Замонавий дастгоҳлар ёш сафдошларимиз томонидан ишлаб чиқарилмоқда

/
Ривожланган корхоналар фаолияти ҳақида сўз юритилганда кўпинча хорижий давлатлардан келтирилган ускуналар юқори натижаларга эришишда омил бўлаётгани таъкидланади.
Эндиликда истиқболли лойиҳаларнинг йўлга қўйилиши билан бу борадаги янгиланишлар ҳам кўзга ташланмоқда. Аниқроғи, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан яратилаётган замонавий дастгоҳлар, тайёрланаётган импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар сифати ва замонавийлиги билан дунё бозорларида юқори баҳоланмоқда. Хусусан, Андижон вилоятида “Адолат” СДП аъзолари амалга ошираётган ишлар ҳам алоҳида эътиборга лойиқ.
Партиядошимиз Иззатилло Муҳаммадазизов раҳбарлигидаги “Бўз фарм” масъулияти чекланган жамияти жамоаси ўз олдига юксак вазифани мақсад қилиб қўйган. Корхонанинг асосий фаолияти юқори технологиялар асосида сутни қайта ишлаш, фармацевтика маҳсулотлари ва турли шарбатлар ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган замонавий дастгоҳлар тайёрлашдан иборат. Корхона иш бошлаганига ҳали кўп вақт бўлганича йўқ, шунга қарамай, меҳнат жамоаси истеъмолчилар ишончини қозонишга эришди.
2015 йилда Бўз туманидаги фойдаланилмай турган бино таъмирланиб, керакли дастгоҳлар сотиб олинди. 8 турдаги ускуналар тайёрлаш ўзлаштирилди. Таълим муассасаларига бу ерда тайёрланган дастлабки ошхона жиҳозлари маъқул бўлди. Кўп тармоқли фермер хўжаликларининг сафи кенгайган сари ҳамкорлик қилувчилар кўпайди. Айниқса, сутни қайта ишловчи мини-завод ва мевалардан шарбат тайёрловчи турли дастгоҳларга бошқа вилоятлардан ҳам буюртмалар келиб туша бошлади.
— Илгари бундай ускуналар асосан Хитой ва Россия давлатларидан келтириларди, — дейди Иззатилло Муҳаммадазизов. — Яратилган қулай ишбилармонлик муҳити бизга куч бўлди. Қисқа вақтда синовдан ўтиб, ишлаб чиқаришга жорий этилган маҳсулотларимиз юқори сифати, қулай ва тежамкорлиги билан хорижникидан сира қолишмайди. Керакли деталларни тўла ўзимиз тайёрлаётганимиз учун нархи ҳам арзон. Бу мижозларимизни қониқтирмоқда.
Жамоада ишловчилар асосан ёшлар. Уларни ишга қабул қилишда техникага қизиқиши, хорижий тилларни билиши ва яратувчилик қобилияти эътиборга олинади. Дунё тажрибасини ўрганиб бориш ва янгилик яратиш йўлида таклифлар ишлаб чиқиш белгиланган. Қолаверса. улардан синчковлик талаб этилади. Шунинг натижасида ҳар бир ходим ўз ғоялари билан маҳсулотларни янада такомиллаштиришга ҳисса қўшмоқда.
— Иш бошлаганимга ҳали кўп вақт бўлгани йўқ, — дейди чилангар Абдулазиз Турсунов. — Ҳозирдан қизиқишим ортмоқда, қобилиятимни синовдан ўтказиш учун бу қулай имконият. Телевидение кўрсатувларида ихтирочи тенгдошларимнинг яратувчилигини кўриб, мен ҳам янги лойиҳалар устида ишлаяпман.
Корхона ташкил этилган биринчи йилдаёқ 980 миллион сўмлик маҳсулот сотишга эришилди. Соф фойда ҳам кўнгилдагидек. Даромаднинг асосий қисми янги лойиҳаларни йўлга қўйишга сарфланмоқда.
Ўтган йили “Агробанк”дан 118 миллион сўм кредит олинганди. Жорий йилнинг ўтган даврида 170 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқаришга эришилганлигини ҳисобга олсак, молиявий кўмак самараси яққол кўриниб турибди.
— Яқинда Латвия давлатидан ҳамкорликда ишловчи фармацевт олимлар корхонамизга ташриф буюрди, — дейди эндигина 20 ёшни қаршилаган И.Муҳаммадазизов. — “Бўз фарм” бренди остида ўзимиз яратган дастгоҳлар билан дори-дармонлар ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчимиз. Бунинг учун керакли тавсияларни олдик, ишимизни режалаштирдик. Соғлом она ва бола йилида бу режамизни амалга ошириш билан халқимизга муносиб совға ҳадя этамиз.
Бўзлик изланувчан ёш “адолатчи”лар яратаётган техника воситалари ҳавас қилишга арзийди. Уларнинг қулайлигини мижозлар бирдек эътироф этаётгани бежиз эмас. Энг асосийси, янгилик қанот ёзмоқда.
Акбаржон НАЗАРОВ,
“Adolat” мухбири.
А.ТОШМАТОВ олган сурат

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини, шу жумладан, жиноят ишлари доирасидаги муқобил текширишларнинг барча турлари бекор қилинади....
01 янв 1970
Ҳукуматимиз томонидан тасдиқланган дастурга мувофиқ барча ҳудудларда бўлгани сингари Самарқанд вилоятида ҳам ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалар учун а...
01 янв 1970
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмаднинг “Чўл бургути” асарини кўпчилик яхши билади....
01 янв 1970
Айни пайтда иқтисодиётга хорижий инвестицияларни киритиш натижасида ишлаб чиқариш ва иқтисодиётнинг бошқа соҳаларида ижобий ўзгаришлар амалга ошири...