Аҳоли соғлиғини сақлашда мавжуд муаммолар ҳал этилади

/
Мамлакатимизда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини тубдан ошириш, тиббиёт муассасаларининг ресурслар салоҳиятини яхшилаш, соҳани ислоҳ қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар мунтазам амалга ошириб келинмоқда.
Шу билан бирга, мамлакат соғлиқни сақлаш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш зарур бўлган шароитда тиббиёт соҳасини бошқаришнинг инновацион моделини жорий этиш, тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантиришни давом эттириш, уларнинг касбий даражасини ошириш учун муносиб шарт-шароитлар ва рағбатлантирувчи омиллар яратиш масалалари давлатнинг доимий диққат марказида турибди.
Соҳа учун катта имкониятлар яратилиб, долзарб масалалар ҳал қилиб берилишига қарамасдан ушбу тизимда кутилган натижага эришилмаяпти. Айниқса, фуқароларимиз туманлар, чекка қишлоқлардаги аҳоли тиббий хизматдаги жиддий ва туб ўзгаришларни ўз ҳаётида сезмаяпти.
Тиббиёт соҳаси фаолиятини ташкил этишда сўнгги йилларда тўпланиб қолган камчилик ва муаммолар фуқароларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган вазифаларни самарали ҳал этишга тўсқинлик қилмоқда.
Хусусан, тармоқни комплекс ҳуқуқий тартибга солишнинг мавжуд эмаслиги, касалликларнинг олдини олиш ва улардан аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги қонуности, идоравий ҳужжатларнинг кўплиги, касалликларни профилактика қилиш, барвақт аниқлаш, патронаж ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича ишлар самарадорлигининг пастлиги, аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг турли босқичларида, шу жумладан, даволаш ва саломатликни тиклаш жараёнида узвийлик сустлиги, соғлиқни сақлаш тизими тиббиёт илм-фани ҳамда амалиётининг замонавий ютуқларидан ортда қолиб кетишига олиб келаётганлиги ва бошқа сабаблар шулар жумласидандир.
Бу каби масалаларни ҳал этиш мақсадида Президентимизнинг 2018 йил 7 декабрда тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони, мазкур ҳужжатга мувофиқ қабул қилинган Концепцияда юртимизда аҳоли саломатлигини сақлаш ва яхшилаш имконини берадиган сифатли соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этиш, соғлом авлод тарбияси учун шарт-шароит яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгилаб берилган.
Жорий йилнинг 12 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси томонидан “2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш Концепцияси” ижросини таъминлашда партия фракциясининг асосий вазифалари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Йиғилишнинг асосий мақсади Концепция ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари дастури мазмун-моҳиятини кенг аҳолига етказиш ҳамда дастур ижроси бўйича фракция олдида турган вазифаларга қаратилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда амалга ошрилаётган ислоҳотлар натижасида аҳолига тиббий хизмат кўрсатишнинг самарадорлиги, сифатини оширишда муайян ишлар қилинди. Натижада аҳолининг умр кўриши 4,6 ёшга — 1995 йилдаги ўртача 69,1 ёшдан 2017 йилда 73,7 ёшга ошди.
Болаларда энг кўп учрайдиган касалликларга қарши эмлаш ва профилактика тадбирлари билан қамраб олиш даражаси 96-98 фоизда қатъий сақланиб турибди.
Шу билан бирга, аҳоли соғлиғини сақлаш тизимида ечимини кутаётган масалалар, салбий ҳолатлар сақланиб қолмоқда.
Йиғилишда фракция томонидан мазкур муаммоларни бартараф қилишда иштирок этиш ва Концепция доирасида тасдиқланган дастур йўналишларидан келиб чиқиб, аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Хусусан, соғлиқни сақлаш соҳасида амалдаги қонун ҳужжатларини бир-бирига мувофиқлигига ҳамда уларни тўғридан-тўғри қўллашга эришиш мақсадида Соғлиқни сақлаш кодексини, тиббиёт ходимлари ўз касбий мажбуриятларига риоя қилишини таъминлаш, манфаатлар тўқнашуви ва коррупция ҳолатлари юзага келишининг олдини олиш механизмларини такомиллаштириш, шу жумладан, тиббиёт ходимларининг ахлоқ кодекси қабул қилинишида фаол қатнашиш, мазкур кодекс лойиҳасини кенг жамоатчилик муҳокамалари ёрдамида маромига етказиш зарурлиги қайд этилди.
Фракция аъзоларининг ҳудудларга чиқишлари ва партия электорати билан учрашувлари давомида тиббий таълим муассасаларида илғор илмий ишланмалар ва технологияларни соғлиқни сақлаш амалиётига интеграция қилиш, шу жумладан, таълим муассасалари йўналишларини оптималлаштириш, “таълим-илм-амалиёт” интеграцияси ва узлуксизлигини жорий этиш, олий ва ўрта тиббиёт таълим сифатини ошириш масалаларига алоҳида эътибор бериш лозимлиги қайд этилди.
Шунингдек, санитария-эпидемиология хизматини ривожлантириш, юқумли ва юқумли бўлмаган сурункали касалликларни назорат қилиш тизимини такомиллаштириш, халқаро тиббий-санитария қоидаларини жорий этиш жараёнида жамоатчилик назоратини амалга ошириш ҳам депутатларнинг вазифаси эканлиги таъкидланди.
— Бу жараёнда мамлакат парламенти, хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси янада фаол бўлиши талаб этилади, — деди фракция аъзоси Қодир Жўраев. — Зеро, соғлиқни сақлаш соҳаси “Адолат” СДП Сайловолди дастурининг устувор йўналишларидан бири бўлиб, соҳа ходимлари партиямиз электорати ҳисобланади. Партиямизнинг Сайловолди дастурида бу борада қатор вазифаларни зиммамизга олганимиз боис, мазкур Концепция ижроси “Адолат” СДПнинг барча даражадаги депутатлик корпусининг доимий эътиборида бўлиши лозим. Шундагина биз Концепциянинг муваффақиятини таъминлашга, мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимини жаҳон андозалари даражасига кўтаришга, энг муҳими, инсон манфаатларини амалда рўёбга чиқаришга муносиб ҳисса қўшган бўламиз.
Йиғилиш иштирокчилари белгиланган вазифалар “Адолат” СДП Сайловолди дастурида таъкидланганидек, аҳолининг кенг қатламларига кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини янада яхшилаш ва тиббиёт соҳасида замонавий технологияларни кенг жорий этиш каби вазифаларга мос эканини таъкидладилар.
Давра суҳбатида Концепция доирасида белгиланган ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасида муҳокама этилган “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлашда соҳа мутахассисларининг таклифлари юзасидан фикр алмашилди.
— “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинишини ҳаётнинг ўзи тақозо қилмоқда, буни қонун лойиҳаси аҳолининг талаби ва истаклари асосида, шунингдек, билдирилган таклифлар ва йўлланган мурожаатлар асосида ишлаб чиқилганлиги билан ҳам изоҳлаш мумкин, — деди фракция аъзоси, қонун ташаббускори Муҳаррам Дадаходжаева. — Эътироф этиш жоизки, соғлиқни сақлаш соҳасида замонавий тиббиёт ютуқларидан кенг фойдаланиш ҳамиша Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг устувор вазифаси бўлиб келган. Хусусан, партиянинг 2009 йилдаги Сайловолди дастурида Соғлиқни сақлаш тизимида юқори даражадаги тиббий хизматни кафолатловчи қонунлар туркумини яратиш қайд этилган бўлса, кейинги дастурида аҳоли ўртасида талаб юқори бўлган тиббиёт муолажаларига, хусусан, трансплантологияга, экстракорпорал уруғлантириш ва бошқа замонавий тиббий хизматларга рухсат бериш белгиланган. Шу боис “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши ва Қонунчилик палатасига киритилиши партиянинг дастурий мақсадлари ҳаётга татбиқ этилаётганидан далолат беради.
Албатта, мазкур қонун лойиҳасининг мукаммаллигини таъминлаш мақсадида барча ҳудудларда ва қатор муассасаларда “Фракция-марказ-вилоят-туман” тизими орқали олимлар, амалиётчилар, соҳа мутахассислари иштирокида кенг муҳокама қилинди. Мазкур муҳокамалар давомида 50 дан ортиқ таклифлар билдирилди ва умумлаштирилган ҳолда фракцияга тақдим этилди.
Қонун лойиҳасининг 5-моддасига олий таълим, хусусан, тиббиёт институтлари ўқув дастурида “Эмбриология”, “Андрология” ва “Репродуктология” йўналишларини фан сифатида ўқитилишини ташкил этиш, мактабларда қизлар гигиенаси бўйича ўқув дарслари, ўсмир йигитлар учун тиббий билим дарс соатлари ажратилиши масаласи, 13-моддасига эркакларда бепуштликнинг олдини олиш, улардаги касалликларни эрта аниқлаш мақсадида ўғил болалар ўртасида тиббий кўрикларни сифатли ўтказиш масалаларини киритиш, 23-моддасида фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахсларга маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортишнинг аниқ механизмларини кўрсатиш каби таклифлар шулар жумласидандир.
Берилган таклифларни инобатга олишда лойиҳанинг халқчиллиги ва тўғридан-тўғри ишлашига эришиш, фуқароларга сифатли тиббий хизмат кўрсатишни таъминловчи бандларини аниқ белгилашга эътибор қаратилди.
Анвар ЭГАМҚУЛОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракция ижрочи котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Сайловчилар ишонч билдирган вакиллар фуқароларни ўйлантираётган у ёки бу масалада мутасадди идораларга депутатлик сўрови киритиши ва ижрони назорат...
01 янв 1970
Ишчи гуруҳ ўрганишларида МФЙ учун қурилиши мўлжалланган янги бино эътиборсиз қолиб, ташландиқ жойга айланиб бораётгани маълум бўлди. ...
01 янв 1970
“Фуқаролар репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш – оилалар мустаҳкамлиги ва жамият тараққиёти гарови” мавзусида давра суҳбати ...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...