35 хонадон кадастр ҳужжати расмийлаштириладими?

/
Сайловчиларнинг ишончи оқланаяптими? Электорат манфаати қандай ҳимоя қилинмоқда? Бу каби саволларга бугун ҳар бир депутат ўз фаолияти мисолида аниқ жавоб бера олиши керак.
Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳининг фаолиятига назар ташласак, партиямиздан сайланган халқ вакиллари бугунги кун нафаси билан яшаб, фаоллик кўрсатишга интилаётганини кўриш мумкин.
Жумладан, сайловчиларнинг мурожаатлари билан ишлаш, улар асосида мутасадди ташкилот ва муассасаларга депутатлик сўровлари киритиш, ишни охирига етказишга эътибор қаратилмоқда. Ўтган 2017 йил давомида фуқароларнинг мурожаатлари асосида мутасадди ташкилотларга жами 52 та депутатлик сўрови киритилиб, уларнинг 41 тасида кўтарилган масалалар ўз ечимини топди. 6 та ҳолатда фуқароларга ҳуқуқий тушунча берилди, 5 та масала юзасидан манзилли дастурларда вазифалар белгиланишига эришилди ва ижроси депутат назоратига олинди.
Шу ўринда баъзи мисолларни келтириб ўтсак. Андижон тумани “Бўтақора” қишлоғидаги 42-умумтаълим мактаби жамоасини спорт залининг таъмирталаблиги қийнаётганди. Бу масалада депутатлик гуруҳи аъзоси Барнохон Жўраевага қилинган мурожаат муаммо ечилишига туртки бўлди. Б.Жўраева 2017 йилнинг октябрь ойида вилоят молия бошқармасига депутатлик сўрови билан чиқди. Натижада таъмирлаш ишлари учун 30 миллион сўм маблағ ажратилиб, спорт зали янги қиёфа касб этди. Бундан устозлар, ўқувчилар ва ота-оналар хурсанд.
Андижон шаҳар “Исломобод” маҳалласи аҳолисини ичимлик сув қувури таъмирталаблиги боис обиҳаёт етказиб беришдаги узилишлар қийнарди. Бу масала халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Бахтиёржон Комилов томонидан ўрганилди. Аҳоли талабидан келиб чиқиб, депутатлик назорати ўрнатилди. Жорий йил январь ойида вилоят “Сув-оқава” корхонаси томонидан таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Бу ишга ҳомийлар ва маҳалла аҳли кўмаклашди. Эндиликда хонадонларда ичимлик суви таъминоти яхшиланди.
Шаҳардаги “Мирпўстин” маҳалласи аҳолиси бир қатор хонадонларнинг кадастр ҳужжатлари йўқлиги хусусида депутат Б.Комиловга мурожаат қилганди. Б.Комилов тегишли ташкилотлар мутасаддиларига масаланинг долзарблигини тушунтирди. Ўз уйини неча йиллардан буён ўз номига расмийлаштира олмаётган фуқаролар бу муаллақ ҳолатда қанчалар қийналаётганини тасаввур қилиши қийин эмас. Уйинг бўлса-ю, буни исботлайдиган ҳужжатларинг бўлмаса, кишининг ҳаловати йўқолади-да. Хуллас, депутат ташаббуси билан Андижон шаҳар ҳокимлиги томонидан махсус ишчи гуруҳи тузилиб, фаоллар хонадонма-хонадон юриб, масалани хал этишга киришдилар. 35 та хонадоннинг кадастр ҳужжатлари тайёрланиб, айни пайтда мазкур ҳужжатлар тегишли қарор билан мустаҳкамлаш мақсадида шаҳар ҳокимлигига тақдим этилди. Зеро, давлатимиз раҳбари Бухоро вилоятига ташрифи чоғида Когон туманида амалга ошириладиган янги лойиҳалар билан танишар экан, алоҳида таъкидлаганидек, “Одамларни рози қилиш учун аввало, уларнинг яшаш жойларига эътибор қаратиш лозим”.
Избоскан тумани “Тўраобод” маҳалласида яшовчи 1976 йилда туғилган фуқаро Анваржон Матхолиқовнинг бетоблиги оила аъзоларини ташвишга соларди. Бу масалада туман тиббиёт бирлашмасига депутат сўрови билан чиқилди. А.Матхолиқовда жигар церрози касаллиги аниқланиб, унга ногиронлик нафақаси тайинланди. МФЙ фаоллари билан келишиб, унинг оиласига ҳомий бириктирилди.
Избоскан тумани “Зарбдор” МФЙда яшовчи Муроджон Сотволдиев ишсиз эканини айтиб, шу масалада ёрдам сўради. Туман бандликка кўмаклашиш марказига депутатлик сўрови киритилгач, М.Сотволдиев шу ҳудуддаги 25-умумтаълим мактабига ишга жойлаштирилди.
Шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш ҳам партия депутатлари диққат марказида бўлмоқда.
Албатта, депутатларнинг ҳудуд тараққиётига ҳисса қўшиши маҳаллий Кенгаш сессияси, тегишли доимий комиссиялар муҳокамасига долзарб масалаларни киритиш ва аниқ натижаларга эришиши билан ҳам белгиланади. 2017 йилда депутатлик гуруҳимиз ташаббуси билан давлат ва хўжалик бошқарув органлари ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ходимлар меҳнат фаолиятига оид ҳужжатларни архив муассасаларига топшириш, вилоятда ушбу соҳага оид қонунчиликка амал қилиш ҳолати бўйича олиб борилган ўрганишлар натижаси асосида халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясига мавжуд муаммоларни бартараф этишга доир масала киритилди. Сессияда қабул қилинган қарор ижроси депутатлар назоратига олинди. Шунингдек, депутатлик гуруҳимиз йиғилишларида Ёшлар иттифоқи Андижон вилоят кенгаши раиси Нодирбек Юсуповнинг ҳудудда ёшлар бандлигини таъминлаш, Болалар спорти жамғармаси вилоят бўлими раиси Неъматжон Абдураҳмоновнинг мавжуд спорт объектларидан фойдаланиш ҳолати юзасидан ахборотлари эшитилди. Мазкур эшитувларда депутатлар мавзуга доир мулоҳаза-таклифларини ўртага ташлаб, фикрлашиб олишди.
Аммо фаолиятимизни таҳлил қиладиган бўлсак, бу борадаги ташаббусларимиз ҳали кам эканлиги аён бўлмоқда. Шуни назарда тутиб, депутатлик гуруҳимиз аъзолари мавжуд масалаларни ўрганишда партия тузилмалари билан биргаликда янада фаолроқ ишлашга, ўз олдига қўйган янги вазифаларни уддалашга ҳаракат қилмоқда. Вақт кутиб турмайди, ҳар кун, ҳар ой ва йил сарҳисоби тиниқ кўзгу каби фаолиятимиз натижаси, аниқ баҳосини акс эттиради.
Зуҳрахон КОМИЛОВА,
халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгашидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ташаббуси билан семинар ташкил этилди....
01 янв 1970
Сессиялар ишида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Наримон Умаров иштирок эт...
01 янв 1970
Олимпия ўйинларида иштирок этиш ҳар бир спортчининг энг катта орзуларидан бири саналади....
01 янв 1970
Халқаро матбуот маркази Сирдарё вилоят бўлимида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят кенгаши вакиллари учун брифинг ташкил этилди....