“Бори элға яхшилиғ қилғилки...”

/
14 февраль куни Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳамкорлигида Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 536 йиллигига бағишлаб, “Бори элға яхшилиғ қилғилки...” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Унда партия Сиёсий Кенгаши аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси вакиллари, миллий-маданий марказлар фаоллари, улуғ аждодимиз Бобурнинг тарихий, илмий ва адабий меросини ўрганиш юзасидан фаолият олиб бораётган соҳа мутахассислари, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Юртимизда Бобур ва бобурийлар ҳақидаги янги маълумотларни аниқлаш, тўплаш, буюк шоир ижодини ўрганиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар Бобур ва бобурийлар маънавий меросининг ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашдаги аҳамиятини оширмоқда.
Тадбирда сўзга чиққанлар, Бобур нафақат шоир ва саркарда, балки адолатпарвар ҳукмдор бўлганини қайд этишди. Ҳиндистон мамлакатида Бобур тинчлик, фаровонликни таъминлашга, барқарор ҳаёт яратишга, аҳолининг турмуш тарзини яхшилашга, ижтимоий адолатни таъминлашга қаратилган ислоҳотлар ўтказди, ўлкадаги миллатлараро низоларни бартараф этиб, кўп миллатли ҳинд халқини ягона мақсад йўлида бирлаштирди.
Юртимизда миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини яхшилаш, тарихимиз, қадриятларимиз бир халқларнинг маданий меросини биргаликда ўрганиш борасида амалий ишлар қилинмоқда. Маълумки, Конституциямизда «Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади”, деб қайд этилган.
Бугунги кунда мамлакатимизда 140 га яқин миллий-маданий марказ фаолият кўрсатиб келмоқда. Теле-радиоканаллар оркали 10 тилда кўрсатув ва эшиттиришлар олиб борилмоқда. Турли тилларда газеталар босилмоқда. Шу билан бирга, юртимизда ўрта ва олий таълим 7 тилда амалга оширилмоқда.
Тадбирда сўзга чиққанлар қайд этганидек, фуқаролар тотувлиги, барқарорлигини, турли миллатлар вакиллари ўртасидаги тинчлик ва ҳамжиҳатликни таъминлашда, ватандошларимиз онгида кўп миллатли ягона оила туйғусини мустаҳкамлаш, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва янада ривожлантиришда Президентимизнинг “Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони дастуриламал бўлмоқда. Бирдамлик — социал-демократиянинг устувор тамойилларидан бири, деб ҳисобловчи Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Сайловолди дастурида ҳам бу муҳим мезонларга алоҳида эътибор қаратилган. Зеро, Ўзбекистондаги турли миллат вакилларининг миллий жипслиги ва тотувлиги мамлакатимизнинг барқарор ривожланишига ҳам хизмат қилади.
Маънавий-маърифий тадбир якунида Ўзбекистон “Адолат” СДП қошида ташкил этилган “Истеъдод клуби” аъзоларининг шоҳ, адиб ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодидан намуналар асосидаги ҳамда миллатлараро тотувликни тараннум этувчи бадиий чиқишлари барчага завқ бағишлади.
Фаррух АБДУҲАМИДОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Матбуот хизмати ходими

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мавлуда опа тақдир тақозоси билан саломатлигини йўқотиб, 1-гуруҳ ногирони бўлиб қолганида ҳам умидсизликка тушиб, ғам-андуҳ чекмади....
01 янв 1970
Партия ушбу соҳани ривожлантиришда фаоллик билан иш олиб боришга, айниқса, кенг жамоатчилик орасида тарғибот ишларини кучайтиришга катта эътибор қа...
01 янв 1970
Мутасадди муассасаларнинг раҳбар ходимлари бу борадаги масъулиятини кучайтириши шарт....
01 янв 1970
Жойларда қонунлар ижросини тўлақонли таъминлашга ҳисса қўшиш орқали халқ эҳтиёжларига кўпроқ манфаат етказиш мақсадида партия депутатлари ўз вакола...