Электорат ишончини оқлаш амалий ишларга боғлиқ

/
Сиёсий партия сайловчилар манфаатини рўёбга чиқаришда, айниқса, ўз депутатларига кўпроқ таянади. Албатта, бу борада маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳлари энг муҳим бўғин ҳисобланади.
Халқ депутатлари Қувасой шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳида 12 нафар депутат фуқаролар олдидаги масъулиятни англаган ҳолда ҳамжиҳатликда иш олиб бормоқдалар. Жорий йилда партиямизнинг “Адолат — қонун устуворлигида!” лойиҳаси доирасида ҳар ҳафтанинг чоршанба куни маҳаллаларда аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар давомида депутатлик гуруҳи аъзолари 18 маҳалладаги 357 та хонадонда бўлдилар. Мулоқотлар чоғида аниқланган муаммолар юзасидан мутасадди ташкилотларга 44 та депутатлик сўрови юборилиб, шундан 37 таси ижобий ечим топди.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, мурожаатларнинг аксариятида тоза ичимлик суви таъминоти, тиббий ёрдам сифатини ошириш, ички кўчаларни асфальтлаштириш масалалари қайд этилган.
Жумладан, Қувасой шаҳридаги “Қўчқорчи” маҳалласида яшовчи фуқаро Нозима Файзуллаеванинг аҳолига ичимлик суви етказилишида учраётган муаммолар бўйича ишчи гуруҳига қилган мурожаати асосида “Сув-оқава” ДУК шаҳар корхонасига депутатлик сўрови киритилди. Аниқланишича, “Қўчқорчи” маҳалласидаги ичимлик сувидан қарздорлиги бўлган айрим хонадонлар ўз вақтида тўловларни амалга оширмаган. Хонадонларда тушунтириш ишлари олиб борилгач, масала ижобий ҳал этилди. Ичимлик сувининг узлуксиз таъминоти ўз меъёрига тушди. Шунингдек, Қувасой шаҳар, “Кўприк боши” кўчасидаги хонадонда яшовчи фуқаро Зилола Барзиева ушбу кўчани асфальтлаштириш бўйича, “Намуна” маҳалласидан фуқаро Севара Йўлдошева қишлоқ ҳудудига ёшлар учун спорт мактаби ёки спорт зали барпо этиш зарурлиги бўйича мурожаат қилишган эди. Мазкур масалалар партия депутатлари аралашгач, мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида ижобий ечим топди.
Депутат Жамолиддин Нозимов “Ҳувайдо” маҳалласида яшовчи фуқаро Алижон Алайчиевнинг мурожаати асосида “Файз” кўчасида тунги чироқлар тўрт ойдан буён ишламаётганлиги ҳамда худди шу кўчадаги хонадонларга тоза ичимлик суви етказиб берилишида узилишлар кузатилаётганлиги юзасидан шаҳар ҳокими ўринбосарига депутатлик сўрови юборди. Натижада кўп ўтмай тунги чироқлар “Файз” кўчасини ёрита бошлади ва хонадонларда ичимлик суви таъминоти яхшиланди. Яна шу маҳаллада истиқомат қилувчи фуқаро М.Маткаримов нотекис ҳолатга келиб қолган “Ўқитувчилар” кўчасини таъмирлаш зарурлигини баён қилди. Шаҳар ободонлаштириш бошқармасига депутатлик сўрови киритилгач, мазкур йўл таъмирланиб, обод этилди.
— Зулфия Ортиқова, Ўғилой Каримова ҳам фуқароларнинг ишончини қозониб келаётган фаол депутатларимиздан саналади, — дейди депутатлик гуруҳи раҳбари Дилором Меҳмонова. — Фуқаро А.Сургучеванинг “Фурқат” кўчасини асфалътлаштириш ва узоқ йиллар фойдаланилган ва айни пайтда яроқсиз ҳолга келиб қолган трансформаторларни созлаш тўғрисидаги, “Исфайрамсой” маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро М.Содиқованинг ҳам шу мазмундаги мурожаатларидан келиб чиқиб, З.Ортиқованинг мутасадди ташкилотларга чиқарган депутатлик сўрови натижасида мазкур масалаларга доир вазифалар маҳаллий дастурдан ўрин олди.
Депутат Ўғилой Каримовага пенсионер фуқаро Н.Зияминко қаровчиси бўлмагани учун ёлғиз ҳаракатланишдан қийналаётганини айтиб, қариялар уйига жойлашишда ёрдам сўради. Н.Зияминкога қаровчи бириктириш, уни тиббий кўрикдан ўтказиш ва қариялар уйига жойлаштириш масаласи ҳам мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида ўрганилмоқда.
Халқ депутатлари шаҳар Кенгаши сессияси ва доимий комиссиялар йиғилишига долзарб масалалар юзасидан ташаббус кўрсатиш партия депутатларининг муҳим вазифасига айланган. Шу йилнинг ўтган даврида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан Кенгаш сессияси ва унинг доимий комиссиялари мажлисларида партия депутатлари ташаббуси билан жами 10 га яқин масалалар муҳокама этилиб, қабул қилинган қарорлар ижроси устидан депутатлик назорати ўрнатилди.
Жумладан, жорий йилда партия депутатлари мактабгача таълим муассасаларида болаларни мактабга сифатли тайёрлашнинг ҳолати, таълим-тарбия жараёнига жаҳон амалиётида кенг қўлланиладиган замонавий таълим дастурлари ва технологиялари жорий этилиши, давлат-хусусий шериклик асосида янги турдаги мактабгача таълим муассасалари ташкил қилинишида самарали жамоатчилик ва депутатлик назоратини ўрнатишга амалий ёндашди. Шу мақсадда шаҳардаги 21 та боғчада ўрганишлар олиб борилди. Мазкур ўрганишлар натижалари депутатлик гуруҳи йиғилишида шаҳар мактабгача таълим бўлими раҳбари иштирокида муҳокама этилиб, унинг эшитуви тингланди ҳамда мазкур масала халқ депутатлари Қувасой шаҳар Кенгаши сессиясида кўриб чиқилди.
Шу билан бирга, Қувасой шаҳрида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга доир қонун ҳужжатларининг ижроси юзасидан партия депутатларининг мутасадди ташкилотлар вакиллари билан биргаликда ўтказган ўрганишлари натижалари ҳам Кенгаш сессиясида муҳокама этилди.
Бу каби саъй-ҳаракатлар, тарғибот ишлари аҳоли манфаатларига хизмат қилиши билан бирга ҳудудда партиямизга бўлган ишонч ва хайрихоҳликни оширмоқда. Йил давомида Қувасой шаҳрида партиядошларимиз сони яна 300 нафарга кўпайди.
Аммо очиқ мулоқотлар, ўрганишларда аён бўлмоқдаки, жойларда ҳали ечимини кутаётган масалалар бор, шу боис депутатларимиз фаолликни кучайтириши зарур. Депутатлик гуруҳи аъзолари ўз фаолиятига танқидий-таҳлилий ёндашиб, ўз олдига аниқ вазифаларни қўйган ҳолда партия фаоллари билан ҳамжиҳатликда иш олиб бормоқда.
Комила ИСРОИЛОВА,
Фарғона вилоят кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистонда навқирон авлоднинг пухта билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида камол топиши йўлида эътибор...
01 янв 1970
Сариосиё, Узун туманларида Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Даврон Тангиров бошчилигидаги ишчи гуруҳнинг ўрганишлари ҳам самара...
01 янв 1970
Маълумки, Президентимиз Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида Қарши туманида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан ҳам танишди....
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ва Тошкент шаҳар кенгаши ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси л...