Ёшларда толерантлик миллий қадриятларимиз асосида ривожлантирилади

/
ЮНЕСКО Бош конференциясининг 1995 йил 16 ноябрда ўтказилган 28-сессиясида қабул қилинган “Бағрикенглик тамойиллари декларацияси” дунёда тинчлик ва тотувликни таъминлаш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари устуворлигини кафолатлаш, тенг ҳуқуқлилик ҳамда ўзаро ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш йўлида хизмат қилмоқда. Ўзбекистонда турли миллат ва диний конфессиялар вакиллари аҳил-иноқ яшаб, жамият ҳаётини равнақ топтириш йўлида самарали меҳнат қилиб келмоқда.
Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси билан ҳамкорликда “Талаба-ёшларда толерантлик дунёқарашини шакллантиришнинг инновацион усуллари” мавзусидаги бўлиб ўтган республика илмий-амалий конференциясида шу ҳақда сўз юритилди.
Унда сўзга чиққан Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Наримон Умаров, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Б.Очилов ва бошқалар мамлакатимизда тинчлик-осойишталикни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини сақлаш, турли миллат ва элатлар, диний конфессиялар ўртасидаги аҳиллик ва тотувликни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини қайд этишди.
— Таъкидлаш лозимки, бугун дунёда тинчликни сақлаш энг муҳим вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Аммо шуни ҳам тан олиш керакки, баъзида энг қудратли қурол ҳам барқарорликни кафолатлай олмай қолиши мумкин. Негаки, бугун бузғунчи кучлар очиқ кураш усулидан кўра, мафкуравий ҳужумлардан фойдаланишни афзал кўрмоқда, — деди Наримон Умаров. — Шу боис Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сайёранинг барча аҳолисини бағрикенгликка ва диний эркинликни таъминлашга, жаҳолатга барҳам беришга қаратилган ҳужжат қабул қилиш ташаббусини илгари сурган эди.
2018 йил 12 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюциянинг қабул қилиниши давлатимиз раҳбари илгари сурган ташаббуснинг амалий ифодаси бўлди.
Ушбу ҳужжат инсон ҳуқуқлари, диний эркинлик ва эътиқодларни ҳурмат қилиш, бағрикенглик ва тинчликни сақлашни рағбатлантириш, глобал мулоқотга кўмаклашишга доир халқаро саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришга ундашини қайд этиш лозим. Чунки бугун ҳаётнинг ўзи барча миллат ва элатлар яхлит бир бутунликда, яъни бағрикенглик ва инсонийлик ғоялари остида бирлашишини тақозо қилмоқда. Буни жаҳонда юз бераётган турли зиддиятлар, низолар, тортишувлар мисолида яққол кўришимиз мумкин.
Конференцияда алоҳида қайд этилганидек, бағрикенглик ўзбек халқи маънавияти ва маданиятининг ажралмас қисми ҳисобланади. Юртимизда нафақат ижтимоий-иқтисодий, сиёсий соҳалар, балки заминимизда истиқомат қилиб келаётган турли миллат ва элатлар ўртасида дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, диний бағрикенглик тамойилини қарор топтириш ҳам муҳим аҳамиятга эга саналади.
Шу билан бирга, бу жиҳатлар мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларда ҳам ўз аксини топган. Хусусан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи йўналиши айнан диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш масаласига бағишлангани мамлакатимиз Президенти ва ҳукуматининг халқаро ҳужжатларда белгиланган умуминсоний вазифаларга юксак эътибор қаратаётганини кўрсатади.
Қодир ЖЎРАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

— Бағрикенглик бугун ёки кеча пайдо бўлган ҳодиса эмас. Бу фазилат асрлар давомида халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Бағрикенглик чуқур тарихий илдизларга эга. Масалан, Буюк Ипак йўлидаги мамлакатлар ҳаётини ёки темурийлар даврини олсак, маҳобатли иморатлар қурилишида турли миллат ва элат вакиллари қатнашганлиги тарих китобларидан яхши маълум.
Ҳозирги кунда ҳам бағрикенгликни сақлаб қолиш ва мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланган. Барча миллат ва элатларнинг тили, маданияти, урф-одат ва анъаналарини сақлаш ҳамда ривожлантириш учун қонуний шароитлар яратилган. Юртимизда турли миллатлар ўртасида ўзаро меҳр-оқибатни янада мустаҳкамлаш диққат марказида бўлиб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясига барча миллатларнинг ўзаро тенглигини таъминлаш мақсадида “миллий озчиликлар” атамаси атайлаб киритилмаган. Аксинча, 8-моддада Ўзбекистон халқини, миллатидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этади, деб мустаҳкамлаб қўйилган.
Шунингдек, 18-моддада барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар, деган қоида халқимизга хос фазилат бўлган бағрикенгликнинг замонавий сиёсий-ҳуқуқий ифодасидир.
Конференция иштирокчилари қайд этганидек, бирдамлик, бағрикенглик социал-демократиянинг асосий шиорларидан биридир. Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам ўз Сайловолди дастурида барча ижтимоий гуруҳларнинг миллий жипслиги, тотувлиги ҳамда уларнинг хилма-хиллигини муштарак ҳолда сақлаш ва ривожлантиришни ўзининг бош мақсади сифатида белгилаб олган.
Исмоил Саифназаров, Тошкент давлат иқтисодиёт университети “Ижтимоий фанлар” кафедраси профессори, фалсафа фанлари доктори:
— Шахсда бағрикенглик дунёқараши, энг аввало, оилада, шунингдек, мактабгача тарбия муассасасидан бошлаб, мактаб, лицей, олий ўқув юртларида шакллантирилиб ва ривожлантирилиб борилади. Инсон дунёнинг, табиатнинг, маданиятлар, динларнинг, айни пайтда миллатларнинг турлича эканлиги ва уларнинг ҳаммаси ҳурмат қилинишга муносиблигини чуқур идрок этиши учун, биринчи навбатда, ўз Ватани, халқи, унинг тили, дини, азалий урф-одатлари, маданий ўзига хослигини тўла идрок эта олиши керак. Ана шундагина у бошқа халқлар, миллатлар, динлар, маданиятларга муносиб баҳо бериш, уларни ҳурмат қилиш ва қадрлашга қодир бўлади.
Конференцияда Ўзбекистонда турли миллат ва элатлар, диний конфессиялар вакиллари ўртасидаги аҳил-иноқлик, ҳамжиҳатликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, тинчлик-осойишталик, барқарорликни сақлаш йўлида олиб борилаётган оқилона ислоҳотлар, амалий чора-тадбирлар ҳақида сўз юритилди. Мамлакатимизда истиқомат қилаётган 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари, 140 га яқин миллий маданий марказлар фаолияти, уларнинг ўз она тили, миллати тарихи, қадриятлари ва маданиятини ўрганиш борасида амалга ошираётган кенг кўламли ишлар тўғрисида талаба ёшларга маълумот берилди.
Бугун республикамизнинг турфа хил маданиятлар гуллаб-яшнаётган мамлакатлардан бири эканлиги ҳар бир ўзбекистонликка фахр-ифтихор туйғуларини бахш этади. Кўпмиллатлилик ва кўпмаданиятлилик — бу бизнинг маънавий бойлигимиз десак, асло муболаға бўлмайди. Ўзбекистонни ўз Ватани деб билиб, унинг тараққиёти йўлида фидокорона меҳнат қилаётган турли миллатга мансуб юртдошларимиздан ҳар бири буни теран ҳис қилади.
Мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоизи 30 ёшгача бўлган ёшлардан иборат. Мазкур мавзудаги тадбир ҳам айнан талаба ёшлар иштирокида ўтказилиши бежиз эмас. Чунки бой маънавий меросимиз, анъаналаримизни келажак авлодга асл ҳолатда етказувчилар ҳам ёшлардир.
Анжуманда ёшларнинг толерант дунёқарашини шакллантиришда ижтимоий фанларнинг аҳамияти, бу борада оила институтининг роли, “Ўзбекистонда миллатлараро ва динлараро бағрикенглик — мамлакат барқарор тараққиётининг муҳим омили” каби мавзулардаги маърузалар тингланди.
Конференция доирасида Ўзбекистондаги миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини ўзида акс эттирган босма нашрлар намойиш қилиниб, турли халқларнинг амалий санъати дурдоналари кўргазмаси ташкил этилди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Матбуот хизмати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Маҳаллий ҳокимият вакиллик органларидаги депутатлик корпуслари ҳудудларда қонун устуворлигини таъминлаш муҳим ўрин тутади....
01 янв 1970
Қарши шаҳридаги “Маҳаллот” маҳалла фуқаролар йиғинида Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси лойиҳасининг муҳокамасига бағишланган тадб...
01 янв 1970
Андижон туманидаги “Боғишамол” болалар оромгоҳида Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши фаоллари ушбу масканда дам...
01 янв 1970
Мактабгача таълим муассасаларида болажонлар учун яратилаётган шароитлар уларнинг соғлом ва зийрак, билимдон бўлиб улғайишларида катта аҳамиятга эга...