Ўқитувчи мақоми қандай бўлиши керак?

/
Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига 2019 йилнинг 11 январида жойлаштирилган “Ўқитувчи мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кенг жамоатчиликнинг диққат марказида бўлди. Ушбу қонун лойиҳаси Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг барча бўғиндаги тузилмалари, партия фаоллари, депутатлар, экспертлар томонидан ҳам ўрганилди. Тўпланган фикр ва таклифлар таҳлил этилиб, дастурий мақсадларимиз ҳамда электорат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ушбу қонун лойиҳаси юзасидан асослантирилган 20 та таклиф тайёрланди.
Ушбу таклифларда ўқитувчининг касбий фаолияти ва шу фаолиятдаги ҳуқуқлари, унинг одоб-ахлоқ қоидалари, якка тартибдаги педагогик фаолият (репетиторлик), муаллимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва ижтимоий муҳофазаси, ўқитувчи фаолияти устидан жамоатчилик назорати ва бошқа бир қатор меъёрлар юзасидан асослантирилган фикрлар ўз аксини топган. Жумладан, қуйида бир қанча мисоллар келтириб ўтамиз:
1. Қонун лойиҳасининг 2-моддасида мазкур қонуннинг қўлланилиш соҳалари санаб ўтилган. Таълим соҳасидаги давлат бошқаруви органлари ва уларнинг ҳудудий бўлинмаларини ҳам ана шулардан бири сифатида киритиш мақсадга мувофиқдир. Маълумки, таълим соҳасидаги давлат бошқаруви органлари ва бўлинмаларига энг фаол, салоҳиятли, малакали ва тажрибали ўқитувчилар жалб этилади. Ушбу лавозимга ўтгач, мазкур педагоглар ўқитувчи мақомини йўқотиши мантиққа тўғри келмайди. Унинг тегишли имтиёзлардан чекланиши кадрлар салоҳиятининг тушиб кетишига олиб келади. Шу сабабдан мазкур қонун уларга ҳам татбиқ этилиши лозим. Шу билан бирга, уларнинг яна ўқитувчилик фаолиятига қайтиш имконияти ҳам борлигини назардан четда қолдириб бўлмайди.
2. Лойиҳанинг 3-моддасида ўқитувчининг касбий фаолиятдаги ҳуқуқлари хусусида сўз боради. Уларнинг ҳуқуқлари қаторида қуйидаги жумлалар орқали “ўзи яратган ўқув қўлланма, монография ва шу турдаги илмий янгиликларни қонунчиликда белгиланган тартибда тижоратлаштириш ва ундан тушадиган маблағни ихтиёрий равишда тассаруф этиш”ини ҳам келтириш жоиздир.
3. Ўқитувчининг одоб-ахлоқ қоидаларига оид 11-модданинг тегишли бандида “Ўқитувчиларнинг кийинишига қўйиладиган талаблар таълим ташкилотлари томонидан белгиланиши мумкин”, деб қайд этилган. Бунда охирги жумлани “белгиланади” деб аниқ ифодаланса, ушбу норма амалда ҳақиқатан ишлашини таъминлайди.
4. Қонун лойиҳасининг 13-моддаси “Меҳнатга ҳақ тўлаш”, деб номланган. Ўриндошлик сифатида ўтиладиган дарсларнинг иккинчи даражали бўлиб қолмаслиги, бундай ҳолатларда таълим сифатининг пасайиб кетишининг олдини олиш мақсадида ушбу модда “Ўқитувчиларнинг ўриндошлик асосидаги фаолиятига базавий тариф ставкаларига биноан 100 фоиз меҳнат ҳақи тўланади”, деган меъёр билан тўлдирилиши лозим. Дейлик, айрим фанлар бўйича белгиланган дарс соатлари бир ўқитувчи учун бир ставкага ҳам тўғри келмайди. Шунинг учун у бошқа мактабдан ҳам дарс олишга мажбур бўлади. Бу ҳолатда энди ўқитувчи бир хил фаолияти учун икки хил ҳақ олишига тўғри келиб қолмаслиги керак.
5. Лойиҳанинг 14-моддасидаги “25 йил ва ундан ортиқ меҳнат стажига эга бўлган ўқитувчилар муддатидан олдин ёшга доир пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга”, деган жумлаларни 14-модданинг 4-хатбошисидаги меъёрларга номутаносиб бўлганлиги сабабли чиқариб ташлаш таклиф этилмоқда. Чунки пенсияга чиқиш ёши оширилаётган бир шароитда 25 йил фаолият юритган ўқитувчи 50 ёшга тўлмасданоқ пенсияга чиқиб кетишига тўғри келиб қолади.
6. Лойиҳанинг 17-моддасига кўра, “Давлат томонидан ҳар йили қишлоқ ва шаҳарларда намунавий лойиҳалар бўйича қурилаётган арзон уй-жойларнинг бир қисмини ўқитувчиларга имтиёзли асосларга кўра ипотека кредити сифатида бериш рағбатлантирилади”, дейилган. Шу ўринда ушбу нормани ҳам аниқлаштириб, яна қуйидаги қўшимчаларни киритиш айни муддаодир: “Давлат томонидан ҳар йили қишлоқ ва шаҳарларда намунавий лойиҳалар бўйича қурилаётган арзон уй-жойларнинг бир қисми ўқитувчиларга ипотека кредити ажратилиши орқали имтиёзли асосларга кўра берилади.
Тегишли таълим соҳасидаги давлат бошқаруви органлари ёки уларнинг ҳудудий бўлинмалари томонидан тақдим этилган рўйхатга биноан, 10 йил узлуксиз педагогик иш стажига эга бўлган ва айни вақтда таълим тизимида фаолият олиб бораётган ўқитувчиларга автотранспорт воситаларини сотиб олиш учун имтиёзли кредитлар ажратилади.
7. Ўқитувчи фаолиятига нисбатан чекловлар (20-модда) қаторида яна бир чеклов “Давлат таълим стандартларига номувофиқ дарс машғулотларини ўтиш”, деган жумла билан тўлдирилса, бу меъёр таълим муассасаларида давлат таълим стандартларига мос равишда дарс машғулотларини ташкил этишга хизмат қилган бўлар эди.
8. Ўқитувчиларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш (22-модда) назарда тутилган модданинг матнини таклиф қилинаётган ўзгартириш асосида “Давлат томонидан мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва мактабдан ташқари таълим муассасалари ўқитувчилари, шунингдек, таълим соҳасидаги давлат бошқаруви органлари ва уларнинг ҳудудий бўлинмаларининг педагог мутахассислари малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш учун шароит яратиш кафолатланади”, деб белгилаш амалиётда ўз натижасини берган бўлар эди. Яъни тегишли таълим соҳасидаги давлат бошқаруви органлари ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари педагог мутахассислари айни пайтда ўқитувчи ҳисобланишини инобатга олиш лозим. Шунингдек, уларнинг таълим соҳасидаги ёки маълум бир фан соҳасидаги янгиликлар ва ислоҳотлардан хабардор бўлиб бориши мақсадга мувофиқдир.
9. Қонун лойиҳасининг 24-моддасидаги “Ўқитувчилар фаолиятини назорат қилиш қонун ҳужжатлари асосида аттестациядан ўтказиш, уларнинг фаолиятини ўрганиш, баҳолаш ва бошқа шаклларда амалга оширилади”, дейилган. Бу ўринда қўлланилган “ва бошқа” жумласи, бизнингча, педагог фаолиятини асоссиз текшириш ва назорат қилиш ҳуқуқини беради. Шуни назарда тутиб, мазкур қисқа жумлани олиб ташлаган маъқул.
10. Ўқитувчи фаолияти устидан жамоатчилик назорати меъёрлари белгиланган 25-модданинг “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатга олинган нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари томонидан мазкур назорат амалга оширилиши мумкин”, деган банди қуйидаги таҳрирда баён этилиши айни муддао саналади: “Ўқитувчи фаолияти устидан жамоатчилик назоратини таълим муассасасида тузилган Кузатув кенгаши амалга оширишга ваколатлидир”. Чунки ўқитувчи фаолиятига турли даражадаги идоралар (ННТ, ОАВ, ФЎЎБО) томонидан асоссиз аралашувлар таълим сифатига салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун, ота-оналар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқалардан иборат таркибда тузиладиган Кузатув кенгашига ушбу ваколатни бериш мақсадга мувофиқдир.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги муаллифлигида ишлаб чиқилган “Ўқитувчи мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳаси юзасидан Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан партия позициясидан келиб чиқиб тайёрланган барча таклифлар вазирликка тақдим қилинди.
Муҳаммаджон ЖЎРАЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Марказий аппарати бўлим бошлиғи

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мактабгача таълим муассасалари фарзандларимизнинг онгу тафаккури ўсишида муҳим ўрин тутади....
01 янв 1970
Шу кунларда ўқувчилари ўртасида ўтказилаётган “Адолат билимдони” республика кўрик-танловининг шаҳар, туман босқичлари ниҳоясига етмоқда...
01 янв 1970
Мустақиллик биз, ёшларга ўз тарихимиз ва миллий қадриятларимизни эмин-эркин ўрганиш, эркин фикрлаш ва ижод қилиш бахтини берди....
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига 2019 йилнинг 11 январида жойлаштирилган “Ўқитувчи мақоми т...