Имтиёзлар тадбиркорлик ривожига хизмат қилмоқда

/
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 21 декабрдаги “2017-2019 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарори ҳудудларда тўқимачилик ва саноат соҳасининг ривожланишига, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатини оширишга, корхоналарнинг хорижий ҳамкорлар топишига кўмаклашиш ҳамда экспорт фаолиятини янада ривожлантириш борасидаги ишларни янги босқичда давом эттиришга хизмат қилмоқда.
Айни кунда Хоразм вилоятида озиқ-овқат, енгил саноат ва бошқа йўналишларда 19 та йирик саноат корхонаси фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, ушбу корхоналар томонидан ўтган йили 1 триллион 416,2 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Айни пайтда мазкур корхоналарда 11 мингдан ортиқ ходим меҳнат қилмоқда.
Боғот тумани Бешариқ қишлоғидаги ип-калава ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Xorazm tex” масъулияти чекланган жамияти ҳам мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиб, жаҳон бозорида ўз ўрнига эга бўлиб бораётган илғор ишлаб чиқариш субъектларидан бири саналади. 2014 йилда 100 нафар ходим билан иш бошлаган корхонада ҳозирги кунга келиб, 200 нафар киши фаолият кўрсатмоқда.
— Корхонада иш фаолиятимизнинг иккинчи босқичи, яъни ип-калава ишлаб чиқариш жараёни қизқин давом этмоқда, — дейди “Xorazm tex” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Қурбонбой Содиқов. — Охирги икки йил ичида корхонада замонавий техник ускуналарни ишга туширдик. Ускуналар Швецариянинг “Rieter Macine Works LTD”, Туркиянинг “Tufekci makina SAN. ve TIC. LTD. STI”, Италиянинг “Marzoli” компанияларидан харид қилинди. Иш унумдорлигини янада яхшилаш мақсадида учинчи босқич режамизни амалга ошираяпмиз. Яъни хом сурп-газлама ишлаб чиқаришга мўлжалланган, 12,5 миллион АҚШ доллари қийматига эга бўлган хориж дастгоҳларини олиб келишни режалаштирганмиз. Бу борада давлатимиз томонидан биз, тадбиркорлар учун божхона ҳамда солиқ тўловларида имтиёз ва преференциялар берилаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда.
“Xorazm tex”да жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида 11 миллиард сўм қийматга эга бўлган 1 ярим минг тонна ип-калава маҳсулотлари ишлаб чиқарилган. Тўқимачилик мажмуаси йилига 2 минг тоннадан ортиқ сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш имкониятига эга. Корхона маҳсулотлари Россия Федерацияси, Хитой, Польша, Туркия давлатларига экспорт қилинмоқда. Хусусан, жорий йилда 2,5 миллион АҚШ доллари қийматига эга бўлган 1 минг 50 тонна ип-калава маҳсулотлари хорижга экспорт қилинди. Натижада корхона 700 миллион сўмга яқин солиқ имтиёзларига эга бўлди. Бу эса, ўз навбатида, ишлаб чиқариш самарадорлиги янада оширишга, корхона цехлари фаолиятини кенгайтиришга ҳамда янги иш ўринлари яратишга хизмат қилмоқда.
— Коллежни тугатиб мазкур корхонада оператор вазифасида иш фаолиятимни бошладим, — дейди смена раҳбари Зоҳид Сапаев. —Аста-секин ишлаб чиқаришнинг барча сирларини ўрганаяпман, эндиликда янги ишга келган ходимларга техника билан ишлаш тартибини тушунтираман. Бу ерда биз учун барча шароитлар яратилган. Ошхона, дам олиш хонаси, иссиқ овқат, махсус кийим-бош билан таъминланганмиз.
Бугун “Xorazm tex” сингари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар учун яратилаётган имтиёз ва префенциялар ёшларнинг бандлигини таъминлашда, миллий бозорларимизни бойитиш ҳамда мамлакатимиз экспорт салоҳиятини янада ривожланишига ҳисса қўшмоқда.
Мазкур корхона мутасаддилари келгусида янги бинода иш ҳажмини кенгайтириш ҳамда яна 200 иш ўрни яратишни режалаштирганлар. Бу вилоятда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасининг ривожланишида, аҳоли бандлигини таъминлашда ҳамда халқимиз фаровонлигини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Дилрабо КУРЯЗОВА,
Хоразм вилоят давлат солиқ бошқармаси жамоатчилик билан
алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини, шу жумладан, жиноят ишлари доирасидаги муқобил текширишларнинг барча турлари бекор қилинади....
01 янв 1970
Тоза табиатни асраш, атроф-муҳитга эътиборли бўлиш, ободонлаштириш ишларини кенгайтириш, маиший чиқиндиларни қайта ишлаб, самарали фойдаланиш бугун...
01 янв 1970
Ҳукуматимиз томонидан тасдиқланган дастурга мувофиқ барча ҳудудларда бўлгани сингари Самарқанд вилоятида ҳам ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалар учун а...
01 янв 1970
Самарқанд вилоятида кўп тармоқли фермер хўжаликлари базасида қорамолчилик, паррандачилик, асаларичилик билан бир қаторда балиқчиликни ривожлантириш...