Олдинда бўлиш масъулияти

/
Олдинда бўлиш масъулияти
 
Жуманиёз Алибеков ҳам ўтмишга ва келажакка теран назар солиб, зарур ҳаётий хулосалар чиқарадиган, ўз тақдирини юрт тақдири билан чамбарчас боғлиқ деб биладиган, шу боис жамиятдаги ҳар бир янгиликни, одамлар турмушига мазмун олиб кирадиган ўзгаришларни чин дилдан қўллаб-қувватлаётган инсонлардан бири.
 
Йигирма беш йил муқаддам Жуманиёз Алибековга “Адолат” СДПнинг Самар­қанд вилоят кенгашига раҳбарлик қилиш ва партия ташкилотини ташкилий-сиёсий жиҳатдан мустаҳкамлаш вазифаси ишониб топширилган эди. Суҳбатдошимиз ўша воқеаларни худди кечагидек аниқ тафсилотлари билан ёдга олади.
 
— Ўшанда собиқ шўро тузумининг тутқинлигидан халос бўлган мустақил Ўзбекис­тонда сиёсий ислоҳотлар шамоли эсиб, фуқароларнинг эркин фикри, хоҳиш-иродасини ифодалайдиган партиялар фаолиятига йўл очиб берилган эди. Кўппартиявийлик, партияларнинг ҳуқуқ-мажбуриятлари гарчи қонунлар билан бегилаб қўйилган бўлса-да, мен кишилар билан илк учрашув, мулоқотлар чоғида ғалати муносабатларга дуч келганман. Одамлар “Бу қандай партия? У нима каромат кўрсата оларди? Бечораҳол қўшнимизнинг оғилидан ўғирлаб кетилган сигир-бузоғини топиб бера оладими? Ёки фалон қишлоқдан “буғдой ўғриси”, деб ҳибсга олинган деҳқонни оиласига қайтарадими?” деган мазмундаги саволлар билан ҳам мурожаат қилишарди.
 
Саволлар кўп, лекин ҳар биттасига жавоб топиш зарур эди. Ўша “буғдой ўғри­си” деб ном олган деҳқоннинг тақдири билан қизиқдик. Рўзғоридан, оилавий аҳволидан хабардор бўлдик. Билдикки, ноиложликдан ўзи етиштирган ҳосилдан икки қопини болаларининг ризқи деб сўроқсиз уйига олиб кетаётган пайтида милиция ходимларига дуч келиб қолган. Бу ёғи эса маълум. Ўша пайтларда даладаги ғалла ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларининг қўриқчилигида ўриб-йиғиб олинарди. Сў­роқсиз иш қилган деҳқонни ҳимоя қилиш учун ҳамма чораларни ишга солдик. Натижасидан кўпчилик тезда хабар топди. “Адолат” — адолатпарвар партия экан”, деган самимий эътирофларни эшитиб, ўзимиз ҳам хурсанд бўлдик. Муҳими, ана шу биргина воқеа туфайли қонун устуворлигини таъминлашга бўлган ишончимиз, саъй-ҳаракатларимиз кучайди.
 
Ҳар сафар одамларга шундай ноҳоқликлардан вақтида огоҳ бўлиб, биргалашиб курашишимиз, давлат бошқарувида иштирок этишимиз, халқнинг турмуш фаровонлигига хизмат қиладиган муҳим қонунлар ва қарорлар қабул қилиниши учун ҳам айнан шундай партия ташкил этилганлигини бот-бот исботлашга тўғри келарди.
 
Лекин саволларнинг ҳаммасига жавоб топиш мумкин бўлса-да, одамлар кўзидаги ҳадик, ишончсизлик ва бир қадар бегонасираб гапиришларига кўникиш. қийин эди. Сабаби, партиянинг оз сонли фаоллари билан учрашувга чиққан одамлар онгида боқимандалик, сиёсий бефарқлик ёки собиқ шўро тузумини қўмсаш сингари иллатлар ҳануз сақланиб қолган эди. Биз одамлар мафкурасини ўзгартириш, уларни сиёсий ислоҳотлар жараёнига жалб этиб, мустақил фуқаролик по­зиция­сини шакллантириш нечоғлик муҳимлигини билганимиз учун ҳам қийинчиликлардан чўчимай, партиявий мақсадлардан асло чекинмадик. Бизни тушуниб қўллаб-қувватлайдиган кишилар кун сайин кўпайиб бораверди.
 
1995 йилдан эътиборан Самарқандда ижтимоий жиҳатдан энг фаол ҳисобланган ўқитувчилар, шифокорлар, муҳандис-қурувчилар, олиму ихтирочилар, саноатчи, тадбиркорлар партия атрофига жипслаша бошлашди. Беш йил давомида вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида партия кенгашлари тузилиб, “Адолат” СДП­дан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайланган вакилларидан депутатлик гуруҳлари тузилди. Ўша йилдаги сайловларда партиянинг қўли баланд келиб, айрим туманларда яққол устунликка эришганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир. Хусусан, Иштихон туманида маҳаллий ҳокимиятнинг вакиллик органида партиянинг 20 нафар депутати кўпчилик овозга эга бўлиб, қатор ижтимоий-иқтисодий қарорлар қабул қилинишида ташаббускор бўлди.
 
— Агар дастлабки йил атиги 40-50 нафар партия аъзолари билан иш бошлаган бўлсак, беш йилдан сўнг уларнинг сони 22 минг нафарга етди, — дейди суҳбатдошимиз Жуманиёз Алибеков. — Сабаби, партия ғояларини одамлар ўртасида тушунтириш, тарғиб этиш борасидаги ишларимиз ўз самарасини бера бошлаган, фуқаролар сиёсий жараёнларда иштирок этиш ўз оиласи, маҳалласи ва юрти учун қандай имкониятлар эшигини очишини англаб етаётган эди.
 
Хўш, “Адолат” СДПнинг 25 йил муқаддам Самарқандда ва унинг шаҳару қишлоқларида қўлга киритган энг катта ютуғи нималардан иборат бўлди? Биринчидан, партия сиёсий рақобат майдонига аниқ мақсад ва вазифалар билан кириб келганлигини исботлаб, ўз электоратини шакллантира олди, жамиятдаги соғлом кучларни ўз атрофига тўплаб, уларнинг депутатлик ва давлат бошқаруви ишларига партия номидан иштирок этишларини таъминлади. Иккинчидан, маҳаллий Кенгашлар сес­сия­лари ва доимий комиссияларида муҳим қарорлар қабул қилинишини таъминлаб, кўплаб ижтимоий муаммоларга мос ечим топа олди. Беш йилда барча даражадаги маҳаллий Кенгашлар депутатлари томонидан бошқарув идораларига киритилган депутатлик сўровлари деярли 20 маротаба кўпайгани ва уларнинг ижроси тўлиқ таъминлангани шундан далолат беради.
 
Учинчидан, партия барча йўналишдаги нодавлат-нотижорат ташкилотлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиб, фуқаролар манфаатларига дахлдор кўплаб масалаларни биргаликда ҳал этишга муваффақ бўлди. Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, коммунал соҳадаги суиистеъмолчиликларга барҳам бериш, таълим, тиббиётдаги шароитларни яхшилаш борасидаги ўрганишлар ва таклифлар ўз натижасини бериб, халқнинг партияга ишончини мустаҳкамлади.
 
Ниҳоят партиянинг ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги муқобил лойиҳалари ўз меваларини бера бошлади.
 
— Бугун “Адолат” СДПнинг Самарқанддаги нуфузи, мев­қеи, кўпчилик томонидан амалий ишлар партияси деб тан олиниши 25 йил олдин қўйилган тамал тошига, ўша илк кунларданоқ аниқ мақсад ва ишонч билан ҳаракат қилган сафдошларимизнинг машаққатли изланишларига бориб тақалади, — дейди Жуманиёз Алибеков. — Шулар қаторида, энг аввало, вилоят партия кенгашининг иккинчи котиби, тажрибали ҳуқуқшунос, етук сиёсатчи ва ҳар масалада адолатга ён босадиган қалби дарё инсон, мар­ҳум Ҳайдар Исломовни ҳурмат, эҳтиром билан ёдга олишни истардим. Узоқ йиллар прокуратура идораларида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритган, Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши депутати бўлиб сайланган бу инсон 1995 йилдан Самар­қандда “Адолат” СДПни ташкилий жиҳатдан мустаҳкамлашга муносиб ҳиссасини қўшди. Партия ишига тайёр, бош­қарувга муносиб кадрлар захирасини шакллантириш, сиё­сий муданият ва ҳуқуқий саводхонликни тарғиб этишдан асло чарчамади.
 
90-йилларда оғир иқтисодий қийинчиликлар, оилалардаги етишмовчиликлар, корхоналарнинг ёпилиб кетиши, бозорларда нарх-навонинг кескин кўтарилиши одамларнинг кайфиятига таъсир кўрсатмай қолмаган эди. Шундай шароитда одамлар олдида янги пар­тия, янги сиёсий қарашлар ҳақида гапириш ҳам бир қадар мушкул эди. Лекин марҳум устозимиз Ҳайдар Исломов ҳар битта суҳбатдошга: “Агар сен сиёсат билан шуғулланмасанг, эртага сиёсат сен билан шуғулланади. Ўшанда эрк ва ҳуқуқларингни, хоҳиш-иродангни кимларгадир тобе қилиб қўясан. Улар сенинг номингдан иш кўришади. Сиёсий бефарқлик дегани жиддий иллатдир”, деб такрорлаганини кўп марта эшитганман. Демоқчиманки, одамларда сиёсатга дахлдорликни, партияга маслакдошликни пайдо қилиш анча кўп меҳнат ва тушунтиришларни талаб этгани бор гап. Сиёсатда танаффус бўлмайди. “Адолат” СДПда таркиб топган анъаналарни бугун фидойи, ҳозиржавоб сафдошларимиз ғайрат-шижоат билан давом эттиришмоқда. Улар қаторида пастдарғомлик Хонбуви Ҳайитова, нурободлик Нодира Баротова, қўшроботлик Абдуҳамид Тўхтаров, Самарқанд туманидан Зуҳра Қудусова борлигини алоҳида эътироф этиш лозим.
 
Бугун “Адолат” СДП Самарқандда чинакам халқпарвар, ислоҳотлар натижаси учун курашчан партияга айланган. Ўтган вақт мобайнида партия катта сиёсий чиниқиш мактабини босиб ўтди. Самақанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда одамлар тафаккури, маънавиятини янгилашда ташаббускор бўла олди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтган сўнгги сайловларда партиядан юз нафарга яқин депутат сайлангани, уларнинг таркиби сифат жиҳатидан кескин яхшиланганлиги ҳам қувонарлидир.
 
Партиянинг Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар кўлами ниҳоятда кенг. Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни янада такомиллаштириш, коррупцияга қарши курашиш, таълимда, тиббиётда замонавий иш услубларини жорий этиш, оилалар учун муносиб турмуш шароитини таъминлаш устувор вазифалар қаторига киради. Сайловчилар шу вазифалар ижроси учун ҳам партияга, унинг номзодларига овоз беришди.
 
— Мен ҳам ўз навбатида партиямиз ташкил топганининг 25 йиллик байрамини қарши олаётган барча пар­тия­дошларимни қутлуғ кун билан муборакбод этаман, — дейди суҳбатдошимиз Жуманиёз Алибеков. — Ислоҳотлардан ортда қолмайлик. Доимо олдинда бўлайлик.
 
Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлик гуруҳи аъзолари ҳам аҳоли орасида бўлиб, жойларда аниқланган ижтимоий муаммоларга мутасадди ташки...
01 янв 1970
Ўзбек миллий академик драма театри актёри, Ўзбекистон халқ артисти, “Меҳнат шуҳрати” ва “Фидокорона хизматлари учун” орденл...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Чоршанба — электорат билан юзма-юз мулоқот куни