Инновацион технологиялар тараққиётга хизмат қилмоқда

/
Илм-фан ютуқлари, илғор ишланмалар ва инновацион технологияларни амалиётга татбиқ этиш ва ривожлантиришда самарали ташкил этиб келинаётган ярмарка ва турли кўргазмалар алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 10-13 май кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган IX инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркаси бу борада яна бир муҳим қадам бўлди. Мазкур тадбирда андижонлик “ёш адолатчи”лар ҳам фаол иштирок этишди. Улар томонидан кўргазмага қўйилган лойиҳаларнинг юқори баҳоланганлиги қувонарли, албатта.
Жумладан, ёш сафдошимиз Ойбек Умаров энг фаол иштирокчилардан бири сифатида эътироф этилди. У ясаган “Қалдирғоч” деб номланган электромобилъ электр энергиядан қувват олиб ҳаракатланади. Тўла қувват олганда 100 километр масофани босиб ўтиш имкониятига эга. Бунинг учун атиги 0.5 кВт электр энергияси сарфланади. Икки ўриндиқли бу электромобилнинг максимал тезлиги соатига 50 километрни ташкил этади. Ойбек Умаровнинг “Қалдирғоч” билан бирга тақдим этган яна бир янги электромобили ҳам қуёш нуридан қувват олиб ҳаракатланади. Яъни қуёш панели етказиб берган энергияни двигатель механик кучга айлантириб беради. Очиқ ҳавода қайта қувватлана олиши ихтиронинг ўзига хос жиҳатидир. Ихтирочи бу лойиҳанинг яратилишига вилоят ҳокими ва бир қатор ташкилотлар яқиндан ёрдам берганлигини алоҳида таъкидлайди.
Ойбекнинг ишланмалари мутахассисларда қизиқиш уйғотди. Ишлаб чиқарувчилар унинг ишланмаларини шу йил охирига қадар амалиётда қўллашга келишиб олишди.
— Ярмаркада ишланмаларим юқори баҳоланиб, диплом ва пул мукофоти билан тақдирландим. Энг асосийси, тенгдошларимдан кўп нарсаларни ўргандим, — дейди О.Умаров. — Айниқса, масофада туриб қувват олиб ишловчи электромобиль, қуёш нуридан озиқланувчи, дала шароитида фойдаланиладиган ошхона қурилмаси бизга жуда ёқди. Ҳозирда мен Андижон машинасозлик институтида кичик тадқиқотчи сифатида иш олиб бориш билан бир вақтда янги лойиҳалар устида ишлаяпман. Таклифларим институт олимлари томонидан қўллаб-қувватланаётганидан хурсандман.
Шуни қайд этиш жоизки, бугунги кунда ихтирочилар томонидан яратилаётган замонавий технологияларнинг ишлаб чиқаришга татбиқ этилиши импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар яратилишига хизмат қилмоқда. Бу борада ёшларнинг ташаббуслари соҳа ривожида катта аҳамият касб этмоқда. Қувонарлиси, партиямизнинг замонавий инновацион ва юқори технологияларни жорий этишга доир дастурий ғоялари амалда ўз ифодасини топмоқда.
Акбаржон НАЗАРОВ,
“Adolat” мухбири
Рустамжон ЭШОНОВ олган сурат.
 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Самарқанд вилоятидаги “Туронбанк” акциядорлик тижорат банки “Голд Азим инвест” корхонаси учун навбатдаги салмоқли кредит ма...
01 янв 1970
Ҳозирги кунда «Асaкa» бaнк тoмoнидaн aҳoлигa 25 йўнaлишдаги лойиҳаларни молиялаштириш бўйича имтиёзли шартларда кредитлар тaклиф этилмo...
01 янв 1970
Мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашда молия муассасалари фаолияти муҳим ўрин тутади....
01 янв 1970
Самарқанд шаҳридаги “8-март” тикувчилик ишлаб чиқариш фабрикаси вилоятда енгил саноат салоҳиятини белгилаётган корхоналардан бири ҳисоб...