Депутатлар ислоҳотлар ташаббускори бўлиши лозим

/
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Тошкент шаҳар кенгаши томонидан “Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари фаолиятини самарали ташкил этиш” мавзусида ўқув-семинар ўтказилди. Унда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши аъзолари, Марказий аппарати ва Тошкент шаҳар кенгаши масъул ходимлари, халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлари иштирок этишди.
Тадбирни кириш сўзи билан очган Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида партия депутатлари фаолиятини давр талаблари даражасида самарали ташкил этиш, уларнинг ташаббускорлик кўрсатиб ишлаши, ҳар бир масала юзасидан аниқ натижага эришиши муҳим эканлигини қайд этди.
— Тошкент шаҳрида халқ депутатлари туман Кенгашлари ташкил этилиши Тошкент шаҳри аҳолисига ўзлари сайлаган вакиллари орқали муаммоларни ҳал этиш имкониятини яратиб берди, — деди партия етакчиси. — Ҳар бир туман, маҳалладаги муаммоларни шу ҳудудда истиқомат қилаётган фуқаролар бошқаларга нисбатан чуқур билишади. Шундай экан, Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайланган депутатлар аҳоли билан доимий мулоқот ўрнатиш орқали фуқаролар манфаатларини рўёбга чиқариши, ҳудудни ривожлантиришда муносиб ҳисса қўшиши зарур.
2017 йил 24 декабрда пойтахтимизда халқ депутатлари туман Кенгашларига ўтказилган сайлов натижаларига кўра Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига Ўзбекистон “Адолат” СДПдан 37 нафар депутат сайланди.
Эндиликда партия депутатлик гуруҳлари фаолиятини самарали ташкил этиш олдимизда турган муҳим масала ҳисобланади. Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси ҳамда “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” мавзусидаги маърузасида сиёсий партиялар фаолиятига танқидий баҳо берилганидан келиб чиқиб, Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашлари депутатларининг малакасини ошириш, депутатлик ваколатларидан тўлақонли фойдаланиш, партиянинг Сайловолди дастури ижросини таъминлашда уларнинг сиёсий кўникмаларини мустаҳкамлаш муҳим амалий аҳамият касб этади.
— Эндиликда пойтахтимиз туманларидаги партия гуруҳлари орқали ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий масалаларни самарали ҳал этиш, маҳаллий бюджетни ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва ижросини назорат қилишнинг аниқ механизмлари яратилди, — деди Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси Равшан Талипов. — Шу билан бирга, халқ депутатлари туман Кенгашлари сессиясида маҳаллий давлат органлари мансабдор шахсларининг ҳисобот ва ахборотларини эшитиш, ўз фикр ва таклифларини илгари суриш, муҳим қарорлар қабул қилиш имконини беради. Шунингдек, мазкур ҳудудларда депутатлик гуруҳлари тузилиши сиёсий партиялар янада тўлақонли фаолият олиб боришига ҳамда электоратни ўйлантираётган муаммо ҳамда камчиликларни чуқурроқ ўрганиб, барча жабҳада қонун устуворлигини таъминлашда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш, ислоҳотлар самарадорлигини юксалтиришда депутатлик назорати таъсирчанлигини оширишга хизмат қилади.
Тошкент шаҳрида 400 га яқин бошланғич партия ташкилотига эгамиз. Сайлов натижалари улар билан яқин алоқада ишлашга эътиборни кучайтириш, аҳоли орасига чуқур кириб бориш кераклигини кўрсатди.
Танқидий руҳда ўтган тадбирда таъкидланганидек, мазкур сайловда кутилган натижага эришилмагани партия кадрлари ва фаоллари ўз устида кўп ишлаши, малакасини ошириб бориши, хато ва камчиликлардан тўғри хулоса чиқариши зарурлигини англатади.
Семинар давомида партия тизимида депутатлик гуруҳларининг ижрочи котиблари фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Депутатлик гуруҳлари фаолиятини самарали ташкил этишда улар ўз вазифаларини талаб даражасида амалга ошириши зарурлиги қайд этилди. Хусусан, ижрочи котиб маҳаллий Кенгашларда кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан партия гуруҳининг ягона позициясини ишлаб чиқади, аъзолар фаолиятини мувофиқлаштиришга кўмаклашади, тармоқлар бўйича дастурлар тайёрлаш ва маҳаллий қарорларни муҳокама қилиш жараёнида партия нуқтаи-назари, электорат манфаатлари эътиборга олинишида ҳам муҳим ўрин тутади.
Шоҳруҳ МАМАЖОНОВ,
халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати:

— “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да қуйи ташкилотлар, халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамда партия фаоллари билан ҳамкорликда ишни ташкиллаштириш, халқ билан мулоқот жараёнида билдирилган таклиф ва муаммоларни тизимли ўрганиб, уларнинг ечими юзасидан мутасадди ташкилотларга депутатлик сўровлари чиқариш, шунингдек, сессияларга масала киритишда фаоллик кўрсатишни мақсад қилганмиз. Сайловчиларга берган ваъдамизни бажариш орқали уларнинг ишончини оқлашимиз, одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига амалий ишларимиз билан шарт-шароит яратишимиз зарур.
Иброҳим САГАТОВ,
Тошкент шаҳар халқ депутатлари Миробод туман Кенгаши депутати, Тошкент фармацевтика институти академик лицейи директори:

— Халқ депутатлари Миробод туман Кенгашига депутат сифатида сайланганимга бир ой бўлди. Таълим соҳасини янада ривожлантириш, ёшлар билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлаш, таълимда миллий ўзига хосликдан келиб чиқиб, халқаро тажрибаларни жорий этиш каби масалаларни амалга оширишни мақсад қилганман. Депутатлик фаолиятимда ушбу вазифалар муҳим ўрин тутади.
Тадбирда партия депутатларининг профессионал маҳоратини ошириш, уларнинг ўз сайлов округларида ишларни самарали ташкил этиши, сайловчилар мурожаатларини кўриб чиқиши, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижросини таъминлаш жараёнларида туман партия кенгаши ва БПТ аъзолари билан алоқаларини мустаҳкамлашнинг аҳамияти ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Семинар давомида муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Феруз ЖЎРАЕВ,
Тошкент шаҳар кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Олимпия ўйинларида иштирок этиш ҳар бир спортчининг энг катта орзуларидан бири саналади....
01 янв 1970
Халқимиз саломатлигини асраш, тиббий хизмат сифатини яхшилаш бўйича бир қатор муҳим масалалар Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Сайловолди да...
01 янв 1970
Шу мақсадда мутасадди ташкилот ва муассасаларга тегишли масалалар юзасидан депутатлик сўровлари киритилиб, амалий натижаларга эришилмоқда....
01 янв 1970
Ҳар бир депутат берган ваъдасининг устидан чиқишга, хусусан, ўзи сайланган сайлов округи ҳудудида яшовчи фуқароларнинг манфаатини рўёбга чиқаришга ...