Сарҳисоб: танқиддан сўнг фаоллик кучаядими?

/
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда партия Сиёсий Кенгаши ва Ижроия қўмитаси аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, партия ҳудудий кенгашлари раислари, Марказий аппарат масъул ходимлари иштирок этишди.
Танқидий руҳда бўлиб ўтган йиғилишда 2019 йилнинг биринчи чорагида партиянинг барча даражадаги тузилмалари ва депутатлик корпуси томонидан амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар, шу билан бирга, фаолиятда йўл қўйилган камчиликлар таҳлил қилинди. Шунингдек, партия Сиёсий Кенгашининг жорий йил 7 февраль куни бўлиб ўтган пленумида белгиланган вазифалар ижроси ҳамда партия фаолиятига доир масалалар муҳокама этилди.
Мажлисда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Фарҳод Ишанкуловнинг ахбороти тингланди.
— Жорий йилнинг биринчи чораги якунлари ҳамда партия Марказий аппарати масъул ходимларининг 14 та ҳудудий кенгашлар ва 194 та туман, шаҳарлар ташкилотларида ўтказган ўрганишларида барча кенгашлар ҳам бугунги кун талаби бўйича ишламаётгани маълум бўлди, — деди Ф.Ишанкулов. — Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ҳудудий партия кенгашлари фаолиятида бир қатор камчиликлар мавжуд.
Масъул ходимлар томонидан туман, шаҳар кенгашларининг номенклатура йўриқномаси бўйича иш юритиш ва партиявий топшириқларни ижро этишда Фарғона вилоятининг 10 та тумани, Андижон вилоятининг 5 та, Навоий, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикасининг ҳар бирида 4 тадан, Хоразм вилоятининг 3 та, Наманган, Сурхондарё вилоятларида 2 тадан туман, шаҳар партия кенгашлари фаолиятида сусткашликка йўл қўйилгани қайд этилди.
Мажлисда ҳокимият вакиллик органларидаги, айниқса, халқ депутатлари туман Кенгашларида партия депутатларининг масъулияти ва фаоллигини ошириш, уларнинг партия тузилмалари билан янада яқин алоқада ишлашини таъминлаш ҳақида тўхталиб ўтилди. Хусусан, партия депутатлари ташаббуси билан жорий йилнинг 1-чорагида партия депутатлик гуруҳлари томонидан маҳаллий Кенгашлар сессияларида 72 та, доимий комиссияларда 107 та масала кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинган. Бунда, айниқса, Бухоро, Навоий ва Жиззах вилоят кенгашлари фаоллик кўрсатган бўлса, халқ депутатлари Сурхондарё, Фарғона вилоятлари Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари томонидан тегишли Кенгаш сессияларига бирорта ҳам масала киритилмаган.
Шунингдек, аҳоли муаммоларини ҳал этиш ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда мутасадди ташкилотларга депутатлик сўрови киритиш ваколатидан ҳам айрим депутатлар унумли фойдалана олмаяпти. Айрим ҳудудларда мутасадди ташкилотлар, мансабдор шахсларнинг депутатлик сўровига эътиборсизлик билан қараётгани ҳам салбий таъсир қилмоқда. Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги сафдошларимизнинг эса депутатлик сўрови киритишга доир ишларида бир қатор камчиликлар мавжуд.
— Президентимизнинг ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича илгари сурган 5 та ташаббуси бўйича юртимиз бўйлаб кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, — деди партия Марказий аппарати Аёллар ва ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш бўлими мудири Гулруҳ Агзамова. — Ҳудудий кенгашларимиз фаолиятида мазкур ташаббуслардан бири бўлган хотин-қизлар бандлиги, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ва уларни спортга жалб этиш йўналишларида амалий тадбирларнинг миқдор ва сифат даражаси, самараси қониқарли эмас. Беш ташаббусни аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида тарғиб қилиш мақсадида ҳар бир ҳудуднинг ўзига хослигини назарда тутган ҳолда чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилмаган.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгашининг ХI пленуми қарори асосида партия тизимида “Бир ойда бир иш ўрни” лойиҳаси амалиётга жорий қилинди. Лойиҳа доирасида ҳар ойда ҳар бир туман (шаҳар) ташкилоти бир нафар фуқарони ишга жойлаштиришга кўмаклашиши, натижада ҳар ойда партия ташаббуси билан 200 га яқин фуқаро иш билан таъминланиши кўзда тутилган эди. Аммо мазкур лойиҳа бўйича ҳудудлардаги барча ташкилотларимиз ҳам бирдек ишлаяпти, дея олмаймиз. Бунда Хоразм, Бухоро ва Тошкент шаҳар партия кенгашлари фаоллик кўрсатаётган бўлса, қолган ҳудудларда бу масалага етарлича эътибор қаратилмаяпти.
Йиғилишда ҳудудий кенгашлар томонидан партиявий лойиҳаларни амалга ошириш ҳолати ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Партиянинг “Адолат — қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида ҳар ҳафтанинг чоршанба куни маҳаллаларга ташриф буюриб, мавжуд муаммоларни, қонунлар ижросини ўрганиш ва аҳолини қийнаётган масалаларга депутатлар иштирокида ечим топиш вазифаси белгиланган эди.
Шу мақсадда партия ташкилотларининг ишчи гуруҳлари 2019 йил биринчи чораги давомида 1767 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги 30572 та хонадон ва хўжалик юритувчи субъектларда ўрганишлар олиб боришди. Учрашувлар мобайнида аҳоли томонидан 3543 та мурожаат келиб тушиб, уларда қайд этилган масалалар юзасидан 806 та мутасадди ташкилотларга депутатлик сўровлари юборилди. Натижада 262 та муаммо ўз ижобий ечимини топди. 2500 га яқин мурожаатлар ҳуқуқий маслаҳат бериш орқали ҳал этилди.
Афсуски, бу борада Андижон, Наманган, Самарқанд, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳар ҳудудий кенгашлари фаолияти талаб даражасида эмас.
Партиянинг “Сиёсий-ҳуқуқий билимларни мустаҳкамлаш — демократик жамият пойдевори” лойиҳаси мамлакатимизда қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини аҳоли орасида кенг тарғиб қилиш, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишга қаратилган бўлиб, қонунларнинг мазмун-моҳиятини маҳаллаларда фуқароларга тушунтириб, айниқса, ёшларни қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялаш кўзда тутилган. Мажлисда мазкур лойиҳа доирасидаги фаолият таҳлил этилиб, бу борада тарғибот ишларини суст олиб борган ҳудудий ташкилотлар фаолияти қониқарсиз, деб топилди.
Партия Ижроия қўмитаси йиғилишида жорий йил — сайловлар йили эканини инобатга олган ҳолда партиянинг ҳудудий кенгашлари олдида турган бир қатор вазифалар хусусида ҳам сўз юритилди. Жумладан, ҳудудий партия кенгашларидаги мавжуд вакант ўринларни сиёсий билими етук, ташаббускор кадрлар билан тўлдириш, партия лойиҳалари доирасида амалий ишларни кўпайтиришга доир топшириқлар берилди.
Шунингдек, таҳлиллардан келиб чиқиб, ҳудудий ташкилотларнинг моддий-техник базасини яхшилаш, ташкилотларимиз жойлашган биноларни таъмирлаш ва шу каби бошқа бир қатор ишлар жорий йилнинг 1 июнь санасига қадар якунига етказиш лозимлиги таъкидланди.
Йиғилишда партия фаолиятига оид бошқа бир қатор муҳим масалалар ҳам кўриб чиқилди. Муҳокама этилган барча масалалар юзасидан партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг қарорлари қабул қилинди.
Баҳром БУРҲОНИДДИНОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Матбуот хизмати раҳбари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Зарбдор ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежида давра суҳбати ўтказилди.
01 янв 1970
Шу мақсадда мутасадди ташкилот ва муассасаларга тегишли масалалар юзасидан депутатлик сўровлари киритилиб, амалий натижаларга эришилмоқда....
01 янв 1970
Мамлакатимиз ҳаётида катта аҳамиятга эга бўлган тарихий воқелик, Ватан тақдири учун муҳим аҳамиятга эга бўлган  сиёсий жараёнга партиямиз томо...
01 янв 1970
Ҳозирги вақтда мамлакатимизда турли соҳа ва тармоқларда меҳнат қилаётган ишчи-хизматчиларнинг 45 фоизини хотин-қизлар ташкил этади....