Электорат манфаатлари рўёбга чиқмоқда

/
Жойларда мавжуд муаммолар юзасидан фуқароларнинг мурожаатларини чуқур ўрганиш ва ҳал этишда партия депутатлари фаоллиги муҳим аҳамият касб этади.
Халқ депутатлари Бекобод тумани Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари партия фаоллари билан ҳамжиҳатликда ишлаб, масалалар ечим топишида бир қатор натижаларга эришмоқда. Депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан жорий йил давомида мутасадди ташкилотларга киритилган депутатлик сўровларининг асосий қисми ижтимоий масалалар ва коммунал соҳага доир муаммолар эканлиги бу борада депутатлар жиддий ўрганишлар олиб бориши зарурлигини ҳам англатади.
Туман партия кенгашининг “Адолат қабулхонаси”га фуқаролардан келиб тушган мурожаатлар асосида мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда амалий ишлар қилинди. Партия депутатларининг туман Бандликка кўмаклашиш маркази билан ҳамкорлиги натижасида фуқароларнинг мурожаати асосида вақтинча ишсиз бўлган ёшлар тумандаги қурилиш ташкилотларига ишга жойлаштирилди. Шу билан бирга, бандлик масаласида депутатлик гуруҳидан ёрдам сўраган ёш мутахассислардан Толибжон Деҳқонбоев, Дадахон Абдурасулов, Сайёра Қодирова, Дилфуза Усмонова айни пайтда туман “Баркамол авлод маркази”да фаолият олиб боришмоқда. Тумандаги “Гулистон” МФЙнинг “Навоий” кўчасида аҳоли ҳамда транспорт воситалари қатновида ноқулайликлар юзага келаётганлиги, чунки йўл таъмирталаб ҳолатга келиб қолганлиги юзасидан фуқаролардан мурожаатлар келиб тушди. Ушбу мурожаатлар асосида депутатлик гуруҳи аъзоси Зоҳида Сувонова томонидан туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонасига депутатлик сўрови чиқарилди. Ҳамкорликдаги ўрганишлар натижасида ҳозирда ушбу йўл таъмирланмоқда.
Шунингдек, “Навоий” кўчасида йўлнинг носозлигш, ёмғир сувлари чиқиб кетадиган ариқ йўқлиги туфайли ёғингарчилик пайтида сув тўпланиб, ноқулайликлар юзага келаётганидан фуқаролар шикоят қилишган эди. Депутат З.Сувонованинг “Йўл хўжалиги пудрат таъмирлаш” ташкилот раҳбарига ички йўллар ҳолатини яхшилаш бўйича юборган депутатлик сўрови асосида мазкур йўл четига лоток ётқизилди.
Депутатлик гуруҳининг “Йўл хўжалиги пудрат таъмирлаш” ташкилоти раҳбарига ички йўллар ҳолатини яхшилаш бўйича юборган яна бир депутатлик сўрови ҳам ижобий ечим топди.
Яъни “Истиқлол” маҳалласининг “Мустақиллик” кўчасидаги пиёдалар йўлаги таъмирланиб, бетон йўлак ётқизилди. Мазкур йўл ўртасига бетон тўсиқ қурилиб, йўл четига светофор ва чиқинди челаклари ўрнатилди. Ҳозирда ёритқичлар учун устунлар ўрнатилмоқда. Шунингдек, ушбу йўл четида автомобиллар учун тўхташ жойи ажратилиб, транспорт воситалари ва аҳолига қулайликлар яратилди. Савдо шохобчаси йўқлиги боис аҳоли йўл четида савдо-сотиқ қилишарди. Эндиликда “Мустақиллик” кўчасининг атрофи обод этилиб, янги савдо расталари барпо этилди.
Депутатлик гуруҳининг яна бир аъзоси Ибодат Ўтамбоева ҳам сайловчиларнинг таклиф ва мурожаатлари билан ишлашга масъулият билан ёндашади, у ёки бу ташкилот раҳбарига киритган депутатлик сўрови юзасидан назоратни сусайтирмайди. Очиғини айтганда, кутилган натижага эришгунча баъзан бир неча бор мутасадди раҳбарлар билан масала юзасидан фикрлашишга тўғри келади. Сайловчини эса аниқ натижа кўпроқ қизиқтиради.
“Ўрикзор” маҳалласининг “Янгиобод” ва “Ўрикзор” кўчаларида таъмирлаш ишлари олиб бориш зарурлиги хусусида туман “Йўл хўжалиги пудрат таъмирлаш” корхонаси бошлиғи А.Ҳусановга депутатлик сўрови чиқарилган эди. Бу борада депутат бир неча бор назорат ишлари олиб борди ва ниҳоят мазкур кўчаларда таъмирлаш ишлари бошланиб, аҳоли ўз мурожаати ижобий ҳал этилаётганидан мамнун бўлмоқда.
Партия депутатларининг ушбу маҳалла аҳли билан мулоқоти чоғида “Янгиобод” ва “Олмазор” кўчаларидаги хонадонларда тоза ичимлик суви муаммо бўлаётгани ҳақида баён этишди. Тошкент вилояти “Сув-оқава” ДУК раҳбари Н.Аминовга депутатлик сўрови киритилди ва “Янгиобод” кўчасидаги хонадонлар тоза ичимлик суви билан таъминланди. “Олмазор” кўчасида эса аниқ манзилли дастур бўйича насос агрегатлар келтирилиб, таъмирлаш ишлари давом этмоқда.
“Ўринтой” маҳалласида истиқомат қилувчи 1977 йилда туғилган II гуруҳ ногирони Шарофат Пардаева ногиронлик аравачаси яроқсиз ҳолатда эканини айтиб, амалий ёрдам сўради. Республика ногиронлар жамияти туман бўлинмасига депутатлик сўрови чиқарилгач, фуқаро Ш.Пардаева ногиронлик аравачаси билан таъминланди.
Ҳудудда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш борасида ечимини кутаётган масалаларни ўрганиб, халқ депутатлари туман Кенгашининг тегишли доимий комиссиялари муҳокамасига киритиш ҳам партия депутатларининг диққат марказида бўлиб келмоқда. Хусусан, жорий йилда аниқ фанлар бўйича ихтисослаштирилган мактаб ташкил этиш, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган ёшларга кредитлар бериш, жойларда чиқинди тўплаш шохобчалари ишини яхшилаш, чиқиндилар учун контейнерлар қўйишга доир масалалар тегишли доимий комиссияларда кўриб чиқилди ва қарорлар қабул қилинди.
Шунингдек, халқ депутатлари туман Кенгашининг доимий комиссиялари йиғилишида депутатлик гуруҳининг ташаббуси билан туман молия бўлими, ИИБ, прокуратура, жиноят ишлари бўйича туман суди раҳбар ходимларининг эшитувлари ўтказилди. Депутатларнинг мулоҳаза ва таклифлари ўртага ташланиб, ҳамкорликда ҳал этиладиган амалий ишлар хусусида фикрлашиб олинди.
Фотима САТТОРОВА,
Тошкент вилояти кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Халқ депутатлари Сергели туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари партиямизнинг Сайловолди дастурида белгил...
01 янв 1970
Олимпия ўйинларида иштирок этиш ҳар бир спортчининг энг катта орзуларидан бири саналади....
01 янв 1970
Янги таҳрирда қабул қилинган қонуннинг мазмун-моҳиятини аҳоли, шу жумладан, ёшлар ўртасида тарғиб қилиш мақсадида жойларда тарғибот ишлари олиб бор...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Ватан келажаги — ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида ҳар йили анъанавий ўтказиб келинаётган...