Тарғибот ишида юзакиликка йўл қўйиш аҳоли ишончини сусайтиради

/
“Адолат — ҳаётимизнинг бош мезони, адолат — ҳар бир инсон учун” деган эзгу ғоя атрофида бирлашиб, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти асосидаги ҳуқуқий демократик давлат, адолат тамойиллари таъминланадиган фуқаролик жамияти барпо этиш Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг бош мақсади бўлиб, партия депутатлари ва фаолларининг ҳар бир амалий иши ушбу эзгу ғояни рўёбга чиқаришга қаратилган. Ҳудудий партия ташкилотларида ўтказилган семинар тадбирларида ҳам депутатларнинг бу борадаги фаолияти хусусида сўз борди.
САМАРҚАНД. Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгашининг ташаббуси билан “Мақсадимиз — ислоҳотларда фаол иштирок этиш” мавзусида Самарқанд шаҳрида ўтказилган семинарда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳлари фаоллигини кучайтириш, аҳоли билан доимий мулоқотлар олиб бориш, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига дахлдор масалаларни ҳал қилиш борасидаги ташаббускорликни ошириш, бугунги кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида ҳудудий партия ташкилоти олдида турган долзарб вазифалар муҳокама қилинди.
Йиғилишда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши, вилоят хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши вакиллари, партия депутатлари, экспертлари ва фаоллар қатнашди.
— Ўзбекистон “Адолат” СДП ўз Сайловолди дастури ҳамда давлат дастурларида белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиқиб, электорат ва аҳолининг барча қатламлари билан очиқ мулоқот олиб бормоқда, — деди партия Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов. — Ўтган даврда партия томонидан аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш, дори-дармон воситалари билан таъминлашни яхшилаш, илм-фан, таълим-тарбия соҳаларига, бандлик масалаларига асосий эътибор қаратилиб, ушбу йўналишларда муайян ишлар қилинди.
Семинарда вилоят партия ташкилоти фаолиятида эришилган натижалар, шу билан бирга, эътибордан четда қолган жиҳатлар, камчилик ва нуқсонлар таҳлил этилди. Қайд этилганидек, вилоятда 2018 йилда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари ва партия фаоллари томонидан партия лойиҳалари доирасида жамоатчилик назорати асосида 3000 дан ортиқ объектлар ҳолати ўрганиб чиқилди, Ўрганиш натижалари таҳлил этилиб, партия депутатлари ташаббуси билан маҳаллий Кенгашлар сессияларида 24 та, доимий комиссияларда 23 та масала муҳокама этилди, йиғилишларда 27 нафар мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари тингланиб, фикр алмашилди.
Партия лойиҳалари доирасидаги ишлар самарасини ошириш, фаол депутатлар тажрибасини оммалаштириш, ҳудудларда аниқланган муаммоларни кечиктирмай ҳал этиш мақсадида олиб борилган ишлар юзасидан сайловчиларга ҳисоб бериб бориш ҳам аҳолининг ишончини мустаҳкамлайди.
Айни шу масалага ҳар бир депутат ва фаолларимиз алоҳида масъулият билан қараши зарурлиги, партия тизимида ҳам ҳисобдорликни кучайтириш тадбир иштирокчиларининг диққат марказида бўлди.
СИРДАРЁ. Гулистон шаҳрида ўтказилган “Жамиятда юксак ҳуқуқий маданиятни шакллантиришда сиёсий партиянинг ўрни” мавзусидаги семинарда фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада ошириш сайловлар йилида муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
— Ҳар бир ҳудудда аҳолининг партияга муносабати, ишончи сайловлар йилида яна бир бор ўз ифодасини топади, — деди партия Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов. — Бу қай даражада акс этиши, сайловлар оралиғидаги фаолиятимиз, ҳудудлардаги партия ташкилотлари, депутатлар, ҳар бир сафдошимизнинг саъй-ҳаракатлари, аҳоли билан яқин алоқада ишлаш ва аниқ натижаларга кўпроқ эришиш билан белгиланади.
Вилоят партия кенгаши раиси Дилшунос Абдуллаеванинг “Партияни омма орасида кенг тарғиб қилишда пиар технологиялардан фойдаланиш” мавзусидаги маърузаси юзасидан иштирокчилар ўз фикр ва таклифларини билдиришди.
— Аввало, туман, шаҳар партия кенгашларининг бу йўналишдаги фаолиятини кескин жонлантириш зарур, — деди Д.Абдуллаева. — Ахборот технологиялари юксак тараққий этган бугунги даврда одамларнинг дунёқараши ва онги ҳам шунга мос равишда ўсиб бормоқда. Умумий аудиторияни қамраб олиш пиар технологияларни нафақат ўрганишни, балки бу технологиялар асосида мунтазам ишлаш кераклигини англатади. Чунки, дейлик, интернет ҳар кун, ҳар соатда деярли барчанинг назарида туради. Демак, бу аудиторияни бой бериб бўлмайди.
Иштирокчилар интернетнинг замонавий имкониятларидан партиянинг тарғибот-ташвиқот ишларини самарали ташкил этишда унумли фойдаланиш зарурлиги, бу борада ҳали қилинадиган ишлар кўплигини алоҳида таъкидладилар.
БУХОРО. Бугунги кунда аҳолининг сиёсий билими ва саводхонлигини ошириш, ҳуқуқий таълим-тарбияга эътибор қаратиш долзарб вазифага айланган. Ҳар бир соҳада адолат тамойиллари устувор бўлиши ҳам жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш билан боғлиқ. Бухоро шаҳрида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган “Дахлдорлик ҳиссини унутмайлик” мавзусидаги семинар иштирокчилари шу муҳим жиҳат хусусида ҳам сўз юритдилар.
Тадбирда партия фаоллари тарғибот ишларини халқчил ва таъсирчан тарзда олиб бориш, сиёсий ўқувларни юзаки ўтказиш ҳолатларига барҳам бериш, ёшларнинг етарли даражада ҳуқуқий билимларни ўзлаштиришига эришиши уларнинг сиёсий маданиятини шакллантиришга хизмат қилиши таъкидланди.
— Аҳолининг кенг қатламлари билан ишлаш жараёнида шунга амин бўламизки, фуқаролар ўз ҳақ-ҳуқуқи ва мажбуриятларини англаб етиши, ўзгаларнинг ҳуқуқларини ҳам ҳурмат қилиши, уларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал этишга масъул ташкилотлар ходимларини масалага жиддий ёндашувга ундайди, — дейди фаол сафдошимиз Гулчеҳра Тожиева. — Шу билан бирга, фаол фуқаролар ижтимоий масалаларга ечим топишда ўз таклифи билан иштирок этишга ҳаракат қилади.
2018 йилда вилоят партия ташкилотлари томонидан 1368 та маҳалла фуқаролар йиғинида сиёсий ўқувлар ташкил этилиб, уларда 16 минг нафардан зиёд фуқаро қатнашди. Аммо сиёсий ўқувларда айрим маърузаларда умумий баён этиш услуби етакчилик қилаётгани кузатилади. Бундай тадбирларда аниқ тушунчалар бериш ва фуқароларни ҳам фикрлашга чорлаш айни муддаодир.
Семинарда таъкидланганидек, вилоятда 2018 йил давомида партиямизнинг “Мактабгача таълим — кадрлар тайёрлашнинг бирламчи бўғини”, “Мактабда ижтимоий тенглик”, “Адолат — қонун устуворлигининг гарови”, “Фарзандлари соғлом юрт — қудратли бўлур”, “Соғлом турмуш тарзи йўлида бирлашайлик” лойиҳалари доирасида ўрганишлар олиб борилди. Ўрганишлар асосида партия депутатлари ташаббуси билан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар сессияларига 34, доимий комиссияларга 100 дан зиёд масалалар киритилиб, қабул қилинган қарорлар ижроси устидан депутатлик назорати ўрнатилди.
Хусусан, “Адолат — қонун устуворлигининг гарови” лойиҳаси доирасида 698 та МФЙда, хонадонларда фуқаролар билан мулоқотлар олиб борилди. Учрашувларда турли масалаларга доир 2000 дан зиёд мурожаатлар келиб тушди. Мазкур мурожаатлар асосида мутасадди ташкилотларга 621 та депутатлик сўровлари киритилиб, уларда қайд этилган масалаларнинг аксарияти ижобий ечим топишига эришилди.
Таҳлил ва хулосалардан келиб чиқиб, семинар иштирокчилари галдаги вазифалар ҳақида фикрлашиб олишди.
Л.САЙИДОВА, М.БОБОНАЗАРОВА, М.АБДУЛЛАЕВА,
Самарқанд, Сирдарё, Бухоро вилоятлари кенгашлари матбуот котиблари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мутасадди ташкилотларга аҳолини ўйлантираётган масалалар юзасидан депутатлик сўрови киритиш орқали уларнинг манфаатларини рўёбга чиқариш Ўзбекистон...
01 янв 1970
Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институтида семинар-тренинг ўтказилди....
01 янв 1970
Барча соҳалардаги туб ислоҳотлар самараси биз, ёшларнинг маънавий қарашларимиздаги янгиланиш, онг-тафаккуримизнинг юксалишида акс этмоқда...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари ҳудудларда аҳоли билан учрашиб, очиқ мулоқотлар ўтказишди....