайди. Унинг таъкидлашича, ҳудуддаги суғориладиган ерларнинг пахтачилик учун норентабел эканини назарда тутсак, айнан қишлоқ жойда рақобатбардош корхона фаолият юритаётганининг беқиёс аҳамиятини англаймиз. Негаки, бу саъй-ҳаракатлар илгари дала-деҳқончилик юмушларидан дуруст манфаат тополмай юрган кўплаб оилалар ижтимоий аҳволини яхшилашга, уларнинг жамиятдаги ўзгаришларнинг фаол иштирокчисига айланишига ёрдам бермоқда.
Хўш, “Оқдарё муштарий” корхонаси қисқа вақтда қайси афзалликлари билан одамлар эътиборига тушди? Иш илинжидаги оилаларнинг орзу-мақсадларига қай даражада кўмакдош бўлмоқда?
Даставвал шуни таъкидлаш ўринлики, мазкур корхона Оқдарё туманидаги чекка қишлоққа юқори технология билан бирга замонавий инфратузилмани ҳам олиб кирди. Электр таъминоти яхшиланди, ички йўл асфальтланди. Доимий транспорт қатнови йўлга қўйилди. Касб-ҳунар коллежида таҳсил олаётган қишлоқ ёшларини доимий иш жойлари билан таъминлашга муваффақ бўлинди. Ахир бугун “Оқдарё муштарий”да меҳнат қилаётган мутахассисларнинг 70 фоизи коллежнинг кечаги битирувчилари.
— Ҳар ойда 600 минг АҚШ доллари миқдоридаги трикотаж маҳсулотларини экспортга чиқараяпмиз, бу умумий товарнинг 97 фоизини ташкил этади, — дейди корхона иш юритувчиси Фурқат Шомуродов. — Буюртмачиларимиз рўйхатида Россия, Украина, Финландия ва Америка Қўшма Штатлари сингари мамлакатлар борлиги маҳсулот сифатига қай даражада эътибор қаратаётганимиздан далолатдир. Ўтган йили 6 миллион 400 минг АҚШ доллари қийматидаги трикотаж либосларини хорижий бозорда сотишга муваффақ бўлган эдик. Жорий йил якунидаги ҳисоб-китоблар бу кўрсаткич янада ошишидан дарак бермоқда.
Дарвоқе, “Оқдарё муштарий”да сифатни бошқаришнинг электрон тизими йўлга қўйилгани, мутахассислар малакасини ошириш, дизайнерлик ишларини яхшилашга доимий эътибор қаратилаётгани, энг муҳими, меҳнатга ҳақ тўлашда адолат мезонларига амал қилинаётганлиги корхонага қут-барака олиб келмоқда. Қишлоқ ёшларига енгил саноат тизимидаги жараёнларни ўргатиш учун Туркиядан таклиф этилган бош технолог Елмас Кехвачи бугун оқдарёлик ёшларнинг иқтидоридан, ҳавас-иштиёқидан мамнун.
— Дизайнерлик фантазиялари ва интилишлари билан корхонани экспорт бозорига олиб чиқаётганлар ҳам оқдарёлик ёшлар, — дейди хорижий ҳамкор Елмас Кехвачи.
Демак, изланганга толе ёр, деб бежиз айтилмаган. Фермер хўжалиги базасидаги бир корхона мисолидаги тараққиёт, қишлоқни саноатлаштириш жараёни бугун нақадар аҳамият касб этишидан ва у меҳнат муносабатидаги ўзгаришлар орқали аграр соҳани ривожлантиришда ҳам ўзига хос туртки беришидан далолатдир.
Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ёшлар бандлигини таъминлашда ташаббускорларни қўллаб-қувватлашнинг ҳаётий аҳамияти бор....
01 янв 1970
Дастурхонимизга қўйилаётган энг асосий озиқ-овқат маҳсулотлари — гўшт, сут миқдори ва таннархи, уларни кўпайтириш, арзонлаштириш ҳақидаги фик...
01 янв 1970
Самарқанд вилоятидаги “Туронбанк” акциядорлик тижорат банки “Голд Азим инвест” корхонаси учун навбатдаги салмоқли кредит ма...
01 янв 1970
“Қишлоқ қурилиш банк” акциядорлик-тижорат томонидан кўрсатилаётган хизматлар кўлами йилдан-йилга кенгайиб бормоқда....