Тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт йўлида бирлашайлик!

/
Инсон бахтли яшаш учун дунёга келади. Халқимиз бу саодатни, аввало, оиласи, эл-юрт тинчлигида, турмуши фаровонлигида кўради. Тинчлик, фаровонлик ва тараққиётга эришиш маънавий тарбия билан чамбарчас боғлиқдир. Зеро, ота-она ва фарзандлар, шахс ва жамият, фуқаролар ва давлатни бирлаштириб турадиган ришта айнан маънавий куч-қудрат, қадриятлар ва урф-одатлар билан мустаҳкамланади.
Ёши улуғ кексаларимиз тинчлик, осойишталик ва фаровонлик ҳукм сурган жойдан файз-барака аримайди, дейишади. Бу нақлни оила ва маҳалла ҳаётига боғлайдиган бўлсак, тинч ва осуда оилада доим қут-барака бўлади. Бугун дунёда, айниқса, қўшни Афғонистондаги нотинч, беқарор вазият, “уруш ўчоғи”нинг тобора кенгайиб бораётгани, терроризм, экстремизмнинг кўплаб давлатлар ривожига тўсқин бўлаётгани бу масаланинг нақадар долзарб эканини англатади. Юртимизни бундай бало-қазолардан асрашнинг муҳим шарти — фарзандларимиз қалбини маънавият ёғдуси билан ёритиш, юрт тинчлиги ва фаровонлигини кўз қорачиғидек асраб-авайлашдан иборат.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати томонидан Хоразм вилоятида ўтказилаётган “Тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт йўлида бирлашайлик” умумий шиори остидаги уч кунлик кўргазмали сайёр амалий семинар партия дастурий мақсад-вазифаларини амалга ошириш, кенг тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси, партия Марказий аппарати ходимлари ҳамда ҳудудий партия кенгашлари раисларининг мафкуравий ишлар бўйича ўринбосарлари, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Хоразм Маъмун академияси ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вакиллари иштирок этмоқда.
САЙЁР УЧРАШУВДАН АМАЛИЙ НАТИЖАЛАРГА
Амалий семинар доирасида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Хоразм вилоят кенгаши мажлислар залида “Тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт йўлида бирлашайлик” мавзусида сайёр учрашув ўтказилди.
Тадбирни Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Рахмонов кириш сўзи билан очди.
— Бугун амалга оширилаётган ислоҳотларнинг барчаси ҳар бир фуқаронинг манфаатини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш орқали жамиятда тинч-хотиржам, фаровон муҳитни мустаҳкамлашга қаратилмоқда, — деди А.Рахмонов. — Лекин амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларга қарамасдан, юрт тинчлигига рахна солувчи, шунингдек, маҳалла ва оила осойишталиги, одамларнинг муносиб турмуш кечириши, маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда айрим муаммолар мавжуд. Жумладан, экстремизм ва терроризм иллатларига ҳамда фуқаролар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга чек қўйиш, ёшларнинг ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш, оилада фарзандларимизни ҳалоллик, покликка ва атроф-муҳитни тоза, озода сақлашга ўргатиш, уларни замонавий билим ва кўникмаларни эгаллашга, ўз ғоя ва ташаббусларига инновацион нуқтаи назар билан ёндашишга йўналтириш ва рағбатлантириш лозим. Бу борада мавжуд муаммоларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш, ушбу ҳолатлар бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш бугуннинг кечиктириб бўлмас вазифасидир.
Хоразм вилоятида ташкил этилган кўргазмали сайёр амалий семинардан кўзлаган асосий мақсадимиз ҳам мана шунда.
Сайёр учрашувда “Ёт ғояларга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантириш масалалари”, “Ислом дини тинчлик устунига қурилган диндир”, “Бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ва маънавий жипслик — осойишталигимиз гарови” мавзусида очиқ мулоқотлар бўлиб ўтди. Урганч шаҳар “Баркамол авлод” ёшлар ижодиёт маркази ўқувчиларининг ижод намуналари ва “Тинчлик — менинг нигоҳимда” расмлар кўргазмаси иштирокчиларда катта таассурот уйғотди.
Ажиниёз ПАХРАДДИНОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси ўринбосари:

— Дунёда энг улуғ неъмат бор, унинг номи – тинчлик. Тинчлик бебаҳо, қадриабад бойликдир. Тинчлик ва хотиржамлик ҳукм сурган юртда роҳату фароғат бўлади, ризқ-насиба мўл бўлади, эртанги кунга ишонч мустаҳкамланади. Бугун юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар замирида тинчлик, фаровонлик мужассам эканини ёш авлодга уқдириш, уларни бугунги дориломон кунлар қадрига етиб яшашга ундаш ва тинчликни кўз қорачиғидек асраш бугунги куннинг долзарб вазифаси. Дунёнинг айрим давлатларидаги нотинч вазият, беқарорлик ва қарама-қаршиликлар бизни доимо огоҳ бўлишга ундаб туради. Бугунги кўргазмали сайёр учрашувдаги очиқ мулоқотларда билдирилган фикрлар бизни мана шу хулосага келишимизга хизмат қилди. Бу каби сайёр учрашувларни ўз ҳудудимизда ҳам ташкил этиб, ўрганганларимизни татбиқ эта олсак, учрашувнинг амалий натижалари фаолиятимизда бўй кўрсатади.
АҲОЛИ ИШОНЧИНИ ҚОЗОНИШНИНГ МУҲИМ АСОСИ
Семинар кун тартибига асосан, Хива шаҳрида “Партиявий-дастурий вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда партия мафкурачиларининг ўрни” мавзусида сайёр амалий семинар ўтказилди.
Ушбу тадбир партия фаолиятини янада такомиллаштириш, партия ҳудудий ташкилотлари раисларининг мафкуравий ишлар бўйича ўринбосарларига “Адолат” СДП ғояси ва мафкурасини, партиянинг дастурида кўрсатилган принципиал вазифаларини, аҳоли орасида тарғибот ва ташвиқот қилиш механизмларининг назарий асосларини ва уни амалиётга татбиқ этишнинг услубий шаклларини янада кенгроқ ўргатиш мақсадида ташкил этилди. Шунингдек, бугунги кундаги дунёнинг мафкуравий манзарасини, жаҳонда шиддат билан кечаётган сиёсий-мафкуравий тенденциялар моҳиятини, партия ташкилоти жамиятда қандай бўлиши кераклиги борасидаги билим ва тушунчаларни кенгроқ тушунтириш ҳамда партия мафкураси ва ғоясини тарғиб этишнинг янгича усул ва ёндашувларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидланганидек, бугун мамлакатимизда демократик ислоҳотлар чуқурлашиб, партиялараро рақобат кучайиб бормоқда. Мазкур жараёнда ҳар бир партия ўз мафкураси ва ғоясини янгича қарашлар билан бойитиши, уни кенг жамоатчилик орасида тарғиб қилиб, сиёсий куч сифатида жамият ҳаётидан мустаҳкам ўрин эгаллашга интилиши табиий. Хусусан, Ўзбекистон “Адолат” СДП ўз фаолиятини янада такомиллаштириш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш, дастурий мақсад-вазифалари, илгари сурилган ғояларини амалга оширишга ҳаракат қилмоқда. Бугун мамлакатимизда фаолият юритаётган сиёсий партиялар бир-биридан фарқланувчи ўз дастурий мақсад ва вазифалари ҳамда мафкурасига эгадир. Жумладан, Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳам ўз электорати манфаатларидан келиб чиқиб, ўзининг мафкураси, дастурий вазифаларини белгилаб олган.
Мамлакатимизда демократик жараёнларнинг чуқурлашиб боришида сиёсий партиялар муҳим ўрин тутади. Шу боис, семинар тингловчилари эътиборига “Партия дастурий вазифаларини ҳаётга татбиқ этишда ҳудудий кенгашларнинг мафкуравий ишлар юзасидан амалга ошираётган ишлари: талаб ва таҳлил”, “Партия лойиҳаларини рўёбга чиқаришда мафкуравий ишларга масъул ходимларнинг ўрни ва роли” мавзуларидаги маърузалар тақдим этилди. Партиянинг ҳудудий кенгашлари томонидан дастурий вазифалар ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.
Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган семинар якунида партия ташкилотларининг мафкуравий фаолиятини янада кучайтириш бўйича таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилди ва истиқболдаги вазифалар белгилаб олинди.
Дилором ОДИЛОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати сектор мудири:

— Партия ғояси, дастурий мақсадлари кенг аҳолига етиб боришида ҳудудий партия ташкилотлари, айниқса, бошланғич партия ташкилотлари муҳим аҳамият касб этади. Шундан келиб чиққан ҳолда бугун уларнинг фаолиятини янада кучайтириш долзарб вазифалардан биридир.
Маҳаллий партия ташкилотлари томонидан ташкил этилаётган тадбирларда партия фаолияти, хусусан, дастурий вазифаларини бажариш билан боғлиқ масалаларни ўрганиш, уларни ҳал қилиш юзасидан амалий тавсиялар ишлаб чиқиш муҳим аҳамиятга эга. Партиянинг дастурий вазифалари ижро этилиши ҳолатини кўриб чиқиш ҳамда аниқланган камчиликлар ечимини топиш, қонун ҳужжатларини давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари томонидан ижро этилишида мавжуд муаммоларни муҳокама қилишга бағишланган тадбирлар яхши самара беради. Шунингдек, жамоатчилик назоратини амалга ошириш билан боғлиқ тадбирларга эътибор қаратиш лозим. Тадбирларда фуқаролар мурожаатларини амалга ошириш ҳамда ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий муносабатларнинг турли соҳаларидаги долзарб муаммоларни аниқлаш ва уларни ҳал этиш юзасидан амалий тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ. Семинар доирасида шу каби вазифаларни ижро этиш борасидаги амалий машғулотлар иштирокчиларнинг бу борадаги билим ва кўникмасини янада оширишга хизмат қилди.
ТОЗАЛИК ФАРОВОНЛИККА ЙЎЛ ОЧАДИ
Шу куннинг ўзида Хонқа туманида “Тозалик йўлида бирлашайлик!” лойиҳасининг халқ фаровонлиги йўлидаги аҳамияти” мавзусида тадбир ташкил этилди.
Семинар иштирокчилари дастлаб Хонқа тумани “Баркамол авлод” ёшлар ижодиёти маркази ўқувчилари томонидан ташкил этилган кўргазма ва китоб ярмаркаси билан танишдилар.
Шундан сўнг иштирокчилар тумандаги маиший хизмат ва ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежида “Тозалик йўлида бирлашайлик!” лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар, эришилган амалий натижалар юзасидан ўтказилган семинарда ўзаро тажриба алмашдилар.
Хонқа туман бош имом-хатиби Х.Матякубовнинг тозалик ва озодаликка муқаддас динимиздан келтириб ўтган тавсифлари тадбир иштирокчилари томонидан катта қизиқиш билан тингланди.
— Ислом дини поклик устига қурилган бўлиб, инсонни руҳий-маънавий ҳамда жисмоний покликка чақиради, — деди имом-хатиб. — Шу сабаб ҳам мўмин-мусулмонлар ҳар бир ишни покланишдан бошлайди. Теварак-атрофни озода сақлаш пайида бўлади. Бобо-бувиларимиз, ота-оналаримиз: “Чиқиндини ариққа супурма, сувга тупурма, ҳовли ва кўчаларга ахлат ташлама”, деб қайта-қайта тайинлаганлар.
Шу боис атрофимизни турли зарарли нарсалардан ва ифлосланишдан сақласак, ўзимиз ва аҳлимизнинг ҳаётини сақлаган бўламиз. Шунингдек, тупроқ, сув, ҳаво ва бошқа нарсаларни тоза сақлаш, уларнинг ифлосланишига йўл қўймаслик ва соғлиқ учун зарарли бўлган нарсалардан сақланиш кабилар шариатимиз буйруғидир.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сайловолди дастурида кўзда тутилган мақсад-вазифалардан келиб чиқиб, 2017 йилда мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилган “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси амалиётга жорий қилинган эди. Республикамизнинг барча ҳудудларида аҳоли томонидан илиқ қабул қилинган ушбу лойиҳа фуқароларда шаҳар-қишлоқларимизни тоза сақлашга бўлган дахлдорлик ҳиссини ошириш, хусусан, уларни кўнгилли равишда, ҳашар йўли билан атроф-муҳитнинг тозалигини таъминлашга ундаш, юрт ободлиги йўлида ёшларни бирлаштириш, уларнинг тарбиясида тозалик орқали тиббий маданиятни шакллантириш каби мақсадлар рўёбига хизмат қилиб келмоқда.
Лойиҳа доирасида ўтган йилнинг ноябрь-декабрь ойлари ҳамда жорий йилнинг февраль-март ойларида барча ҳудудларда “Тозалик – саломатлик гарови” акцияси ташкил этилди.
Маҳаллий ҳокимликлар, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳудудий бўлинмалари ва ДСЭНМ органлари билан ҳамкорликда ўтказилган мазкур акция доирасида аҳоли, айниқса, ёшлар орасида маиший чиқиндиларни оқар сувларга оқизиш, чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш, хазонларни ёқиш, дуч келган жойларга сигарет қолдиқлари, писта пўчоқлари, баклашка, сақич ёки целлофан пакетларни улоқтириш каби ҳолатларнинг салбий оқибатлари юзасидан биргина жорий йилнинг ўтган даврида 6000 дан ортиқ тарғибот тадбирлари ташкил этилди.
Сайёр кўргазмали амалий семинарда “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳасини амалга оширишда партиянинг Хонқа туман кенгаши тажрибаси тақдимоти ўтказилди. Унда тумандаги “Энг тоза хонадон”, “Энг тоза кўча”, “Энг тоза маҳалла” танлови ғолибларининг чиқишлари иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Ўқувчи-ёшларнинг Ватан, она юрт, тинчликни мадҳ этувчи бадиий чиқишлари эса йиғилганларга кўтаринки кайфият бахш этди.
Гулнисо САИДОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати мутахассиси:

— Партиямизнинг “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси бугун ҳар бир қишлоқ ва маҳаллага кириб бориб, ҳудудлар ободлиги ва фаровонлигига ҳисса қўшмоқда. Мазкур лойиҳага асосан табиат ва атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ва тозаликка риоя қилиш ҳамда мазкур долзарб масалани маҳаллий Кенгашлар сессиялари, доимий комиссиялари кун тартибига киритиш, муҳокама қилиш ва тегишли қарорлар қабул қилинишига эришиш вазифаси белгиланган эди. Ушбу масала бўйича 1 та вилоят, 9 та туман халқ депутатлари Кенгашлари сессияларида ҳамда 4 та тумандаги доимий комиссияларда партия депутатлик гуруҳлари томонидан масалалар киритилиб, тегишли қарорлар қабул қилинишига эришилди. Шунингдек, лойиҳа доирасида ҳудудий кенгашлар томонидан республика бўйича 200 га яқин “Энг тоза хонадон”, 250 дан ортиқ “Энг тоза кўча” ва 194 та “Энг тоза маҳалла” номинациялари бўйича танлов ғолиблари аниқланди ҳамда партиянинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Бу рақамларнинг ҳаётий исботини бугун Хонқа туманида бўлиб ўтган танлов ғолибларининг фикр-мулоҳазаларидан англаш қийин эмас.
ИННОВАЦИЯ РИВОЖИ — ТАРАҚҚИЁТ ГАРОВИ
Таъкидлаш жоизки, бугун амалий семинар доирасида Хоразм Маъмун академиясида илм-фан вакиллари, ёш олимларнинг инновацион кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. “Талабаларнинг кичик инновацион корхонаси” лойиҳаси асосида ташкил этилган мазкур амалий кўргазмада академия олимлари ва иқтидорли талабаларининг илмий ишланмалари, инновацион технологиялари ва лойиҳалари намойиш этилаётир.
Кўргазма доирасида Хоразм Маъмун академияси олимлари, соҳа мутахассислари, илм-фан вакиллари иштирокида “Инновацион фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг муҳокамаси ҳам ташкил этилади.
Кўргазмада дизайн, архитектура, муқобил энергия, қишлоқ хўжалиги, ҳунармандчилик йўналишларидаги инновацион ишланмалар тақдим этилади.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси инновацион фаолиятнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, шу жумладан, илмий фаолиятни ривожлантириш соҳасида меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш тарафдори саналади. Шу нуқтаи назардан мазкур тадбир ҳам партиянинг ана шу мақсад-вазифасини амалга ошириш, ҳаётга татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этади.
Шоҳида ДАМАНОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши
Марказий аппарати етакчи мутахассиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бешариқ туман ҳокимлиги томонидан халқ билан янада яқинроқ ва тўлақонли мулоқот қилишга жиддий эътибор қаратилмоқда. ...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Самарқанд вилоят кенгаши ташаббуси билан ҳам бир қатор тадбирлар ташкил этилди....
01 янв 1970
Жорий йилнинг 9 ойида республика иқтисодиётида ялпи ички маҳсулот ҳажми 7,8 фоизга ўсди....
01 янв 1970
Халқ депутатлари Янгиқўрғон туман Кенгашидаги депутатлик гуруҳимиз аъзолари унча кўп эмас, жами тўрт кишидан иборат. ...