14 лойиҳадан биттасига кредит ажратилди. Бу қониқарлими?

/
Бугунги кунда фуқаролар маҳаллий ҳокимият вакиллик органларига сайланган депутатларнинг амалий ишларига қизиқиш ва ишонч билдираётгани бежиз эмас. Бир пайтлар аҳоли ушбу вакиллик органлари депутатларининг фаолиятига деярли эътибор бермасди, депутатларнинг аксариятини танимасди ҳам. Бугун аҳоли билан очиқ мулоқот ўтказиш депутатлар фаолиятининг муҳим йўналишига айланган. Депутатлар сайловчилар билан юзма-юз суҳбатлашиб, уларнинг дарду ташвишларини тинглаб, муаммоларни ҳал этишга интилмоқда.
Халқ депутатлари Касби тумани Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари ҳам аҳолини ўйлантираётган муаммоларни аниқлаш, ҳудудни ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган масалалар юзасидан мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда аниқ чоралар кўришга ҳаракат қилмоқда.
Жорий йилнинг апрель ойида партия депутатлари туманда “Ёшлар — келажагимиз” давлат дастурининг ижроси юзасидан ўрганишлар олиб борди. Мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирокида ўтказилган ушбу ўрганишларда белгиланган вазифаларни амалга оширишда бир қатор ишлар қилинганлиги, шу билан бирга, айрим камчиликлар ҳам мавжудлиги аниқланди.
Депутатлик гуруҳимиз йиғилишида “Yoshlar — kelajagimiz” жамғармасининг туман филиали раҳбари Нодир Амирқуловнинг ҳисоботи эшитилиб, мавзу юзасидан фикрлашиб олинди. Н.Амирқулов ўтган йили дастурга асосан 22 нафар ёш тадбиркорга 2126,2 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилиб, 60 нафардан зиёд ёшлар иш билан таъминланганини қайд этди. 2019 йил учун эса 71 нафар ёш тадбиркорларга 14614,0 миллион сўм кредит ажратиш мақсадида манзилли рўйхат шакллантирилган бўлиб, натижада 538 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.
“Yoshlar – kelajagimiz” давлат дастури доирасида давлат-хусусий шериклик шартларида “Yosh tadbirkorlar” коворкинг марказлари ва “Yoshlar mehnat guzari” комплексларини қуриш ҳамда фаолиятини ташкил этиш тартибига доир низом асосида туманда 2018 йилда “Yoshlar mehnat guzari” қуриш истагини билдирган 25 нафар ёш тадбиркорга туман ҳокими томонидан ер майдонлари ажратиб берилган.
АТ Халқ банки Касби филиали томонидан мазкур йўналишда кредит ажратиш бўйича қабул қилинган 14 лойиҳадан умумий суммаси 3842000000,00 сўмлик 7 фоизли кредитдан атиги битта лойиҳага — “Истамбул” хусусий корхонасига 200000000,00 сўм ажратилган. Бу сумма ҳам банк ҳисобидан. Йиғилишда шу ва бошқа камчиликлар, хусусан, ёш тадбиркорларга кредит ажратиш ишлари қониқарсиз эканлиги филиал раҳбарига уқтириб ўтилди.
Шунингдек, “Соғлом турмуш тарзи йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида депутатлик гуруҳимиз аъзолари, партия фаоллари ва мутасаддилар иштирокида туман умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасаларида ясситовонлик ва скалиоз касаллигини аниқлаш ҳамда олдини олиш борасидаги ишларни ўрганиш мақсадида тумандаги 1-, 2-, 9-, 24-МТМлар ҳамда 1-, 2-, 13-, 16-умумтаълим мактабларида бўлишди. Умумтаълим мактабларида уч нафар ўқувчи, мактабгача таълим муассасаларида эса бир нафар бола скалиоз касаллигига чалингани маълум бўлди. Ясситовонлик касаллигига чалинган болалар сони эса умумтаълим мактабларида 4 нафар, мактабгача таълим муассасаларида 8 нафар экани аниқланди. Шунга қарамай, ҳанузгача мактабгача таълим муассасаларида жисмоний тарбия машғулотларида ясситовонлик ва скалиоз касалликларининг олдини олиш бўйича махсус машқлар ва махсус йўлакчалар ташкил этилмаган.
Бу каби камчиликлар депутатлик гуруҳи йиғилишида атрофлича муҳокама этилди, мутасадди ташкилотларнинг бу борада ўз олдига қўйган вазифалари ижроси бўйича депутатлик назорати ўрнатилди.
Партия депутатлари маҳаллалар, аҳоли хонадонларида бўлиб, одамларни қийнаб келаётган муаммоларни тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал этишмоқда. Жумладан, “Жизза” маҳалласидаги мулоқот чоғида фуқаролар ички йўллар носоз ҳолга келиб қолганидан шикоят қилишган эди. Бу масалага мутасадди ташкилотлар эътиборини қаратдик. Натижада маҳалланинг ички йўлларини таъмирлашга доир вазифалар манзилли дастурга киритилди ва жорий йилнинг иккинчи чорагида бу ишлар амалга ошадиган бўлди.
Депутатлик гуруҳимиз аъзоси Замира Қудратова “Таллиюлғун” қишлоғи аҳолиси билан очиқ мулоқотлардан сўнг фуқаролардан Б.Сатторовга паррандачиликни йўлга қўйиши учун 3 миллион сўм, О.Азимовга тикувчилик ва касаначиликни ривожлантириш учун АТБ “Агробанк” Касби филиалидан 10 миллион сўм кредит олишида амалий ёрдам кўрсатди. Қишлоқ аҳолисини қийнаб келаётган бошқа муаммолар ҳам депутатларимиз иштирокида бартараф этилмоқда.
Депутатлик гуруҳимиз аъзоси Рустам Аллабердиевнинг саъй-ҳаракати туфайли “Оқжангал” қишлоғининг “Олтин қум” кўчасидаги яроқсиз ҳолга келиб қолган электр симёғоч янгисига алмаштирилди.
Р.Аллабердиев ташаббуси билан “Муғлон” қишлоғида яшовчи фуқаро Р.Эминова АТБ “Агробанк” Касби филиалидан 10 миллион сўм кредит билан таъминланди. Р.Эминова мазкур кредит эвазига тикув машинаси харид қилиб, ўз иш ўрнига эга бўлганини депутатлик гуруҳимизга маълум қилди.
Фуқароларнинг доимий ишга жойлашишига кўмаклашиш ҳам депутатларнинг диққат марказида бўлмоқда. Депутатлик гуруҳимиз ёрдамида “Қатағон” қишлоғида яшовчи фуқаро Садоқат Тўхтаниёзова туманимиздаги 4-ҚОПга патронаж ҳамшира сифатида ишга жойлашди. Шу қишлоқда умргузаронлик қилаётган ўайрат Хидиров ва Рўзимурод Эргашев депутат Садин Аширов кўмаги билан иссиқхона қуриш учун АТБ “Агробанк” Касби филиалидан 16 миллион сўм кредит билан таъминланди.
Ҳар бир фуқаронинг иш билан бандлиги унинг оиласи, яқинлари учун ҳаётий аҳамиятга эга. Муҳими, шу орқали жамиятнинг асосий бўғини саналган оилалар фаровонлиги таъминланади.
Аббос ҲАСАНОВ,
халқ депутатлари Касби тумани Кенгашидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Сиёсий партиялар фаолиятини, ғоя ва дастурий мақсадларини тарғиб қилишда оммавий ахборот воситалари билан доимий ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга....
01 янв 1970
Инсон хотираси муқаддас, қадр-қиммати азиз ва мукаррам. Мамлакатимизда кенг нишонланаётган Хотира ва Қадрлаш куни мазмун-моҳиятида ҳам ана шундай э...
01 янв 1970
Ҳар бир депутат берган ваъдасининг устидан чиқишга, хусусан, ўзи сайланган сайлов округи ҳудудида яшовчи фуқароларнинг манфаатини рўёбга чиқаришга ...
01 янв 1970
Аҳоли манфаати учун қилинган ҳар бир иш ўзининг амалий натижасини кўрсатса, шубҳасиз, жойларда партиямиз ходимлари ва депутатларга нисбатан ишонч о...