Ватанпарвар ёшлар – буюк келажак бунёдкори

/
Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз ёшларига қарата “Сизларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаб, ҳаётда ўз мустаҳкам ўрнингизни топишингиз, бахтли бўлишингиз учун давлатимиз ва жамиятимизнинг бор куч ва имкониятларини сафарбар этамиз”, деган сўзлари ўсиб келаётган авлодга қанот бағишлаётгани бор гап. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан кейинги йилларда бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Жумладан, ўтган қисқа давр мобайнида ёшлар бўйича алоҳида қонунлар, меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. Мамлакатимиз тараққиётига хизмат қиладиган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам, аввало, ёшлар сиёсати алоҳида ўрин тутади. Юртимизда 30 июнь – Ёшлар куни деб эълон қилиниб, турли соҳа ва тармоқларда юксак натижаларга эришиб келаётган ёшларимиз учун “Мард ўғлон” давлат мукофоти, “Келажак бунёдкори” медали таъсис этилди.
Маълумки, Президентимиз 2017 йилда бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеяси сессиясидаги чиқишида ҳам ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенция ишлаб чиқиш таклифини илгари сурган эди. 2018 йилда ШҲТ саммитида Президентимиз таклифига мувофиқ ташкилотга аъзо давлат раҳбарларининг Ёшларга қўшма мурожаати қабул қилинди.
Бундай юксак даражадаги эътибор ва ғамхўрликка жавобан мамлакатимизда янги авлод — ватанпарвар, фидойи, маънавияти юксак ёшлар етишиб чиқмоқда. Ўзбекистон “Адолат” СДП ташаббуси билан ўтказилган навбатдаги анжуман — Истеъдодли ёшлар форуми ҳам бу фикрни яна бир бор яққол исботлади.
Ватанпарвар ёшлар — келажак бунёдкори. Келажагимизнинг қандай қурилиши, нималар ўзгариши эса уларга бугун бераётган эътиборимизнинг натижасига боғлиқ. Уларни фидойи, ватанпарвар, ҳам интеллектуал, ҳам жисмонан баркамол этиб тарбиялаш асосий вазифаларимиздан бири ҳисобланади. Шу боис ўтган қисқа даврда ёшлар масаласи давлатимиз сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланди. Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам илм-маърифатли, етук кадр сифатида рақобатга чидамли ёшларни мамлакат тараққиётининг ҳал қилувчи кучи, деб ҳисоблайди.
Жорий йилнинг 20-22 август кунлари Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан Истеъдодли ёшлар форуми ташкил этилди.
Мазкур тадбирга республикамизнинг барча ҳудудларидан юзга яқин фаол, истеъдодли ёшлар жалб қилинди. Форум доирасида Президентимизнинг беш муҳим ташаббуси амалиёти, сиёсий етакчилар, таниқли ёзувчи ва шоирлар, спорт усталари ва санъаткорлар билан учрашувлар, ўз лидерлик салоҳияти билан ёшларга намуна бўлаётган раҳбарлар билан стартап, дебат-мунозаралар, шунингдек, давра суҳбатлари, маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди, маърузалар тингланди.
Форумнинг дастлабки кунида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясида мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллигига бағишлаб “Истиқлолнинг иқтидорли ёшлари: шахсий фаоллик ва самарали натижа” мавзусида депутат ва ёшлар учрашуви ташкил этилди.
— “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида ўтказилаётган Истеъдодли ёшлар форумига ҳар бир ҳудуднинг энг фаол, энг билимдон, истеъдодли, тенгдошларига ўрнак бўлиб келаётган, партиямиз ғояларига хайрихоҳ ёшлар қатнашмоқда, — деди тадбирни кириш сўзи билан очган партия фракцияси раҳбари Наримон Умаров. — Партиямиз сафлари сиз каби зукко, ватанпарвар, ўз олдига юксак мақсадларни кўзлаган ёшлар билан тўлиб бораётгани қувонарлидир.
Партия фракцияси аъзолари мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали амалга ошириш, навқирон авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги тизимли ишлар хусусида сўзлаб беришди. Шунингдек, ёшлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, унинг тузилмалари, депутатлик бирлашмалари, комиссиялар ва депутатлар фаолияти билан яқиндан танишишди.
— Давлат мустақиллигининг муҳим устунларидан бири ҳисобланган қонун чиқарувчи олий органининг қарор топиши ўзига хос жиҳатларига эга, — деди партия “Ёш адолатчилар” қаноти кенгаши раиси, партия фракция аъзоси Умид Сулаймонов. — Қонунчилик ҳокимияти давлат ҳокимиятининг муҳим таркибий қисми бўлиб, уни такомиллаштириш давлат ҳокимияти бутун тизимининг тарихий эволюцияси билан боғлиқ.
Икки палатали парламент ташкил этилгач, Ўзбекистон Республикасида қонун чиқарувчи ҳокимият ўз тараққиётида янги поғонага кўтарилди. Энг асосийси, гарчи қонунчилик жараёни анча мураккаблашган бўлса-да, қабул қилинган қонунларнинг сифати сезиларли даражада ошди. Қонунларни қабул қилишда сиёсий партияларнинг роли кучайди. Қонун лойиҳаларини партияларнинг фракцияларида олдиндан кўриб чиқиш, Қонунчилик палатаси ялпи мажлисларида ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилишда уларнинг фикрларини эшитиш амалиёти шаклланди.
Таъкидланганидек, мустақиллик йилларида ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан юртимизда “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи”нинг ташкил этилганлиги ва 30 июнь санаси Ёшлар куни деб эълон қилиниши ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлганига алоҳида эътибор қаратилди. Президентимизнинг ушбу ташкилот фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган қарори билан тасдиқланган, ёшларга доир сиёсат борасидаги барча мақсадларни ўзида акс эттирган Дастурда ёшларни масъулиятли лавозимлар захирасига киритиш, олий таълим муассасаларига имтиёз билан қабул қилиш, имконияти чекланган йигит-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Ёшлар клуби”ни ташкил қилиш сингари ғоят муҳим ташкилий-ҳуқуқий тадбирларни амалга ошириш белгиланди.
Шу каби ғояларни инобатга олиб, Қонунчилик палатасида Ёшлар масалалари бўйича коммиссия тузилгани айтиб ўтилди. Бугунги кунда ушбу комиссия ёшларнинг сиёсий фаоллигини, жамиятда ёшлар мавқеини янада ошириш, улар манфаатига хизмат қилувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқиш борасида фаол иштирок этиб келаётганлиги тадбир давомида таъкидлаб ўтилди.
“Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун давлатимизнинг ёшларга юксак эътибори намунасидир. Ушбу ҳужжатда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари тўлиқ, ишончли асосда мустаҳкамланганлиги бизни руҳлантирди. Тадбирда мазкур қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берилди. Ёшларнинг ҳуқуқлари ва имкониятлари янада кенгайгани, давлат томонидан ҳимоя қилиниши очиқ мулоқот, савол-жавоб тариқасида атрофлича тушунтирилди.
Шунингдек, ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча шароитлар яратиш, хотин-қизлар бандлигини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган Президентимизнинг беш ташаббусини амалиётга жорий этиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Давра суҳбатидан сўнг иштирокчилар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биносида депутатларга яратилган шарт-шароитлар, мажлислар заллари, ўқув хоналари, кутубхоналар, миллий парламентимиз тарихига доир маълумотлар билан яқиндан танишиб, депутатларнинг иш жараёни ҳақида тасаввурга эга бўлдилар.
Ёшлар билан кечган мулоқот давомида уларни қизиқтирган саволларга депутатлар ва мутахассислар жавоб беришди.
Форумнинг иккинчи куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳузуридаги “Ижод” жамоат фонди “Дўрмон” ижод уйида давом эттирилди. Албатта, бунда ҳам ўзига хос маъно бор. Зеро, Саид Аҳмад, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов ва бошқа аллома адибларимизнинг энг сара асарлари яратилган ушбу масканда ўзгача сокинлик, ўзгача руҳият ёшларни ўзига ром этди.
Тадбирнинг иккинчи куни давлатимиз раҳбари илгари сурган ҳаётбахш ташаббус мазмун-моҳиятига бағишланди.
Ушбу тадбирларда “Халқаро пресс-клуб”, Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вакиллари ҳамда Қонунчилик палатаси депутатлари иштирок этишди.
Таъкидланганидек, ўтган йиллар давомида ёшларга оид ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи 22 та қонун, Президентнинг 27 фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг 46 та қарори ҳамда 200 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Мамлакатимиз парламенти томонидан болалар ва ёшлар ҳуқуқларига оид 10 га яқин халқаро шартномалар ратификация қилинган. Давлатимиз раҳбари томонидан 2016 йил 14 сентябрда имзоланган янги таҳрирдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда амалга оширишда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Ёшлар ўртасида миллий қонунчилигимизни кенг тарғиб қилиш, хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, партиямиз Сайловолди дастури лойиҳасининг аёллар ва ёшлар билан боғлиқ устувор вазифаларини улар орасида кенг муҳокамадан ўтказишга форум доирасида ташкил этилган тадбирларда алоҳида эътибор қаратилди.
Партия фаоллари ташаббуслари ортидан хотин-қизлар, ёшларнинг илмий ва бадиий китоблар, жумладан, электрон асарларни ўқишга бўлган қизиқиши янада ортади. Шунингдек, ҳуқуқий, экологик, тиббий ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш маданиятини юксалтириш орқали уларда турли мафкуравий таҳдидларга, хусусан, диний экстремизм, терроризм, “оммавий маданият” ва бошқа ёт ғояларга қарши мустаҳкам иммунитет шакллантирилади.
Форумда, шунингдек, ёшларнинг ижтимоий ҳаётда фаоллигини ошириш, уларда лидерлик имижини шакллантириш ва ривожлантириш бўйича Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзоси, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурхоновнинг фикрлари ёшларда катта қизиқиш уйғотди.
Форумда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шоҳида Исмоилова, Хосият Ҳусанова ва Шаҳло Темирова каби театр санъати вакиллари иштирок этишди. Санъаткорлар Президентимизнинг биринчи ташаббуси ҳисобланган ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини ошириш орқали уларни бугунги кунда турли зарарли иллатлардан ҳимоя қилиши ҳақида сўз юритишди.
Иккинчи ташаббус ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратишга йўналтирилган. Спортнинг ватанпарварлик туйғусини мустаҳкамлаши, эришган натижалари ортида машаққатли меҳнат борлиги, ғолиблик ёшларни руҳлантириши ҳақида оғир атлетика бўйича Олимпиада ва жаҳон чемпиони, дунё рекордчиси Руслан Нуриддинов батафсил фикр юритди.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати бошқарма бошлиғи Шерзод Сапаров учинчи ташаббус аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этиш бўйича ўз таклифларини билдирди. Жумладан, медиа-контентда ёшларимизни тақиқ ёки чегаралаш билан натижага эришиб бўлмаслиги, аксинча, миллий интернет тармоғида ёшларни ўзига жалб этувчи фойдали маълумотлар, акциялар, ташаббуслар билан қизиқтириш кераклигини қайд этди.
Тўртинчи ташаббус ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш юзасидан таниқли ёзувчи ва шоирлар ҳам ўз фикрларини ўртоқлашишди. Хусусан, улар томонидан замонавий технологиялар, интернет, телефон, планшетлар қанчалик ривожланмасин, маънавиятни шакллантиришда ҳеч бири адабиёт ва китобнинг ўрнини боса олмаслиги таъкидланди.
Форумнинг учинчи куни “сиёсий кластер” тарзида ўтказилиб, “сиёсий коворкинг”, “сиёсий флешмоб” сингари янги йўналишларнинг самараси ва истиқболлари хусусида суҳбат олиб борилди.
Таъкидланганидек, партиямиз томонидан ёшларнинг давлат ва жамият ишларида иштироки, фаоллигини кучайтириш, уларнинг сиёсий, ҳуқуқий, тиббий, экологик маданиятини юксалтиришга ҳисса қўшиш, партия дастурий мақсад ва вазифаларини ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш мақсадида 10 га яқин лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда.
Жумладан, “Ватан келажаги ёшлар қўлида”, “Фикр — ғоя —ҳаракат”, “Биргаликда юксак ҳуқуқий маданият сари”, “Конституция — адолат мезони”, “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур”, “Таълим муассасаларида ижтимоий тенглик” каби лойиҳалар доирасида кўплаб сиёсий-ҳуқуқий ва тарғибот тадбирлари ташкил этиб келинмоқда.
Форум доирасида “Истеъдод” клуби қошида кўнгиллилар гуруҳи шакллантирилди, улар билан ишлаш механизмлари яратилиши натижасида партиянинг жойлардаги барча таркибий бўлинмаларида тарғибот-ташвиқот ишларининг тўғри ташкил этилишига эришилади. Аҳолининг кенг қатламига партия мафкураси ва ғояларини тарғиб қилишга имконият яратилади.
— Форум жараёнида халқимизнинг ҳаёт даражасини ошириш, ижтимоий ёрдамга муҳтож қатламга ёрдам кўрсатиш билан чекланиб қолмай, уларни фаол фуқаролик позициясига эга бўлишларига кўмаклашишнинг замонавий усуллари борасидаги қарашларимиз янада кенгайди, — дейди форум иштирокчиси Лочинбек Мирзодилов. — Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биносига саёҳат ва ушбу даргоҳда партия фракцияси аъзолари билан суҳбатлашиш имконияти барча ёшларга форумда самарали фаолият олиб боришлари учун йўл-йўриқ вазифасини ўтади.
— Партиямиз томонидан ташкиллаштирилган «Истеъдодли ёшлар форуми»да қатнашиб, биз, Сирдарё вилоят кенгаши ёшлари ўзимизга керакли бўлган жуда кўплаб таассуротларга эга бўлдик, — дейди яна бир ёш сафдошимиз Меҳринисо Бобоназарова. — Жумладан, билимларимиз бойиди, бошқа вилоятлардан келган тенгдошларимиз билан фикр алмашиб, дунёқарашимиз ўсди, тажриба орттирдик. Шу билан бирга, илмга чанқоқ ёшлар сифатида ўзимизнинг фаоллигимизни кўрсатдик ҳамда билимларимизни бойитиш учун янада изланиб, кўп меҳнат қилишимиз лозимлигини англадик.
Иштирокчиларнинг фикрича, энг асосийси, партия шундай имкониятларни тақдим этган экан, унга муносиб жавоб қайтариш мақсадида улар келгусидаги саъй-ҳаракатларини партия ишида сафарбар этишни ният қилишди.
Ёшлар форуми якунида иштирокчиларга сертификатлар топширилди.
Баҳром БУРХОНИДДИНОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Матбуот хизмати раҳбари 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Уюшмаган ёшлар ўз муаммосини ҳал этишда “Адолат” СДПга ишонмоқда
01 янв 1970
Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари сессияларда фаол иштирок этишди. ...
01 янв 1970
Мавлуда опа тақдир тақозоси билан саломатлигини йўқотиб, 1-гуруҳ ногирони бўлиб қолганида ҳам умидсизликка тушиб, ғам-андуҳ чекмади....
01 янв 1970
Ўз олдига халқчил ва ҳаётий ғояларни амалга оширишни мақсад қилиб қўйган Ўзбекистон “Адолат” СДП бугун фуқароларнинг манфаатлари йўлида...