Ишбилармонга амалий ёрдам бериш унинг ишончини мустаҳкамлайди

/
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида олдимизда турган долзарб вазифалар қаторида макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратди.
Тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш мақсадида ҳар бир хонадоннинг бу борадаги имкониятини ўрганиш, молиялаштиришни кенгайтириш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш, тадбиркорларни ишонтириш ва уларга амалий ёрдам бериш кундалик қоидага айланиши керак, дея алоҳида таъкидлади.
Кейинги йилларда иқтисодий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимизда тадбиркорлик фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратиш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, айниқса, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга кенг йўл очмоқда. Бу борада имтиёзлар кенгайиб бораётгани ва солиқ маъмурчилигининг самарадорлигини оширишга бўлган эътибор янада аҳамиятлидир. Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 5 октябрдаги «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони қулай тадбиркорлик муҳитини шакллантириш ва бундай фаолият билан шуғулланувчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида яна бир эзгу қадам бўлди.
Яратилаётган имтиёз ва енгилликлар натижасида иқтисодиётни юксалтириш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва маҳсулот турини кўпайтиришда кичик бизнес субъектларининг роли ортиб бормоқда. Айни вақтда биргина Андижон туманида 131 та кичик корхона ва 1659 та микрофирма самарали фаолият юритмоқда. 2016 йилда маҳсулот ишлаб чиқаришда уларнинг улуши саноатда 80.5, қишлоқ хўжалигида 99.8, қурилишда 89.2, чакана савдо айланмасида 97.1 фоизни ташкил этди.
Олдимиздаги энг долзарб вазифалардан бири бўлган янги иш ўринлари яратишда ҳам тадбиркорлар ташаббус билан чиқмоқда. Ўтган йил мисолида оладиган бўлсак, туманда яратилган иш ўринларининг асосий қисми бевосита тадбиркорлик субъектларига тўғри келади. Биринчи навбатда, хотин-қизлар ва касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бандлиги таъминланаётгани эътиборга молик.
Шу ўринда Куйганёр шаҳарчасидаги “Равон тараққиёт орзуси” ва Қўнжи қишлоғидаги “Эверест металл фаворит” масъулияти чекланган жамиятлари фаолияти хусусида тўхталиб ўтиш ўринли. Мазкур корхоналарда ишлаб чиқариш суръати йилдан-йилга ўсиб, қатор янги лойиҳалар амалиётга жорий этилаяпти. Иқтисодий самарадорлик ва бозор талабига мос маҳсулотлар яратиш борасида ҳам ўзига хос мактаб яратилган.
Иккала корхона ҳам солиқ мажбуриятларини ўз вақтида тўлаб, ишлаб чиқаришни ривожлантириб янги иш ўринлари яратди ва яқинда республика иқтисодиётининг юксалишига муносиб ҳисса қўшиб келаётган намунали солиқ тўловчилар қаторида Давлат солиқ қўмитасининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Шу ўринда масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Барча жойларда ҳам кўнгилдагидек иш ташкил этилмоқда, деб айтиш қийин. Айрим ҳолларда молия муассасалари олдида ҳафталаб иши битмай турган, тадбиркорликка иштиёқи бўлса-да, ер ёки маблағ масаласида қийналган фуқароларга дуч келамиз. Бунга зиммасига юклатилган вазифани тўла англаб етмайдиган лоқайд раҳбарлар сабабчи бўлади. Энди бундай холатларга чек қўйилади. Биз, депутатларнинг вазифамиз бу борада доимий жамоатчилик назоратини йўлга қўйишдан иборат.
Бир сўз билан айтганда, тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, самарали фаолият юритиши учун зарур шарт-шароит яратиш ва рағбатлантириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар иқтисодиётимизнинг изчил ривожланиши ҳамда аҳоли фаровонлигининг ошишида муҳим омил бўлмоқда.
Барнохон ЖЎРАЕВА,
халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгаши депутати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Дарҳақиқат, жонажон Ўзбекистонимизнинг ёруғ истиқболини толеи нурли фарзандларимиз тимсолида кўрамиз....
01 янв 1970
Ҳозирги кунда «Асaкa» бaнк тoмoнидaн aҳoлигa 25 йўнaлишдаги лойиҳаларни молиялаштириш бўйича имтиёзли шартларда кредитлар тaклиф этилмo...
01 янв 1970
“Қишлоқ қурилиш банк” АТБ томонидан 1809,1 миллиард сўмдан ортиқ маблағлар сарфланди...
01 янв 1970
Жойларда банкларни ўзларининг яқин кўмакчиси ва суянчиғи деб билаётган тадбиркорлар имтиёзли кредитлар эвазига кўзлаган мақсадларига эришмоқда....