“Қишлоқ қурилиш банк” хизматларидан мижозлар мамнун бўлмоқда

/
“Қишлоқ қурилиш банк” акциядорлик-тижорат томонидан кўрсатилаётган хизматлар кўлами йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Шунга мос равишда аҳолининг банкка бўлган ишончи ортиб, мижозлар сони муттасил ўсмоқда.
Банкнинг Тошкент вилояти минтақавий филиали фаолияти ҳам мижозларга манзур бўлмоқда. Мазкур филиал айни вақтда 28 602 нафар мижозларга замонавий банк хизматлари кўрсатиб келмоқда. 2009 йилдан шу кунга қадар вилоят бўйича жами 5932 та намунавий лойиҳалар асосида замонавий уй-жойлар барпо этилган бўлса, ушбу уй-жойлар учун 2009-2015 йилларда қарийб 323,8 миллиард сўм миқдоридаги маблағлар имтиёзли ипотека кредити сифатида ажратилган. 2016 йилда ҳам вилоятнинг 15 та массивида қурилаётган 886 та намунавий лойиҳадаги шинам уй-жойлар соҳиблари учун 66,8 миллиард сўмлик имтиёзли ипотека кредитлари йўналтирилмоқда.
“Қишлоқ қурилиш банк” АТБнинг Тошкент вилояти минтақавий филиали томонидан хусусий тадбиркорликни, кичик бизнес, аёллар ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳам эътиборга моликдир. 2016 йил 1 сентябрь ҳолатига кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва янги иш ўринлари яратиш мақсадларида жами 80 067,0 миллион сўмдан ортиқ кредит маблағлари ажратилди. Филиал томонидан аҳолининг фаол қисмига ўз бизнесини йўлга қўйиш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида берилган микрокредитлар миқдори 23 645,0 миллион сўмни ташкил қилди. Тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш мақсадида эса 10508,9 миллион сўмлик ва 113 нафар касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ бўлган лойиҳаларини татбиқ этиш учун 1180 миллион сўмлик кредитлар йўналтирилди.
— 2016 йилнинг март ойида офсет босма маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида 125 000,0 миллион сўмлик кредит олиш учун мурожаат қилган эдим, — дейди “ORANGE PRINT MEDIA” масъулияти чекланган жамияти раҳбари С.Эргашов. — Банк томонидан мурожаатимиз ижобий ҳал этилиб, узоқ муддатли кредит маблағлари ажратиб берилди. Бозордаги талабни ўрганган ҳолда корхонамиз офсет босма маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш орқали даромад олишни ва бозорни рақобатбардош маҳсулотлар билан тўлдиришга ҳисса қўшишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. “Қишлоқ қурилиш банк”нинг Тошкент вилояти минтақавий филиали томонидан кўрсатилаётган замонавий ва қулай хизматлар бизга маъқул келмоқда ва банкдан миннатдормиз.
С.Эргашов каби “Қишлоқ қурилиш банк” хизматларидан фойдаланиб келаётган ва бундан мамнун бўлган мижозлар талайгина. Улардан бири Зангиота туманидаги “AVTO YUK SHINOMONTAJ” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Равшан Охунов.
— Корхонамиз 2012 йилда иш бошлаган, — дейди у. — Фаолиятимизнинг асосий йўналишларидан бири автомобиль, мотоцикл, велосипед, трактор ва бошқа машиналар учун шина ишлаб чиқариш ва таъмирлашдан иборат. Биз “Қишлоқ қурилиш банк”нинг вилоят минтақавий филиалига ариза билан мурожаат қилиб, Халқаро тараққиёт ассоциациясининг кредит линияси маблағлари ҳисобидан 6 ой имтиёзли давр ва 18 ой муддатга йиллик 12 фоиз устама ҳақ тўлаш шарти билан 350 миллион сўм узоқ муддатли кредит ажратилиши учун амалий ёрдам сўраган эдик. Лойиҳамизнинг асосий мақсади юк автомашиналарининг шиналарини таъмирлашдан иборат эди. Банкнинг кредит комиссияси лойиҳамизни белгиланган тартибда ўрганиб чиқиб, кредит ажратишга қарор қилди. Бу маблағларни шиналарни таъмирлаш фаолиятини кенгайтириш мақсадида хомашё сотиб олишга йўналтирдик. Банкнинг молиявий кўмаги билан корхонамиз фаолияти сезиларли даражада ўсишига эришдик.
Қибрай туманидаги “Мирзажалил Жаҳон боғи” фермер хўжалиги раҳбари Дилафрўз Мирзараимова ҳам банк мижози ҳисобланади.
— Фермер хўжалигимизни 2008 йилда ташкил қилганмиз. Асосан мева, резавор етиштириш, узумчилик ва чорвачилик билан шуғулланамиз. Биз “Қишлоқ қурилиш банк”нинг Тошкент вилояти филиалидан бир неча бор кредит олиб, фаолиятимизни анча кенгайтирдик. Масалан, 2014 йилда олинган 320 миллион сўм кредитни Австриядан наслдор қорамол ва сут соғиш ускуналари ҳамда Газ 330202-288 юк автомашинасини сотиб олишга сарфладик. 2015 йилда олинган 350 миллион сўмга эса ТТ-40 трактори, қишлоқ хўжалик техникаси ва қорамол сотиб олдик. Ҳозирги кунда хўжалигимиз аҳолига мунтазам сифатли гўшт ва сут маҳсулотлари етказиб бермоқда. Биз каби тадбиркорларга қулай имкониятлар яратиб бераётган ҳукуматимиздан ҳамда бизнес лойиҳаларимизни молиявий қўллаб-қувватлаб, қимматли маслаҳатлари билан ёрдам бераётган “Қишлоқ қурилиш банк” ходимларидан беҳад миннатдормиз, — деди Дилафрўз Мирзараимова.
Бир сўз билан айтганда, “Қишлоқ қурилиш банк” АТБнинг Тошкент вилояти минтақавий филиали фаолияти мисолида ҳам “Мижоз банк учун эмас, банк мижоз учун” тамойилининг амалий тасдиғини кўриш мумкин.
Абдумажид ФАЙЗИЕВ,
«Қишлоқ қурилиш банк» АТБ Тошкент вилояти минтақавий филиали кредит бўлими бошлиғи

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ёшлар бандлигини таъминлашда ташаббускорларни қўллаб-қувватлашнинг ҳаётий аҳамияти бор....
01 янв 1970
Яқинда Сурхондарё вилояти Ангор туманида “Bio Texno Eco” масъулияти чекланган жамияти томонидан маиший чиқиндиларни қайта ишлаш заводи ...
01 янв 1970
Мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашда молия муассасалари фаолияти муҳим ўрин тутади....
01 янв 1970
Олдимиздаги энг долзарб вазифалардан бири бўлган янги иш ўринлари яратишда ҳам тадбиркорлар ташаббус билан чиқмоқда....