“Бешбулоқ”да янги боғча барпо этилмоқда

/
“Бешбулоқ” маҳалласи аҳлининг кўпдан бери амалга ошмаётган орзулари эндиликда рўёбга чиқмоқда. Сирдарё туманининг “Бешбулоқ” маҳалласида 1973 йилда қурилган 23-мактабгача таълим муассасасининг аҳволи кўрган кишининг дилида ачиниш ҳиссини уйғониши табиий эди. Салкам ярим аср муқаддам 60 ўринга мўлжаллаб бунёд этилган мазкур МТМ бугунги кунда замон талабига мутлақо жавоб бермай қўйганди. Таъмирталаб, зах ва қоронғи хоналарда таълим-тарбия олиш болаларнинг саломатлигига тўғри келадими? Йўқ, албатта.
Йиллар ўтиб, маҳаллада аҳоли сони ортиб бориши шунга мутаносиб равишда боғчада кичкинтойлар учун ўринлар сонини кўпайтиришни тақозо қилди. Мазкур масала бўйича маҳалла аҳли мутасадди ташкилотларга бир неча маротаба мурожаат қилган бўлсалар-да, натижа чиқмаётган эди. 2017 йилда маҳалла фаоллари халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари Салоҳиддин Элмуродовга мурожаат этишди. Депутат вилоят халқ таълими бошқармасига киритган депутатлик сўровида эски боғча ёнида қўшимча бино қурилиши, эскиси янгидан капитал таъмирланиши лозимлиги қайд этилди. Бошқарма вакиллари депутат билан учрашганида билдирилган таклифлар бошқарма томонидан маъқулланганини таъкидлашди. Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилгач, 2018 йил 7 февралда С.Элмуродов муаммо юзасидан вилоят мактабгача таълим бошқармасига депутатлик сўрови юборди.
Мактабгача таълим бошқармаси 23-сонли мактабгача таълим муассасасига доир вазифалар 2019 йилги Инвестиция дастурига киритилганини маълум қилди. Унга кўра, Президентимизнинг 2018 йил 17 декабрдаги қарорига асосан Сирдарё туман “Бешбулоқ” МФЙ ҳудудида мактабгача таълим муассасасини қайтадан қуриш ҳамда 125 ўринга мўлжаллаб реконструкция ишлари олиб борилиши белгиланган, шу мақсадда МТМ учун давлат бюджети ҳисобидан 3 миллиард 375 миллион сўм маблағ ажратилган.
Айтилган фурсат келиб, 23-МТМнинг мавжуд майдони асосий бино ва қўшимча биноларни қуриш учун етарли эмаслиги аниқлангач, вилоят ҳокимлиги мутасаддилари бу масала юзасидан зарур чоралар кўришди. Ниҳоят маҳалланинг боғчага яқинроқ бошқа ҳудудида етарлича ер майдони ажратилишига эришилди. Ҳозирда бунёдкорлар томонидан янги ва замонавий мактабгача таълим муассасаси барпо этилмоқда.
— Кўз олдимизда қад ростлаётган замонавий боғча биносига кўзимиз тушганида дилимиз яйраб кетади, — дейди меҳнат фахрийси Баҳодир Ҳайитқулов. — Уч нафар неварам боғчага қатнайди, депутат ташаббуси билан уларга шундай шарт-шароит яратилаётганидан хурсандман. Гарчи ҳали янги бинонинг қурилиши ниҳоясига етказилмаган бўлса-да, эскиси ва янгиси ўртасида ер билан осмонча фарқ борлиги яққол сезилмоқда. Демак, фарзандларимиз замонавий боғчада таълим-тарбия олади...
Маҳалла фаолларининг таъкидлашича, депутат бу ердаги қурилиш ишларининг боришидан ҳам хабардор бўлмоқда.
Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,
Сирдарё вилоят кенгаши матбуот котиби  

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Жойларда мавжуд муаммолар юзасидан фуқароларнинг мурожаатларини чуқур ўрганиш ва ҳал этишда партия депутатлари фаоллиги муҳим аҳамият касб этади....
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари ҳудудларда аҳоли билан учрашиб, очиқ мулоқотлар ўтказишди....
01 янв 1970
Тошкент шаҳридаги “Гавҳар” маҳалласида Ўзбекистон “Адолат” СДП Чилонзор тумани кенгаши томонидан “Уюшмаган ёшлар била...
01 янв 1970
Атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ҳар биримизнинг муқаддас конституциявий бурчимиз саналади. ...