Саховатли боғлар кўрки

/
Бу манзарани аграр соҳадаги чинакам мўъжиза деса бўлади. Самарқанду Нурободда, Булунғуру Оқдарёда, Пастдарғому Жомбойда пахта етиштириш норентабел ҳисобланган, лалми ёки тоғолди 5786 гектарлик ер бугун интенсив боғдорчилик туфайли жаннатмонанд гўшага, ноз-неъматлар ғарқ пишиб ётган саховат масканига айланган. Ана шу юқори технологияли, табиийки, меҳнатнинг меъёри ошиб кетмайдиган, харажатлар аниқ ҳисоб-китоб қилинадиган мевазор боғлардан ҳар йили минглаб тонна сара ҳосил етиштирилиб, асосий қисми экспортга йўналтирилмоқда.
Энг муҳими, одамлар меҳнатларидан, турмушларидан рози. Чунки интенсив боғдорчиликда машғул бўлаётган ҳар бир ходим, мутахассис худди завод-фабрикада ишлагани каби аниқ вақт-соат сарфлаб, вазифасини уддалаб, уйига корхона транспортида қайтади. Ҳар ой охирида бир ярим миллион сўмгача маош олади. Йил давомидаги моддий рағбатлантиришлар, ташаббускорлик учун мукофот пуллари ҳам маошга қўшилиб бораверади.
— Бу табиий ҳол, яхши ишлаган одам яхши яшаши керак, — дейди Самарқанддаги “Шарқ саноат” концерни иқтисодчиси Ўткир Сатторов. — Концерн таркибидаги интенсив боғдорчиликка асосланган 6 та МЧЖда бугун минг нафардан ортиқ мутахассис ходим юқори даромадли иш билан таъминланган. Қишлоқ хўжалигини янги технологиялар, илғор тажрибалар билан бойитганимиз, ривожлантирганимиз, жаҳон бозоридан янги-янги харидорлар топганимиз сайин жамоанинг манфаатдорлиги ортиб бормоқда.
Эътибор беринг, концерн таркибидаги “Оҳалик олтин боғлари меваси” масъулияти чекланган жамиятига қарашли 600 гектарлик боғнинг ҳар чектаридан ўртача 35-40 тоннагача сифатли олма етиштирилмоқда. Оддий ҳисоб-китобларга кўра, бир гектар боғ ўртача 100 миллион сўм даромад келтирмоқда. Маҳсулотнинг катта қисми экспортга чиқарилаётганини назарда тутсак, даромад салмоғи янада кўпаяётганини кўрамиз.
— Биз бу натижага экспорт талабларига қатъий амал қилаётганимиз, хорижий буюртмачиларнинг истак-эҳтиёжларини ўрганиб бораётганимиз туфайли эришаяпмиз, — дейди “Оҳалик олтин боғлари меваси” МЧЖ иш бошқарувчиси Санъат Сангинов. — Ёзда териб олинган олча, гилосни махсус музлатгич омборхоналарда сақлаб, куз, қиш ойларида сотамиз. Таъми, сифати деярли ёз ойидагидек сақланиб қоладиган бу маҳсулотларни европаликлар қишда ҳам тановул қилишни исташади. Нархи истеъмолчини ташвишга солмайди. Шундай бўлгач, биз ҳам харидорга пешвоз чиқамиз-да.
“Оқдарё муштарий” МЧЖга қарашли 840 гектарлик интенсив боғда ҳам мевали дарахтлар харидор талабига мослаб экилган. Олманинг, шафтолию қароли, гилоснинг энг яхши навларини шу ердан топасиз.
Ҳосилдорлиги юқори, сифати жуда яхши. Боз устига жамоа боғларни янада кенгайтириш мақсадида интенсив дарахт кўчатларини етиштиришни йўлга қўйган. Ўтган йили бир миллион тупга яқин кўчат қўшни туманлардаги фермерларга етказиб берилди.
— Ҳозир Қозоғистон, Россия сингари мамлакатларга экспорт қилишни бошлаганмиз, — дейди “Жомбой интенсив боғи” МЧЖ иш бошқарувчиси Зафар Тоҳиров. — Дастлабки ҳисоб-китобларимизга кўра, етиштирилган 18 минг тонна ҳосилнинг 80 фоизини четга сотишни мўлжаллаяпмиз.
Ҳа, Самарқанд вилоятида интенсив боғдорчилик йил сайин ўз афзалликларини кўпроқ намоён этиб, иқтисодий кўрсаткичларни тобора мустаҳкамлаб, қишлоқ тараққиётини тезлаштиришга туртки бермоқда. Шу боис одамлар меҳнатнинг манфаатини ҳис этиб, дадил ишга киришганлар. Қўшработда лалми ерларда юзлаб гектар ёнғоқзор, узумзорлар барпо этилмоқда. Ҳосилни қуритиш, қадоқлаш цехлари ишга туширилмоқда. Мақсад — изланишу ташаббускорликдан юрт равнақ топсин, оилалар манфаат кўрсин.
Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Илм-фан ютуқлари, илғор ишланмалар ва инновацион технологияларни амалиётга татбиқ этиш ва ривожлантиришда самарали ташкил этиб келинаётган ярмарка ...
01 янв 1970
Олдимиздаги энг долзарб вазифалардан бири бўлган янги иш ўринлари яратишда ҳам тадбиркорлар ташаббус билан чиқмоқда....
01 янв 1970
Айни пайтда иқтисодиётга хорижий инвестицияларни киритиш натижасида ишлаб чиқариш ва иқтисодиётнинг бошқа соҳаларида ижобий ўзгаришлар амалга ошири...
01 янв 1970
Лойиҳа доирасида инновацион фаолият билан бевосита алоқадор олий ўқув юртлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш кўзда тутилган....