Тиббий хизмат йўлга қўйилди

/
Республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотлар биз — маҳаллий Кенгаш депутатларидан чуқур масъулият, сайловчилар билан ишлашда янгича ёндашув ва фаолликни талаб қилмоқда. Бу жараёнда ўз фаолиятимизни танқидий баҳолаган ҳолда бугунги кун нафаси билан яшашимиз, зиммамиздаги вазифаларни уддалашимиз лозим.
Фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш, ҳудудларда мавжуд муаммоларни ўрганиш баробарида уларга ечим топиш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш диққат марказимизда бўлмоқда.
Шу ўринда айрим рақамларни келтириб ўтсак. 2018 йилнинг ўтган даврида халқ депутатлари Асака тумани Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари мутасадди ташкилотларга 48 та депутатлик сўрови билан чиқишди. Бу, албатта, шунча муаммонинг ечимини топишга йўл очилганини кўрсатади.
Шуни айтиш жоизки, авваллари фуқаролар кўпинча ўзини қийнаётган шахсий муаммолари ҳақида баён этишган бўлишса, эндиликда улар кўпчилик манфаатидан келиб чиққан ҳолда мавжуд муаммоларни ҳам кўтариб, ижтимоий фаоллик кўрсатмоқда. Буни ўтган даврда коммунал хизмат сифатини яхшилашга доир 21 та, ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича 5 та, шунингдек, тиббий хизматга оид (4 та мурожаат), ёшлар тарбияси борасида (3 та мурожаат) ва маҳалла институти фаолиятини қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ масалалар ҳам ўртага ташлангани билан изоҳлаш мумкин. 13 та ҳолатда фуқаролар ўз шахсий муаммолари билан мурожаат қилишган.
Албатта, фуқароларнинг мурожаатлари бизни ишлаш, амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқишда масъулиятимизни янада оширади. Бу саъй-ҳаракатларнинг самараси эса сайловчиларнинг ўз вакилларига бўлган ишончи ортиб бораётганида ҳам акс этади.
Депутатлик гуруҳимиз аъзоси Абдимусо Султонов “2-Файзиобод” сайлов округидан сайланган. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар билан ишлаш, айниқса, уларга тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш унинг доимий эътиборида. Шу сабаб ана шу ҳудуддаги тиббий муассасалар фаолиятини бугунги талаб даражасида ташкил этиш ташаббуси билан чиқди. Унинг ташаббуси билан “Файзиобод” ва “Эргашобод” МФЙларда 3 маротаба тиббий кўрик ташкил этилди. 155 нафар фуқарода турли даражадаги касалликлар эрта аниқланиб, соғломлаштириш ишлари амалга оширилди.
Депутат Шуҳратбек Муродов аҳолининг иш билан бандлигини таъминлаш, айниқса, коллеж битирувчиларини ишга жойлаштириш долзарб вазифа эканини назарда тутиб, иш олиб бормоқда. У ўз сайлов округи ҳудудида бу масалани ўрганиб, 3 та ташкилотга депутатлик сўрови билан чиқди. Натижада 18 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди.
Туман марказида жойлашган “Деҳқон бозори” олдидаги тирбандлик, автомобиллар ҳаракатининг кўплиги пиёдаларни қийнаб келарди. Айни шу масалада “23-Ниёзботир” сайлов округидан сайланган депутат Дилфуза Собированинг тегишли ташкилотларга қилган мурожаати муаммонинг ҳал этилишига олиб келди. “Андижон—Фарғона” автомобиль йўлидаги бу нуқтада ҳайдовчилар учун ҳам, пиёдалар учун ҳам қулайлик яратилди. Пиёдалар учун алоҳида йўлакча ташкил этилди.
Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш партиямиз Сайловолди дастурида белгиланган асосий вазифалардан бири саналади. Кам таъминланган оилалар учун тиббий кўрик ташкил этиш, ногиронларни ижтимоий ҳимоялаш ва аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат устидан жамоатчилик назоратининг йўлга қўйилгани айни шу мақсадга қаратилган. Депутатлик гуруҳи аъзоси Феруза Мадиярованинг аралашуви билан туман тиббиёт бирлашмаси биокимё лабораторияси керакли мутахассислар билан таъминлангани, хусусан, қондаги қанд миқдорини шу жойнинг ўзида аниқлаш йўлга қўйилганидан фуқаролар мамнун.
“Баҳрин” МФЙда яшовчи фуқаро Зарнигор Зокировага ногиронлар аравачаси зарур эди. Депутат аралашгач, “Соғлом авлод учун” хайрия фонди Андижон вилояти бўлими ёрдамида бу муаммо ҳал этилди. Худди шу каби “Меҳнатобод” МФЙда яшовчи фуқаро Ҳозирбек Тожиматов имконияти чеклангани сабаб қийналарди. Партия депутатлари кўмагида Ҳ.Тожиматовга муолажа ва ногиронлик нафақаси тайинлаш борасида ёрдам кўрсатилди.
Жойларда аҳоли талабидан келиб чиқиб, муаммоларга ечим топилмоқда.
Меҳринисо
КАРИМОВА,
халқ депутатлари Асака тумани Кенгаши депутати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
2017 йил 24 декабрь, якшанба кунини Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов куни деб белгиланди. ...
01 янв 1970
Ҳудудларда Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлари ва фаоллар аҳоли билан очиқ мулоқотлар қилиб, фуқароларнинг таклиф ва мурожаатлари асоси...
01 янв 1970
Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан бошлаб маънавият масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди. ...
01 янв 1970
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Наманган вилоятида ҳам фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови юксак уюшқоқ...