Фаровонлик ва тараққиёт гарови

/
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати томонидан ҳудудларда “Тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт йўлида бирлашайлик” умумий шиори остида ўтказилаётган кўргазмали сайёр амалий семинар эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда. Зеро, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси юртимизда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, тинчликсевар сиёсат олиб бориш, халқ фаровонлиги, юрт ободлиги, келажагимиз равнақи йўлида хизмат қилишни ўзининг устувор вазифаси этиб белгилаган. Партиямизнинг “Адолат — ҳаётимизнинг бош мезони, адолат — ҳар бир инсон учун” деган дастурий ғояси ҳам инсон ва унинг манфаатлари энг олий қадрият эканлигини ифодалайди.
ФАРҒОНА.
Вилоятдаги “Темурбеклар мактаби” ҳарбий лицейида “Тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт йўлида бирлашайлик” шиори остида ўтказилган республика кўргазмали амалий семинари ана шу эзгу ишларнинг мантиқий давоми бўлди.
— Аҳоли ўртасида миллий маънавиятимизни кенг тарғиб этиш, таъсирчан тарғибот орқали фуқаролар онг-шуурида бунёдкорлик руҳини, юртдошларимизнинг эртанги кунга ишонч туйғуларини янада кучайтириш, оила, маҳалла ва таълим муассасалари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини тушунтириш, фарзандларимизни юксак инсоний фазилатларга эга қилиб тарбиялашнинг ҳаётий аҳамияти ортиб бормоқда, — деди Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Рахмонов.
Семинарда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фарғона вилояти имом-хатиби Убайдулла Абдуллаев диний бағрикенглик, ўзаро ҳамжиҳатлик, бирдамлик руҳида амалга оширилаётган ишлар, бу борада янги босқичда давом этаётган ислоҳотлар халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришда муҳим омил эканига иштирокчилар эътиборини қаратди.
— Ислом — тинчлик, эзгулик ва бағрикенглик дини бўлиб, бинобарин, унинг софлигини сақлаш ҳам муҳим ҳисобланади, — деди У.Абдуллаев. — Ислом дини ҳар қандай бузғунчилик ва фитналардан холидир, ғараз ниятли кучларга қарши фақат маърифат билан курашиш, мусулмон оламида кечаётган мураккаб ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг асл моҳиятини барчамиз англашимиз зарур.
Шунингдек, Фарғона вилояти ИИБнинг терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси вакили томонидан ҳаёт синовларида адашган, алданган ва эндиликда тузалиш йўлига қайтган ёшлар тўғрисида намойиш этилган видео-ролик иштирокчилар, айниқса, ёшлар учун юксак тарбиявий аҳамиятга эга бўлди.
Тадбир давомида “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини такомиллаштириш юзасидан кенг жамоатчилик фикри, маҳалла фаоллари, ёшлар ва депутатларнинг таклифлари ҳам ўрганилди.
АНДИЖОН.
“Тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт йўлида бирлашайлик” шиори остида Андижон вилоятида ўтказилган кўргазмали сайёр амалий семинар ҳам фойдали фикр алмашувларга бой бўлди.
Унда Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳудудий кенгашлари раисларининг мафкура масалалари бўйича ўринбосарлари, матбуот котиблари, ҳамкор ташкилотлар ва ОАВ вакиллари иштирок этдилар.
Асака туманида ташкил этилган “Тинчлик — менинг нигоҳимда” мавзусидаги расмлар кўргазмасида бугунги ёшларнинг мавзуга доир фикр-қарашлари, тасаввури акс этди. Ёт ғояларга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантириш мавзусидаги суҳбатларда аён бўлганидек, кенг жамоатчиликнинг эзгу мақсад йўлидаги тарғибот ишлари ўз самарасини бераётгани қувонарлидир.
Анжуман доирасида ҳудудий партия кенгашлари матбуот котиблари иштирокида ўтказилган “Партия фаолиятини замон талаблари асосида ОАВ орқали ёритишнинг устувор масалалари” мавзусидаги семинар-тренингда Андижон вилоят партия кенгаши тажрибаси ўрганилиб, маҳаллий ОАВлар учун матбуот анжумани ўтказилди. Унда ҳудудий партия кенгаши ҳамда депутатлик гуруҳлари томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар, эришилаётган натижалар ҳамда келгусидаги режалар ҳақида журналистларга ахборот берилди.
Тадбирда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари А.Рахмонов маъруза қилди.
Таъкидланганидек, сиёсий партиянинг халқ орасида обрў қозониши, унга ишонч ортиб бориши кўп жиҳатдан ОАВ, журналистларга ҳамда маҳаллий кенгашларнинг матбуот хизматлари фаолиятига боғлиқ. Эътироф этилганидек, партиямизнинг оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлиги йилдан-йилга кенгайиб бормоқда.
Шунингдек, сайёр кўргазмали амалий семинар доирасида Хонобод шаҳрида “Тозалик йўлида бирлашайлик!” лойиҳасининг аҳоли фаровонлиги йўлидаги аҳамияти” мавзусида ташкил этилган тадбирлар анжуманга янада мазмун бағишлади. Таъкидланганидек, аҳоли томонидан илиқ қабул қилинган ушбу лойиҳа фуқароларда шаҳар-қишлоқларимизни тоза сақлашга бўлган дахлдорлик ҳиссини ошириш, юрт ободлиги йўлида ёшларни бирлаштириш, уларнинг тарбиясида тозалик орқали тиббий маданиятни шакллантириш каби мақсадлар рўёбга чиқишида ижобий ўрин тутмоқда.
НАМАНГАН шаҳрида ўтказилган сайёр амалий семинарни Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят кенгаши раиси Исроил Жўраев кириш сўзи билан очиб, бугунги даврда инсониятни жиддий хавотирга солаётган халқаро терроризм, экстремизм, наркотрафик, ноқонуний миграция, одам савдоси сингари глобал муаммолар кучайиб бораётганлиги боис ёш авлод онгида мафкуравий иммунитетни шакллантириш долзарб вазифага айланганини қайд этди.
Семинар иштирокчилари Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Рахмоновнинг “Биз экстремистик ва террористик ҳаракатларга қаршимиз”, Наманган вилоят ички ишлар бошқармаси терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси масъул ходими Абдуваҳоб Аҳмедовнинг “Ёт ғояларга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантириш масалалари”, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоятидаги вакили ўринбосари Обидхон Икромовнинг “Ислом дини — тинчлик устунига қурилган диндир” мавзусидаги маърузаларини тингладилар.
— Президентимизнинг 2017 йил июль ойида қабул қилинган “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантиришни янги босқичга кўтариш тўғрисида”ги қарорида белгилаб берилган вазифалар ижросига партиямиз фаоллари алоҳида эътибор қаратмоқда, — дейди Косонсой туман партия кенгаши раиси Муроджон Жалилов. — Мазкур амалий семинар фаолиятимизни яна бир бор жиддий таҳлил этишга ундади. Ушбу йўналишдаги амалий ишлар ёшларда соғлом дунёқарашни шакллантириш, интернет, ахборот-коммуникация технологияларидан оқилона фойдаланиш маданиятини ошириш, китобхонлик кўникмасини мустаҳкамлашга, уларда ғоявий ва ахборот хуружларига қарши мафкуравий иммунитетни кучайтиришга хизмат қилади.
Семинар иштирокчилари Олий Мажлис Қонунчилик палатасида муҳокама қилинаётган “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасига ҳам қатор таклифлар билдиришди.
Анжуман доирасида касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида ташкил этилган “Тинчлик — менинг нигоҳимда” мавзусидаги расмлар кўргазмасининг энг яхши иштирокчилари аниқланди. Ёш ижодкорлар — Маҳфуза Обидхонова, Шоҳида Давлаталиева ва Камолиддин Фазлиддинов “Адолат” СДП Наманган вилоят кенгашининг дипломлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Дилором МАТКАРИМОВА тайёрлади.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
“Тиббиёт соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишда “Адолат” СДП фракцияси ва депутатлик бирлашмаларининг иштироки” мавзусида ...
01 янв 1970
Айни кунларда наманганлик партиядошларимиз Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан ўтказилаётган тадбирларда фаол қатнашмоқдалар....
01 янв 1970
Жойларда мавжуд муаммолар юзасидан фуқароларнинг мурожаатларини чуқур ўрганиш ва ҳал этишда партия депутатлари фаоллиги муҳим аҳамият касб этади....
01 янв 1970
Ишчи гуруҳ ўрганишларида МФЙ учун қурилиши мўлжалланган янги бино эътиборсиз қолиб, ташландиқ жойга айланиб бораётгани маълум бўлди. ...