Инновацион боғдорчилик фермер хўжалигининг экспорт имкониятларини кенгайтирмоқда

/
Бозору дўконларнинг пештахталарига дид билан териб қўйилган қизил, оқ, сарғиш олма, нокларни кўриб кўзингиз қувонади. Хорижникими, деган сўровингизга “Ўзимизники, Самарқанднинг интенсив боғларидан, — дейди сотувчи. — Татиб кўрингу иккиланмай олаверинг”. Нархи ҳам сизга маъқул бўлади.
Интенсив боғнинг олмаларидан гард ҳам тополмайсиз. Худди мусаввир мўйқалами билан чизиб, картинасига киритганидек ранги бир текис, қуёш нурлари жилваланиб турганидек. Табиатнинг мўъжизаси бўлиб кўринган бу манзара ортида эса фермернинг изланувчанлиги ва инновацион технологиянинг шарофати ўзини намоён қилиб турибдики, бундан соҳа юксалишнинг янги босқичига тобора дадил чиқиб бормоқда, деган фикр хаёлингиздан ўтади.
Дарвоқе, истеъмол бозорида талаб ва эҳтиёжни таъминлашнинг зарур шартларидан бири саналган инновацион технологияга асосланган сифатни бошқариш, назорат қилиш тизимини саноат корхонасидагина эмас, ўнлаб гектар майдонни эгаллаган боғдорчиликда жорий этиш мумкинми?
— Мумкин ва зарур, — деб ҳисоблашмоқда Оқдарё туманидаги “Муштарий Оқдарё” ва Жомбой туманидаги “Мароқанд мева-сабзавот” фермер хўжаликлари мутахассислари. — Бу боғдорчиликда янгича ёндашув ва кўникмаларни пайдо қилиб, бозор рақобатини янада чуқурроқ ҳис этишга, даромад ва харажатлар ўртасидаги мувозанатни фермер фойдасига ҳал этишга ёрдам беради.
— Бултур “ЎзЭКСПО” маркази орқали интенсив боғда етиштирилган 1600 тонна олма ва 800 тонна шафтолини четга экспорт қилишга муваффақ бўлдик, — дейди “Муштарий Оқдарё” хўжалиги раҳбари Тоймас Давронов. — Фақат шунинг ўзидан банкдаги валюта ҳисоб рақамимизга 230 минг АҚШ доллари келиб тушди. Мамлакатимизнинг ички бозорларига етказиб берган ҳосилимизни қўшиб ҳисоблаганимизда даромад барча харажатларимизни қоплаб, каттагина фойда келтирди.
— Биз ҳам ўўбдин тоғ этакларида 650 гектарлик интенсив боғ барпо этганмиз, — дея ўз хулосаларини баён этади яна бир суҳбатдошимиз, “Мароқанд мева-сабзавот” фермер хўжалиги иш бошқарувчиси Акбар Набиев. — Шунча майдонда сифатни бошқариш тизимини йўлга қўйганмиз. Яъни ҳосилнинг бир текис, бўлиқ бўлиб етилиши учун сув, озуқа дарахт илдизига етиб бориши, қуёш нури, ҳарорат тўғри тақсимланиши назоратимизда!
Чиндан ҳам оз эмас, 650 гектар майдонга пакана навли дарахт экиб, шохларини шпалерга тортилган симларга тараб боғлаган фермер шунча саҳнни эгаллаган боғнинг устини махсус мато билан ёпишни ҳам уддалаганига ҳайрон қоласиз. Бу ёпинчиқ қуёш нурини бир текис ўтказиши, ҳароратни мўътадиллаштириб туриши ва ҳосилни бемаврид ёғин-сочинлардан сақлаши билан ўзига хос кафолат ролини ўтамоқда. Дарахт илдизининг сувга ёки бирор турдаги маъданли ўғитга бўлган эҳтиёжи ҳам махсус автоматик ўлчагичлар орқали аниқланади. Боғ қатор ораларига ишлов бериш, дорилаш ва бошқа агротехник тадбирлар учун мўлжалланган минитехника воситалари ҳам барқарор ҳосил етиштиришга хизмат қилмоқда.
ўўбдин тоғ этакларидаги сувсиз ер илгари чорва молларини ҳайдаб боқиш ёки баҳорда оз-моз лалми нўхат экиш учун яроқли эди. Энди эса серҳосил боғ бозорни сероб, боғбон рўзғорини бут, турмушини фаровон қилмоқда. Таққослаш учун мисол қилиб келтирилган ҳар иккала фермер хўжалигида ишчи-мутахассис бир ярим миллион сўмгача маош олмоқда.
Аҳамиятлиси шундаки, ҳар иккала фермер хўжалиги интенсив боғдан барқарор ҳосил олиш билан кифояланмай, пакана навли кўчатларни етиштириш ва қўшни хўжаликларга тарқатиш билан ҳам машғул бўлишмоқда. Хусусан, “Муштарий Оқдарё” шу кунгача бир миллион туп, “Мароқанд мева-сабзавот” эса 500 минг туп кўчатни Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё, Фарғона сингари вилоятлар фермер хўжаликларига арзон нархларда етказиб беришди. Мақсад тажрибада ўзини оқлаган илғор усул бутун мамлакат миқёсида наф келтириши, бозорларни сероб, турмушни фаровон қилишдан иборат.
— “Миллий банк”нинг Самарқанд вилоят бўлими ишлаб чиқаришни кенгайтириш, ривожлантириш йўлидаги ҳаракатларимизни астойдил қўллаб-қувватлаётганидан хурсандмиз, — дейди “Муштарий Оқдарё” фермер хўжалиги бош ҳисобчиси Низом Бозоров. — Банк томонидан ажратилган 1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит эвазига сабзавот кўчатлари етиштириладиган янги иссиқхона қурдик. Сабзавот кўчатларини талабгорларга бепул тарқатамиз, улар етиштирган ҳосилни эса ўзимиз сотиб олиб экспорт қиламиз. Шу йўл билан қишлоқдаги томорқа хўжаликларини ёки сабзавоткор фермерларни янгича кўникма асосида ишлашга ва даромад топишга ўргатаяпмиз. Натижаси дуруст бўлаяпти.
Алқисса, ҳар иккала фермер хўжалигининг бозор шароитида сифат ва самарадорликни таъминлашда инновацияга таяниб иш кўришаётгани, ҳисоб-китоблардаги аниқлик, ижро интизоми ва масъулият аграр соҳадаги ислоҳотларнинг муваффақиятини таъминламоқда. Фаровонлик йўлидаги ташаббус эса ҳамма жойда қўллаб-қувватланаверади.
Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Дарҳақиқат, жонажон Ўзбекистонимизнинг ёруғ истиқболини толеи нурли фарзандларимиз тимсолида кўрамиз....
01 янв 1970
Самарқанднинг нақшинкор манзараларини ўзида акс эттирган, оҳиста чертганда жаранглаб овоз чиқарадиган нафис чиннилари жаҳон бозори сари йўл олди.&n...
01 янв 1970
Андижон шаҳридаги “Эко комфорт элегант” масъулияти чекланган жамиятида фаолият юритаётган ёш сафдошларимиз партиямизнинг инновацион тар...
01 янв 1970
Ривожланган корхоналар фаолияти ҳақида сўз юритилганда кўпинча хорижий давлатлардан келтирилган ускуналар юқори натижаларга эришишда омил бўлаётган...