Гўшт, сут етиштириш кўпаядими?

/
НАРХ АРЗОНЛАШАДИМИ?
Ушбу саволнинг жавобини фермерлар, олимлар ва банк ҳамкорлигидан излашга киришилгани хусусида
Дастурхонимизга қўйилаётган энг асосий озиқ-овқат маҳсулотлари — гўшт, сут миқдори ва таннархи, уларни кўпайтириш, арзонлаштириш ҳақидаги фикр-хулосалар ҳеч кимни бефарқ қолдирмаса керак.
Чунки сир эмас, соҳага фақат истеъмолчилик кайфияти билан қараш, мавжуд муаммоларни ўз вақтида ва талаб этилган меъёрлар доирасида ҳал этмаслик, хусусан, тармоқни молиявий қўллаб-қувватлаш ва наслчиликдаги ишларни тўғри ташкил этишга эътиборсизлик айрим ҳудудларда чорвачиликдаги миқдор ва сифат кўрсаткичларининг пасайишига олиб келди. Бу эса бозорлардаги маҳсулот нархларига ўз таъсирини кўрсатмай қолмаяпти, албатта.
Шу боис бугунги куннинг, соҳага қаратилган ислоҳотларнинг қатъий талаби — чорвачиликда фермер хўжаликлари, наслчилик идоралари, олимлар ва банк муассасаларининг ўзаро яқин ҳамкорлигини таъминлаб, юқори самарадорликка эришишдан иборат.
Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтида Халқ банки ҳамда Республика “Насл-хизмат” чорвачиликда наслчилик уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган халқаро илмий-амалий ўқув-семинар ҳам “Ўзбекистонда гўшт, сут ишлаб чиқариш истиқболлари, эришилган ютуқ ва мавжуд муаммолар” мавзусига бағишланганлиги билан эътиборли бўлди.
Анжуманда Жиззах, Навоий, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё ва Самарқанд вилоятлари чорва наслчилиги хўжаликлари раҳбарлари, Республика акциядорлик тижорат Халқ банкининг ушбу вилоятлардаги филиаллари вакиллари, олимлар ҳамда Германия, Голландия ва Украинадан ташриф буюрган мутахассислар иштирок этдилар.
Семинар иштирокчилари мамлакатимизда гўшт, сут етиштириш имкониятларини хориж тажрибасидан келиб чиққан ҳолда ҳар томонлама таҳлил қилдилар. Чет мамлакатлардан наслли чорва молларини ва серунум технологияларни олиб келишда нималарга эътибор қаратиш, илмий-амалий ҳамкорликни қай тахлитда давом эттириш, хусусан, ўзаро шериклик ва ёрдам доирасида банклар иштирокини кенгайтириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.
— Халқ банки Самарқанд вилоят филиали томонидан 2017 йил давомида вилоятда чорвачиликни ривожлантириш учун 18 миллиард сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди, — дейди мазкур филиалнинг кредитлаш операциялари бўлими бошлиғи Зайниддин Баҳромов. — Шунинг ҳисобига хориждан 3 ярим минг бош наслли чорва моллари олиб келинди. Банк чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликларини сут ва гўштни қайта ишлашга мўлжалланган янги замонавий технологик ускуналар харид қилиш учун ҳам зарур маблағлар билан таъминлаб келмоқда.
Республика “Насл-хизмат” наслчилик уюшмаси раиси Дилшод Абдураимов, Германиянинг “ZVE Zuchtvieh Export GmbH” компанияси тижорат директори Виктор Берч, Голландиянинг “Trouw nutrition” компанияси мутахассиси Игор Дедко ва шу компаниянинг ветеринар мутахассиси Артур Свириднинг долзарб мавзулардаги маърузалари тингланди.
Анжуман иштирокчиси Самарқанд қишлоқ хўжалиги институти доценти Абдували Хушвақтовнинг таъкидлашича, чорвачиликда илмий-амалий ҳамкорликни кенг доирада йўлга қўйилиши соҳадаги мавжуд муаммоларни ижобий ҳал этиши мумкин. Хусусан, чет эллардан харид қилиб келинаётган наслли чорва молларини маҳаллий иқлимга мослаштириш, озуқа рационини тўғри белгилаш зарур аҳамиятга эга. Бусиз хорижда эришилаётган кўрсаткичларни ўзимизда пасайтирмай ушлаб туриш қийин. Ахир суткасига 40-45 литргача сут берадиган Голланд сигирлари Ўзбекистонга келтирилгач, бир-икки йилда самарадорлик 10-12 литрдан ошмай қолиши парваришга эътиборсизлик оқибати. Демак, чорвачиликда озуқа тайёрлаш, қайта ишлаш ва қорамолларни тўғри озиқлантиришни манфаатдорлик билан йўлга қўйиш лозим.
Фермерлар анжуман доирасида ўзаро тажриба алмашдилар, ўз ҳудудларидаги энг янги технологияларнинг афзалликларини сўзлаб бердилар. Халқ банкининг молиявий кўмагида амалга оширилаётган навбатдаги лойиҳалардан бир-бирларини хабардор этдилар.
Шунингдек, Урганч туман ҳокимлиги биносида ҳам Халқ банки ҳамда Республика “Насл-хизмат” чорвачиликда наслчилик уюшмаси ҳамкорлигида “Ўзбекистонда гўшт, сут ишлаб чиқариш истиқболлари, эришилган ютуқ ва мавжуд муаммолар” мавзусида халқаро илмий-амалий ўқув-семинар ўтказилди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм вилоятидаги чорва наслчилиги хўжаликлари раҳбарлари, Халқ банкининг ушбу ҳудудлардаги филиаллари вакиллари, олимлар ҳамда Германия, Голландиядан ташриф буюрган мутахассислар, ОАВ ходимлари иштирок этди.
Ўз мухбирларимиз

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Қарши шаҳар кенгаши фаоллари ва депутатлар “Буюк Турон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги хонадон...
01 янв 1970
Тижорат банкларидан кредит олиш учун навбат ва ресурс кутишни ҳеч ким хоҳламайди. Ўзингизнинг вақтингизни, қолаверса, “илтимос”ларга ку...
01 янв 1970
Анор азалдан минг дардга даво, инсон саломатлиги учун бебаҳо неъмат ҳисобланади, — дейди Ориф Худойбердиев....
01 янв 1970
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мамлакатимиз иқтисодий тараққиётининг устувор йўналишидир. ...