Томорқага сув келди

/
Халқ депутатлари Андижон тумани Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳининг шу йил январь ойида ўтказилган ҳисобот йиғилишида фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашга бўлган эътиборни янада ошириш депутатлар олдига асосий вазифа қилиб қўйилганди. Бу бежиз эмас. Депутат ҳамма вақт ўз ҳудудидаги муаммоларни ўрганиб бориши ва уларнинг ечимини топиши лозим. Фуқароларнинг мурожаатларида аксарият ҳолларда айнан муаммолар хусусида сўз юритилган бўлади.
Туманда партиямизнинг ҳар бир депутати ўзи сайланган ҳудудда қонунчилигимиздаги ўзгаришлар, давлатимизнинг бугунги сиёсати ва амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятидан жамоатчиликни хабардор қилиш баробарида аҳолининг фикр ва таклифлари, уларни ўйлантираётган муаммоларини ўрганиб, амалий ишлар қилишга интилмоқда. Бунда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, инновацион ғоялар ва замонавий технологияларни амалиётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Депутатлар аралашуви билан йилнинг ўтган даврида 24 нафар тадбиркор молия муассасаларидан кредитлар олиб, фаолият бошлади.
Депутат Зарифахон Ёқубова фаол, сайловчилар билан ҳамнафас халқ вакилларидан саналади. Шу йилнинг февраль ойида “Гумбаз” МФЙда яшовчи 1-гуруҳ ногирони Аҳмадали Воҳидовнинг ногиронлар аравачаси олишда қийналаётгани юзасидан қилган мурожаати бўйича мутасадди ташкилотга юборган депутатлик сўрови ўз натижасини берди. Май ойида фуқаро А.Воҳидов аравача билан таъминланди. Фуқаролар Назира Латипова, Нодирбек Абдулҳамидовларнинг саломатлигини тиклаш борасида қилган мурожаатлари ҳам З.Ёқубова аралашуви билан ўз ечимини топди.
“Ойжамол” МФЙда яшовчи фуқароларнинг февраль ойида томорқадан фойдаланишда оқар сув муаммо бўлаётгани ҳамда молиявий кўмак масаласида қилган мурожаати депутат Дилдора Алихоновани молия муассасалари ва сув назорати идорасига бошлади.
Албатта, депутатга муаммо барҳам топишига қараб баҳо берилади. Бу борада куйганёрлик сайловчилар Д.Алихоновадан хурсанд. Чунки иккала масала ҳам ижобий ечимини топди. Ҳозирда 8 нафар фуқаро молия муассасаларининг молиявий кўмаги билан томорқасида иссиқхона ташкил этди.
Депутатлик гуруҳимизнинг ҳар ойда ўтказиладиган йиғилишида депутатлик сўровларининг натижалари таҳлил этилади. Масаланинг қанчалик долзарблигига қараб депутатларимиз томонидан мутасадди ташкилотларга жорий йилнинг биринчи ярми давомида 23 та депутатлик сўрови чиқарилди. Сўровларнинг аксарияти коммунал хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларда яшовчиларга тиббий ёрдам кўрсатишга қаратилган. Уларнинг 20 таси ўз ечимини топди. 3 та масала ҳозирда масъул ташкилотлар томонидан ўрганилмоқда.
Албатта, фаолиятимизни талаб даражасида деб айтиш қийин. Жорий йилда депутатлик гуруҳимиз ташаббуси билан халқ депутатлари туман Кенгашидаги доимий комиссиялар йиғилишларида мактабда ижтимоий тенгликни таъминлаш ва ҳудудларни ободонлаштириш борасида МФЙларнинг масъулиятини оширишга қаратилган иккита масала муҳокама этилган бўлса-да, сессияларга биронта ҳам масала кирита олмадик. Бу эса биз, депутатларда ташаббус етишмаётганини кўрсатади.
Бир сўз билан айтганда, депутат ва сайловчилар ўртасидаги муносабат муаммолар ечимига йўл очади. Шу боис улар билан доимий мулоқотда бўлиш ва муаммоларни ўрганиш, ечим топиш асосий вазифамиздир.
Тоҳиржон ЭРГАШЕВ,
халқ депутатлари Андижон тумани Кенгашидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров Тошкент шаҳридаги “Чорсу” бозорида с...
01 янв 1970
Юртимизда кексаларни ардоқлаш ва ўтганларнинг хотирасини ёд этиш билан боғлиқ қадрият асрлар давомида аждодлардан авлодларга мерос бўлиб келмоқда.&...
01 янв 1970
Мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларга мос равишда миллий ахборот майдонида рўй бераётган янгиланишлар оммавий ахборот воситала...
01 янв 1970
Маҳаллалар аҳолиси, ёшлар партия фаолларининг эзгу саъй-ҳаракатларига хайрихоҳлик билдириб, тадбирда фаол иштирок этишди. ...