“Қурувчи” ўқувчилар

/
Ёшлар ташаббусни қўллаб-қувватламоқда, катталар-чи?
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган бешта ташаббус бугун ёшлар ҳаётига янги мазмун олиб кирмоқда. Жойларда ўтказилаётган тадбирлар келажагимиз эгаларининг иқтидори ва ташаббускорликларини кўрсатиш баробарида уларга бўлган эътиборни оширмоқда.
Бир қарашда барчаси кўнгилдагидек. Бироқ шу ўринда ҳақли бир савол туғилади: биз тадбирбозликка ўрганиб қолмаяпмизми? Бешта ташаббус амалий натижага қаратилмаганми? Унинг мазмун-моҳияти ҳақида чуқурроқ ўйлаб кўриш вақти келмадими? Юқоридаги саволларга жавоб топиш мақсадида Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгашида тузилган ишчи гуруҳи аъзолари Жалақудуқ туманида амалга оширилаётган ишларни жамоатчилик назорати тартибида ўрганди. Асосий эътибор иккинчи ташаббус — ёшларни жисмоний чиниқтириш, спорт соҳасида қобилиятларини намоён қилишлари учун қай даражада шароит яратилаётганига қаратилди.
Туманда оммавий спорт тадбирларини юқори савияда ташкил этиш, аҳоли, айниқса, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, спортга бўлган қизиқишларини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни вақтда туманда 49 та спорт иншоотлари ва муассасалари фаолият юритмоқда. 13 минг нафардан ортиқ ёшлар спорт билан мунтазам шуғулланиб келаяпти. Улардан 88 нафари Ўзбекистон чемпиони, 25 нафари халқаро мусобақалар ғолиби ва жаҳон чемпиони эканлиги эътиборга молик, албатта. Кураш жалақудуқликларнинг севимли машғулоти. Катта ёшдагилар ҳам байрам сайилларида куч синашишни одат қилганлар.
Туман болалар-ўсмирлар спорт мактаби 3 та базадан иборат бўлиб, 62 нафар мураббий 2200 нафар ёшларга 17 спорт тури бўйича устозлик қилмоқда.
— Беш ташаббус биз учун қанот бўлди, — дейди ушбу мактаб директори Шаробиддин Усмонов. — Май ойида 2006-2011 йилларда туғилган қизлар ўртасида бадиий гимнастика бўйича туман очиқ биринчилиги, шахмат ва енгил атлетика бўйича “Биз эпчил ва чаққонмиз” мусобақалари ўтказилди. Бир қатор вилоят ва республика беллашувларида ҳам вакилларимиз муваффақиятли қатнашиб, ғолиблар сафидан ўрин олишди.
“Янгисор” МФЙ ҳудудидаги фойдаланилмай ётган бинода мураббийлар — Ойбек Тўйчиев ва Шокиржон Ортиқов ташаббуси билан 2018 йилда кураш тўгараги ташкил этилганди. Айни вақтда бу масканда 100 нафардан ортиқ спортсеварлар спортнинг кураш тури билан шуғулланмоқда. Ҳатто қиш кунлари ёғингарчилик пайтида томдан ўтган чакка ҳам уларни тарқатиб юборолмади. Ўз маблағлари ҳисобига томни таъмирлаб, машғулотларни давом эттиришди.
— Бинода бўш турган хоналар кўп, — дейди Ш.Ортиқов. — Агар бизга берилса, кўпчилик ёшлар сафимизга қўшилади. Бу масалада туман ҳокимига бир неча бор мурожаат қилдик. Бироқ натижа бўлмаяпти.
Қийин шароитда ҳам ортга чекинмаётган курашчилар қувонарли натижаларга эришмоқдалар. Шу йилнинг ўзида Муҳаммаджон Мирзаев ва Моҳларой Тўлқинова Ўзбекистон чемпиони бўлишди. Вилоят терма жамоаси сафида клубнинг йигирмадан ортиқ аъзолари андижонликлар шарафини ҳимоя қилмоқда.
Қувончимизга бинонинг таъмирталаблиги ва қаровсизлиги, ён-атрофни бегона ўт босиб ётганлиги соя солди. Ёшлар ҳаракатда экан, уларга ким шароит яратиб беради? Ахир беш ташаббусдан айни шу мақсад кўзда тутилмаганми? Бу борадаги саволимизга МФЙ раиси Муқимжон Турғуновдан жўяли жавоб ололмадик. МФЙ раисининг маҳалладаги ёшлар сонини билмаслигини қандай баҳолаш мумкин?..
“Бўстон” МФЙда яшовчи фахрий Баҳромжон Дўсматов маҳаллада болалар учун на спорт майдони, на бирон-бир клуб йўқлиги хусусида гапирди. Гап орасида жойларда бу борада амалга оширилаётган ишларга ҳавас қилишини айтди.
— Маҳаллада спорт зали ташкил этаяпмиз, — дея изоҳ беришга уринди МФЙ раиси Ойистахон Норматова. — 16-умумтаълим мактабига тегишли бинони ҳашар йўли билан таъмирлаяпмиз (Суратга қаранг!).
Айтилган манзилга бордик. Бино талаб даражасида эмас. Қанчалик таъмирланмасин, фойдаланишга яроқсиз. Энг ёмони, таъмирлаш ишларини мактаб ва коллеж ўқувчилари қурувчиларсиз амалга оширмоқда. Таъмирлаш ишларининг сифати, ёшларнинг хавфсизлиги билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Яна бир афсусланарли томони, ўқувчилар дарс вақтида “таъмирлаш” билан банд эканига гувоҳ бўлдик...
Хуллас, жалақудуқлик ёшларнинг интилиши, спортга бўлган қизиқишлари ҳавас қиларли. Бироқ уларга эътибор ва кўмак керак.
Қосимжон ҚАЮМОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Андижон вилоят кенгаши раиси ўринбосари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Фуқаронинг мурожаати, ариза, таклиф, хулосаси жамият ҳаётига, оила турмушига дахлдорлиги билан ижтимоий аҳамият касб этади....
01 янв 1970
Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ҳар бир партия ходими ва депутат олдида турган муҳим вазифадир....
01 янв 1970
Халқ депутатлари Сергели туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари партиямизнинг Сайловолди дастурида белгил...
01 янв 1970
Жорий йилнинг 7 февраль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг навбатдаги пленуми бўлиб...