Энди нима қилмоқ керак?

/
Юз йиллар аввал Абдулла Авлоний бобомиз “Ҳой, инсонлар, тўйларимизни бироз қисқартирайлик!” деган эди. Абдулла Қодирий бобомиз “Ҳой, аҳли мусулмон, инсоф борми сизда, тўйга сарф бўладурғон ақчангизни илмга сарфласангиз-чи?”  дея хитоб қилганди. Бу хитоблар хитоблигича қолиб кетди. Илм  билан тўлмаган паймоналарга яна илмсизлик оғуси тўла бошлади. Абадий савол яна қаршимиздан кўндаланг чиқди:  энди нима қилмоқ керак?
 
Яна илмга эмас, тўй ҳашамга ружу қўя бошладик. Яна тараққиёт сари эмас, ҳузур-ҳаловат сари йўл олдик. Яна қўлимизга китоб эмас, эгнимизга кийим-бош сотиб ола бошладик. Яна китоб дўконлари эмас, кутубхоналар эмас, чойхона, ресторан,  барлар қуришга ружу қўйдик. Кутубхоналарга борсангиз тўртта одамни топишингиз амри маҳол, Абу Сахийга, Ипподромга, Ўрикзорга борсангиз, одам кўплигидан қадам ташлашга жой йўқ.
 
Наҳотки нафсимиз бизга шу қадар ҳукмрон бўлса? Наҳотки ҳамма нарсани таом,  кийим-кечак билан ўлчайдиган даражага етиб келдик? Сирдарёга борадиган бўлсам, дўстларим, “Сирдарёнинг балиқлари зўр-да!” деб қўйишади. Жиззахга бораман десам, “Жиззах сомсага бўкар экансан-да!” дейишади. Сурхондарё дейилганда дарҳол кўз олдиларига “тандир гўшт” келади. Одамнинг асаби бузилади. 
 
Сирдарёга кетаяпман десам, бирортаси ҳеч бўлмаса кўнгил учун ҳам: “Амир Темур бобомиз набираси Мирзо Улуғбекка мулк қилиб берган, Навоийнинг, Мирзо Бобурнинг қадами етган жойларга борар экансан-да!” демайди. Тошкентдан келаяпман десам, ҳеч ким номига бўлса-да, «Буюк Қаффол Шошийнинг, улуғ Шайх Хованди Тоҳурнинг, Хожа Аҳрор Валийнинг, шайхулислом Алихон Тўра Соғунийнинг ватанидан келаяпсанми?» демайди, «Абдулла Қодирийдек, Ойбек, ўафур ўуломдек алломаларнинг юртидан келаяпсанми?» демайди. Нега? Нега Жиззах дейилганда дар­ҳол Ҳамид Олимжон, Шароф Рашидов, Сарвар Азимов, Назир Сафаров, Шароф Бошбеков сингари улуғ шоир-у ёзувчиларни, забардаст давлат арбобларини воя­га етказган юрт одамларнинг кўз олдиларига келмайди? Нега Сурхондарё дейилганда Ҳаким ат-Термизий сингари даҳоларни эслашмайди? 
 
Нега Алпомишлар, Барчинойлар юрти кўз олдиларига келмайди, маънавиятимиз даҳолари кўз олдиларига келиб, юракларида фахру ифтихор уйғонмайди, инсон учун йўлчи юлдуз бўлган ақлу идроклари дарҳол ўз сўзини айтмайди, керакли топшириқни бермайди? Ўз сўзини айтмаслигига сабаб, у инсоннинг ҳукмрони ақл эмас — ошқозон. Айтмаслигининг сабаби, қалбларига нафс балоси ўрнашиб олган. Мана шу нафс балоси туфайли биз даҳоларимиз билан, миллатимизнинг байроқдорлари билан ғурурланмаймиз, биз уларнинг байроқлари остида эмасмиз, биз таомларимиз, базмларимиз, тўйларимиз билан ғурурланамиз. Уларни кўз-кўз қилишни истаймиз. Чунки бизга илмимиз эмас, нафсимиз ҳукмрон.
 
Яқинда Уругвай ёзувчиси Эдуардо Галеонанинг айнан бизнинг ҳаётимизга мос фикрларини ўқиб қолдим. У шундай дейди: “Биз тубанлик ботқоғига ботиб бўлдик. Чунки биз учун севиб уйланишдан кўра, дабдабали тўй муҳим. Марҳумга йиғлашдан кўра, жанозасини тантанали ўтказиш муҳим. Соғлиғимизни асрашдан кўра, чиройли кийиниш муҳим. Оллоҳга муҳаббат қўйишдан кўра, масжидларимизни муҳаббат билан ҳашаматли қуриш муҳим”.
 
Сеул шаҳрида энг қиммат квартиралар ўқув юртлари атрофида экан. Ўзбекистоннинг бирор шаҳрида шундайми? Афсуски, йўқ! Бу ҳақда ўйлаб ҳам кўришмайди, аксинча, қайси тўйхонада тўй қилса обрўлироқ  эканлиги борасида ўйлашади. Амалдорлар эса каттароқ тўёна олиш учун амалидан кетмасдан тезроқ тўй қилиш пайида бўладилар. Пора дарҳол тўёна ниқобини кийиб, битмай турган ишларнинг битишига, юришмай турган ишларнинг юришиб кетишига хизмат қилади. Тўёна аслида тўй қилаётган одамга озгина мадад бўлиши учун берилади, аммо баъзида амалдорларга бериладиган тўёнанинг миқдори шу даражада бўладики, бу “тўёна” билан яна битта тўй қилса бўлади.
 
Тўғри, тўй кўпчилик билан бўладиган анжуман. Бир одам тўйни қисқартираман, деган билан қисқариб қолмайди. Чунки унинг ўзи ҳам камида 300-400 одамнинг тўйига борган. Демак, у ҳам тўйига уларни чақириши керак. Акс ҳолда маломат тошларининг тагида қолиши аниқ. Биз учун бу ҳаётда тўйдан ҳам муҳимроқ ишлар бор. Булар — ёшларимизнинг илм олиши, Ўзбекистон иқтисодини, маданиятини, санъатини дунёнинг энг буюк давлатлари даражасига олиб чиқиш, инсоният тараққиётига ўзимизнинг муносиб улушимизни қўшиш, янги-янги техника кашфиётларига, жамиятимизга фойда келтирадиган илмий ихтироларга эришиш, илм-фан чўққиларини эгаллаш, жаҳон адабиёти дурдоналарини яратиш, Ўзбекистон санъати довруғини етти иқлимга таратиш, дунё аҳли ҳавас қиладиган баркамол авлодни камолга етказишдир. Ушбу йўлда барчамиз бир ёқадан бош чиқарайлик, азизлар!
 
Муҳаммад ИСМОИЛ, 
Ҳалима Худойбердиева номидаги Ижод мактаби директори


Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ташаббуси билан Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик билан учрашув ...
01 янв 1970
Ёшларнинг маънавий дунёқарашини кенгайтириш, ғоявий имммунитетини мустаҳкамлаш ва уларни ватанпарварлик руҳида, буюк аждодларимизга муносиб ворисла...
01 янв 1970
“Тупроққалъа” қишлоғида халқ депутатлари Ҳазорасп туман Кенгашига “Адолат” СДПдан сайланган депутат Баҳодир Бобожонов сайло...
01 янв 1970
Мамлакатимиз ўз мустақил тараққиётининг йигирма олтинчи йилига қадам қўйди.