Репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш оила мустаҳкамлигини таъминлайди

/
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг йиғилишида қуйи палатанинг навбатдаги мажлиси кун тартибига киритилган бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
Депутатлар дастлаб “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилдилар. Мазкур қонун лойиҳаси фракция аъзоси М.Дадаходжаева ва бошқа депутатлар ташаббускорлигида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилган бўлиб, унинг мақсади аҳолининг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш, бепуштликнинг олдини олиш ва даволаш соҳасидаги ижтимоий муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.
Бугунги кунда юртимизда репродуктив саломатлик масаласида алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмас. Шу боис бу масалада фуқароларимиз кўпинча бошқа мамлакатларда тиббий муолажалар олишмоқда. Айтиш мумкинки, аҳоли репродуктив саломатлигини яхшилашнинг асосий мақсади эркак ва аёллар бепуштлигининг олдини олиш ва даволаш тизимини қонунчилик даражасида мустаҳкамлашдир.
Халқаро экспертларнинг маълумотларига кўра, дунёда репродуктив ёшдаги жуфтликлар орасида бепуштликнинг тарқалиши ўртача 10-15 фоизни ташкил этади. Бу эса ўз навбатида, эр-хотинларнинг ижтимоий-руҳий ҳолати бузилишига, оилада зиддиятли масалалар вужудга келишига, ажримлар сонининг ўсишига олиб келади.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг маълумотларига биноан охирги йилларда мамлакатимизда оилавий ажралишларнинг 4,7 фоизи жуфтликлар бепуштлигига тўғри келади. Мамлакатимизда ўтказилган турли тадқиқотлар бирламчи бепуштликка чалинган аёллар барча турмуш қурганлар умумий сонига нисбатан 4,9 фоиздан 5,3 фоизгачани ташкил этишини кўрсатади. Шу муносабат билан қонун лойиҳасини кўп йиллардан буён фарзанд кўролмай юрган аҳолининг талаби ва истаклари, шунингдек, билдирилган таклифлар ва йўлланган мурожаатлари асосида ишлаб чиқишга зарурат туғилди.
Лойиҳада фуқароларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, фуқароларнинг репродуктив танлов эркинлиги, шунингдек, репродуктив ҳуқуқларини рўёбга чиқарувчи ташкилотлар ва юридик шахсларнинг фаолиятини амалга оширишга доир қоидалар, репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш, бепуштликни даволаш, унинг профилактикаси ва олдини олиш бўйича тиббий хизмат кўрсатаётган давлат ва хусусий сектор ташкилотлари тизими аниқ белгилаб қўйилган.
Шунингдек, қонун лойиҳасининг амалиётга жорий этилишида ижрони таъминлаш ва унинг мазмуни аҳолига тушунарли бўлишини назарда тутиб, “фуқароларнинг репродуктив саломатлиги”, “фуқароларнинг репродуктив ҳуқуқлари”, “ёрдамчи репродуктив технологиялар”, “оилани режалаштириш” каби асосий тушунчалар алоҳида белгилаб қўйилган.
Ушбу қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизнинг барқарор ривожланишида муҳим ижтимоий аҳамиятга эга бўлган оила мустаҳкамлигини таъминлаш, фуқароларга юқори технологияларга асосланган сифатли ва юқори малакали тиббий хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтиради. Ушбу ҳужжат мазкур соҳа ҳамда тиббиёт фани, шунингдек, хусусий тиббиётнинг ривожланиши учун зарур бўлган бозор механизмларини жорий этишга ҳам хизмат қилади. Шу билан бирга, тиббиёт муассасаларининг рақобатбардошлиги оширилишини таъминлайди.
Бу эса “Адолат” социал-демократик партияси Сайловолди дастурида илгари сурилган аҳолининг кенг қатламларига кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини янада ошириш, талаби юқори бўлган тиббий муолажаларга, хусусан, экстракорпарал уруғлантириш ва бошқа замонавий тиббий хизматларга рухсат бериш каби вазифаларга мос эканлиги билан аҳамиятлидир.
Қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига киритилгунига қадар бир неча йилдан буён партия томонидан соҳа мутахассислари иштирокида муҳокамадан ўтказилганлиги, бу борада халқаро тажриба ўрганилганлиги ҳамда чет давлатларда минглаб доллар сарфлаб муолажа олиб қайтаётган, аксарият ҳолларда бу муолажалар фойда бермаётган фуқароларимизга қулайликлар яратиши фракция аъзолари томонидан таъкидланди.
Йиғилишда кўриб чиқилган масалалар юзасидан партия фракциясининг позицияси белгилаб олинди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.
Анвар ЭГАМҚУЛОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
“Адолат” СДП фракцияси ижрочи котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ҳаётда шундай одамлар бўладики, улар ўзларининг фидокорона меҳнатлари билан эл орасида обрў-эътибор топади. Абдуқаҳҳор Аҳмедовни воҳада ҳамма т...
01 янв 1970
Ҳозирги вақтда мамлакатимизда турли соҳа ва тармоқларда меҳнат қилаётган ишчи-хизматчиларнинг 45 фоизини хотин-қизлар ташкил этади....
01 янв 1970
Жамиятимизнинг барча жабҳалари қаторида сиёсий партиялар фаолиятини ҳам оммавий ахборот воситаларининг иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди. ...
01 янв 1970
Албатта, қишлоқ хўжалигидаги долзарб масалалар ечими, сув манбаларидан тежамкорлик билан фойдаланиш пировардида халқимиз фаровонлигини таъминлашга ...