Суд жараёнида прокурор ва адвокат ваколати тенглиги нега таъминланмаяпти?

/
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг янги Сайловолди дастури лойиҳасида суд-ҳуқуқ соҳасига доир вазифалар муҳокамасига бағишланган “Суд-ҳуқуқ тизими — партия сайловолди дастуридаги устувор йўналиш” мавзусида экспертлар, фаоллар билан учрашув ўтказилди. Тадбир партиянинг ушбу йўналишдаги доимий ҳамкорлари — Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Адвокатлар палатаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Мамлакатимизда жорий йилнинг декабрь ойида ўтказилажак сайловларга тайёргарлик кўриш мақсадида ҳар бир партия ўзининг Сайловолди дастурини ишлаб чиқади. Жумладан, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам Сайловолди дастури лойиҳасини ишлаб чиққан ва мазкур лойиҳа кенг муҳокама қилинмоқда.
Учрашувда дастур лойиҳасининг суд-ҳуқуқ соҳасига оид йўналиши юзасидан атрофлича фикрлашиб олинди, мазкур тизимдаги ислоҳотлар натижаси таҳлил этилди. Хусусан, соҳада аҳолининг норозилигига сабаб бўлаётган омиллар танқидий ўрганилди.
Бундан кўзланган мақсад мавжуд камчиликларни аниқлаш, қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, камчиликларни янги қонунлар ишлаб чиқиш орқали бартараф этиш, қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилди.
Партиянинг янги дастурига суд-ҳуқуқ соҳасида ислоҳотларга бағишланган бир қанча таклифлар киритилган. Жумладан, Тергов қўмитаси ташкил этишни олайлик. Бу орқали тергов ишлари адолатли ва қонуний ўтказилади, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари бузилмаслигини таъминлаш, жараёнга идоравий манфаатлар аралашувининг олдини олиш мақсадида прокуратура, ички ишлар ва Давлат хавфсизлик хизматидаги тергов бўлимлари бирлаштирилади.
Шунингдек, туман, шаҳар ва вилоят миқёсида фаолият юритаётган тўртта суд тизимини бирлаштириш, туманлараро фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича судларни тугатиб, ҳар бир туман ва шаҳарда ушбу тоифа ишларни кўрадиган судьяларни ихтисослаштириш таклиф этилмоқда.
Партия ўз олдида қўйган вазифалар қаторидан адвокатура мавқеини ошириш, суд босқичида прокурор ва адвокат ваколати тенглигини таъминлаш, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги барча маъмурий ишлар фақат суд томонидан кўрилишини таъминлаш ўрин олган.
Билдирилган таклифлар орасида суд мустақиллиги ҳамда суд жараёнида прокурор ва адвокат ваколати тенглигини таъминлаш борасида амалдаги қонунларда қарама-қарши ҳолатлар мавжудлиги қайд этилди. Жумладан, “Прокуратура тўғрисида”ги қонунда прокурорнинг суддан кўрилган ишларни талаб қилиб олиш ва чақириб олиш ваколати белгиланган. Ушбу модда, биринчидан, прокурорнинг судьядан устунлигини, иккинчидан, прокурор ва адвокатнинг тенглик принципи таъминланмаганини кўрсатади.
Шунинг учун қонундан ушбу моддани чиқариш, прокурорнинг суддан ишларни чақириб олиб ўрганиш ваколатини бекор қилиш таклиф этилди.
Бундан ташқари, амалдаги қонунларга асосан иш бўйича прокурор киритган протест суд инстанцияларида, шу жумладан, назорат босқичида ҳам тўғридан-тўғри тегишли судлов ҳайъатида кўрилади. Адвокат ва иш бўйича тарафларнинг суд назорат босқичига берган аризаси аввал судья томонидан ўрганиб чиқилиб, судлов ҳайъатига ўтказиш ҳақида қарор чиқарилсагина судлов ҳайъатида кўрилади, бўлмаса, аризага асоссиз деган мазмундани жавоб хати берилаверади. Натижада фуқароларда ҳақли эътирозлар юзага келади. Шунинг учун бу қоидани ўзгартириб, адвокат ва иш бўйича тарафларнинг суднинг назорат босқичига киритган аризаси бевосита тегишли судлов ҳайъатида тўғридан-тўғри кўрилиши таклиф қилинди.
Тадбирда сўзга чиққанлар вилоят ва унга тенглаштирилган суд раисларининг ишларни ҳар тарафлама, тўлиқ ва асосли кўрилишини таъминлаш, иш юзасидан адолатли ва қонуний қарор қабул қилинишида масъулият ва жавобгарлигини ошириш мақсадида уларга протест киритиш ва судьяларга нисбатан интизомий иш қўзғатиш каби ваколатларни ҳамда вилоят судларига ишларни назорат босқичида кўриш тартибини белгилаш лозимлигини таъкидлашди. Шунда кўп ишлар бўйича вилоят миқёсида адолатли қарор қабул қилиниши таъминланади.
Партия экспертлари томонидан барча таклифлар эътиборга олиниши таъкидланди. Сайловолди дастури лойиҳасида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги барча маъмурий ишлар фақат суд томонидан кўрилишини таъминлаш масаласи ҳам ўрин олиши қайд этилди.
Учрашувда иштирокчилар мавзу юзасидан ўз фикр ва таклифларини билдиришди. Ҳужжатнинг айрим бандларини таҳрир қилиш лозимлиги қайд этилди.
Тадбирда билдирилган таклифлар умумлаштирилиб, партия Сайловолди дастурида акс эттирилиши белгилаб олинди.
Баҳром БУРХОНИДДИНОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Матбуот хизмати раҳбари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бўш ётган майдон ва иншоотлар инвентаризациядан ўтказилиб, халққа наф келтиришга аҳд қилган тадбиркорлик субъектларига фойдаланишга берилмоқда....
01 янв 1970
Уруш ва меҳнат фахрийларининг хонадонига маҳаллий Кенгаш депутатлари ва “Ёш адолатчилар”нинг ташрифи уларни хурсанд қилди....
01 янв 1970
Мавлуда опа тақдир тақозоси билан саломатлигини йўқотиб, 1-гуруҳ ногирони бўлиб қолганида ҳам умидсизликка тушиб, ғам-андуҳ чекмади....
01 янв 1970
Ҳудудларда партия ташкилотларининг аҳоли ўртасида ишончга сазовор бўлиши уларнинг фуқаролар манфаатларини рўёбга чиқариш, мавжуд муаммоларни бартар...