Тозалик — юксак маданият ифодаси

/
Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Сайловолди дастурида кўзда тутилган мақсад-вазифалардан келиб чиқиб, мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилган “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида ҳудудларда партия фаоллари ташкилотчилигида бир қатор тадбирлар ўтказилмоқда. Ҳудудлар ободлиги, тозалигини таъминлаш мақсадида уюштирилаётган кўнгиллилар ҳашари кўплаб юртдошларимизда хайрихоҳлик уйғотиб, жамоатчилик диққатини жалб этаётганлиги қувонарлидир.
НАВОИЙ. “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳасидан кўзланган мақсад-вазифалар ва ғоялар Навоий вилоятида ҳам қўллаб-қувватланмоқда. Ўтган дам олиш кунлари Навоий шаҳридаги “Жанубий”, “Лочин” ва “Янгиобод” маҳаллаларида ўтказилган кўнгиллилар ҳашари ҳам ана шундан далолат берди.
Маҳаллалар аҳолиси, ёшлар партия фаолларининг эзгу саъй-ҳаракатларига хайрихоҳлик билдириб, тадбирда фаол иштирок этишди. Ҳашар давомида маҳаллаларда кенг кўламдаги тозалик ва озодалик юмушлари бажарилди. Кўп қаватли уйлар атрофи супуриб-сидирилиб, янада кўркам ҳолатга келтирилди.
Ҳашар, айниқса, Алишер Навоий номли Жоме масжидига туташ ҳудудларда, “Истиқлол” маҳалласи бўйлаб ўтган асосий кўчада уюшқоқлик билан ўтди. Йўл атрофлари тозаланиб, дарахтларга шакл берилди, хазонлардан тозаланди. Тўпланган чиқиндилар тадбирга жалб этилган шаҳар ободонлаштириш бошқармасининг “Махсустранс” бўлими транспорт воситаларида шаҳар ташқарисидаги алоҳида белгиланган махсус жойга ташиб чиқарилди.
— Тозалик ва озодалик азалдан халқимизнинг миллий қадриятларидан бири саналади, — дейди “Лочин” маҳалласи фаоли Ботир Аҳроров. — Аммо орамизда бу масалага бефарқ, лоқайд кишилар ҳам учраб турибди. Шу жиҳатдан олиб қараганда, “Адолат” партияси томонидан “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳасининг ҳаётга татбиқ этила бошланганлиги кўплаб юртдошларимизнинг кўнглидаги иш бўлди. Ўйлаймизки, лойиҳа доирасидаги амалий тадбирлар мамлакатимизнинг барча ҳудудларини, шаҳару қишлоқларини қамраб, лойиҳадан ўрин олган ҳашарлар ва бошқа эзгу тадбирларда каттаю кичик бирдек фаол иштирок этади. Буларнинг барчаси кўнгиллар ободлигига, аҳоли саломатлигига, юртимиз янада чирой очишига хизмат қилади.
Вилоят партия кенгаши раисининг ўринбосари Баҳриддин Қурбоновнинг таъкидлашича, партиямизнинг мазкур лойиҳасини амалга ошириш орқали фуқароларнинг атроф-муҳит, табиат мусаффолигига масъулиятини янада кучайтириш, уларда она табиатни асраб-авайлаш, ёш авлод тарбиясида ўз юртини севиш, тоза-озода сақлаш, табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш кўникмаларини мустаҳкамлаш ҳамда тиббий маданиятини янада юксалтириш кўзда тутилган.
Лойиҳа доирасида вилоятда ташкил этилган илк тадбир уюшқоқлик билан ўтганлиги янги ташаббус воҳанинг барча ҳудудларида ижобий натижа беришини англатмоқда.
ТОШКЕНТ. Экология, атроф-муҳит ва инсон саломатлигига оид вазифалар миқёси янгича ёндашувлар, жамоатчилик ва давлат тузилмалари ўртасидаги ҳамкорликни янада самарали даражага кўтаришни тақозо этмоқда. Зеро, атроф-муҳитни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш давлат, жамият ва ҳар бир инсоннинг муҳим бурчидир.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида атроф-муҳитни озода сақлашда кенг жамоатчилик, ташкилот ва муассасалар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда аҳолини жалб этган ҳолда оммавий ҳашарлар уюштириш борасида ибратли ишлар қилинмоқда. Шунингдек, белгиланмаган жойларга чиқиндилар ташланишининг олдини олишга қаратилган тушунтириш-тарғибот ишлари орқали жамоатчилик фикрини шакллантириш ҳам диққат марказида бўлмоқда.
Тошкент шаҳар партия кенгаши фаоллари, партия депутатлари ушбу лойиҳа асосида Чилонзор туманидаги “Новза” ва Юнусобод туманидаги “Бодомзор” маҳаллаларини ободонлаштириш, тозалигини сақлаш мақсадида ўтказилган ҳашарга бош-қош бўлишди.
— Табиат мусаффолигини асраш, уни келажак авлодга бекаму кўст етказиш ҳаётий вазифамиз саналади, — дейди “Бодомзор” МФЙ раиси Шукрулло Умаров. — Айниқса, ёш авлодда она табиатга ҳурмат, унинг бебаҳо неъматларини ардоқлаш туйғусини ошириш орқали экологик маданиятни, тозаликка риоя қилиш кўникмаларини шакллантиришга эришамиз. Бу эса инсон саломатлиги ва узоқ умр кўришида асосий омилдир.
Жадал суръатлар билан ривожланаётган илм-фан, техника тараққиёти одамларнинг яшаш ва меҳнат шароити, турмуш даражаси яхшиланишига ижобий таъсир этиш билан бирга экологияда турли салбий ўзгаришларни келтириб чиқармоқда.
— Ҳудудларда турли чиқиндилар ташлаш оқибатида жойларнинг ифлосланиш ҳолатлари борлиги айрим фуқароларимизнинг бепарволиги оқибатида содир бўлаётганини таъкидлаш керак, — дейди Юнусобод туман партия кенгаши раиси Маҳбуба Арифханова. — Хусусан, шаҳардаги кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли орасида супуринди ва озиқ-овқат маҳсулоти чиқиндиларини кўчага улоқтириб кетиш ҳолатлари учрамоқда. Шуни унутмаслигимиз керакки, чиқиндиларни дуч келган жойга ташлаш аҳоли ўртасида ичбуруғ, ичтерлама, вирусли гепатит, сил, гижжа сингари юқумли касалликларнинг кўпайишига олиб келади.
САМАРҚАНД. Саранжом-саришталик бор жойда кишининг баҳри-дили очилади. Дарҳақиқат, кўча ва боғлар, хиёбонлар, ташкилотлар, мактаб ва боғчалар, шифохоналарнинг атрофлари, умуман, жамоатчилик масканларининг озода ва ободонлиги барчага яхши кайфият улашади.
Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг ташаббуси билан “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида Самарқанд вилоятида ҳам партия фаоллари томонидан хайрли тадбирлар бошлаб юборилди.
Самарқанд шаҳрининг “Хўжа Аҳрор” ва “Урганжи” маҳаллаларида “Атроф-муҳит тозалигига барчамиз масъулмиз” шиори остида ободонлаштириш акцияси ташкил этилди. Кўчалар ва хиёбонлар чиройига путур етказаётган чиқиндилардан тозаланди, ён-атроф ободонлаштирилди.
— Ободлик кўнгилдан бошланади, дейди доно халқимиз. Бу нақл мазмунидан инсон маънавияти, тарбияси унинг ён-атрофга, табиатга муносабатида ҳам акс этишини англаймиз, — дейди “Урганжи” маҳалласининг фаоли Фарида Бурхонова. – Ишга, ўқишга йўл олар эканмиз, баъзан оёқ остида бўш пластик идиш, сигарета, писта қолдиқлари, музқаймоқ қоғозлари ва шу каби нарсаларга кўзимиз тушади. Бу нарсаларни нафақат айрим ёшлар, балки катта ёшдагилар ҳам бепарво ташлаб кетаверганини англаб, афсусланамиз. Болалар-ку бу ёмон одат эканини баъзан билмас, аммо гоҳо катта ёшдагилар кўча-кўйга турли нарсаларнинг қолдиқларини ташлаш номаъқул экани ҳақда ўйлаб кўришмайди.
Партия лойиҳаси асосида бошланган муҳим тадбирлар фуқароларда тозалаш-ободонлаштириш ишларига, озодаликка, саранжом-саришталикка риоя этиш, яратилган шароитларга ҳурмат, дахлдорлик ҳиссини уйғотишга хизмат қилади.
Албатта, ўзимиз яшаётган ва меҳнат қилаётган ҳудуднинг саранжом-саришта ва озодалиги, атроф-муҳит мусаффо бўлишига улуш қўшсак, ҳаётимиз янада гўзаллашиб, ҳар бир ишимизда унум ортаверади. Зеро, ҳар бир ҳудуд ободлиги юртимиз ободлиги саналади.
ЖИЗЗАХ. Мамлакатимизда сўнгги йилларда ижтимоий соҳада амалга оширилаётган туб ислоҳотлар жараёнида атроф-муҳитни асраб-авайлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, уларнинг тиббий маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳам бу борада экологик муаммоларни ҳал этишда ўз саъй-ҳаракатларини, биринчи навбатда, ушбу муаммоларнинг иқтисодий жиҳатларига қаратади. Партия экологик муаммоларни ва у билан боғлиқ фуқаролар саломатлигини ҳимоя қилиш масалаларини фақат Давлат бюджетига юклаб бўлмаслиги тарафдоридир.
Фуқароларда шаҳар-қишлоқларимизни тоза сақлашга бўлган дахлдорлик ҳиссини ошириш, хусусан, уларни кўнгилли равишда, ҳашар йўли билан атроф-муҳит тозалигини таъминлашга сафарбар этиш, юрт ободлиги йўлида аҳолини бирлаштириш, ёшлар тарбиясида тозалик орқали тиббий маданиятни шакллантириш мақсадида ишлаб чиқилган “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида бугун бошқа ҳудудлар қатори Жиззах вилоятида ҳам самарали ишлар олиб борилмоқда. Ушбу лойиҳани амалга ошириш мақсадида шаҳар ва туман кенгашларида депутатлар, партия фаоллари, соҳага оид ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ишчи гуруҳлар тузилиб, улар томонидан хонадонлар, маҳаллаларнинг озодалигига эришиш, айниқса, ёш авлод онгида атроф-муҳитнинг тозалигини сақлаш кўникмасини шакллантириш, ҳар бир ташкилот ва муассасанинг ўз ҳудудини тоза сақлашда мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш фуқароларда тозалаш-ободонлаштириш ишларига, соҳа ходимларининг меҳнатига ва яратилган шароитларга ҳурмат, дахлдорлик ҳиссини уйғотиш, белгиланмаган жойларга чиқиндилар ташланишининг олдини олишга қаратилган тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
Жорий йилнинг 4 ноябрь куни вилоят партия кенгаши ташаббуси билан Жиззах шаҳрининг “Заргарлик”, “Қассоблик” маҳаллаларида ободончилик ишлари олиб борилди. Ҳашар давомида ариқлар тозаланди, барг-хазонлар йиғилиб, йўл атрофидаги дарахтларга ишлов берилди.
— Маҳаллалар фаоллари, ёшлар, шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ходимлари қатнашган мазкур тадбир ҳамшаҳарларимизда катта қизиқиш уйғотди, — дейди “Заргарлик” маҳалласи маслаҳатчиси Гулжамол Муродқулова. — Бундай хайрли тадбирлар маҳалла-кўй тозалиги, ҳаво, сув каби табиатнинг бебаҳо неъматларига бепарволик қилишга кўникиб қолган баъзи одамлардаги лоқайдликни бартараф этишга кўмаклашади. Шу билан бирга, ёшлар учун тарбиявий жиҳатлари билан ҳам аҳамиятлидир.
Лойиҳа доирасида бу оммавий ҳашарларни ташкил этиш ҳудудларимизнинг кўркамлашишига, кўчаларимизнинг тоза ва озода бўлишига хизмат қилади. Зеро, тозалик бор жойда барака бўлади.
Олим ХЎЖАЕВ, Феруз ЖЎРАЕВ,
“Адолат” мухбирлари,
Лола САЙИДОВА,
Самарқанд вилоят кенгаши матбуот котиби,
Жасур ҚАРШИЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилоят кенгаши раиси ўринбосари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимиз ҳаётида катта аҳамиятга эга бўлган тарихий воқелик, Ватан тақдири учун муҳим аҳамиятга эга бўлган  сиёсий жараёнга партиямиз томо...
01 янв 1970
Фуқароларни ўйлантираётган масалаларни ҳал этиш, уларнинг қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш депутатлар заммасидаги муҳим вазифалардан бири санал...
01 янв 1970
Шу мақсадда мутасадди ташкилот ва муассасаларга тегишли масалалар юзасидан депутатлик сўровлари киритилиб, амалий натижаларга эришилмоқда....
01 янв 1970
Сиёсий партия сафларининг жипслашганлиги унинг ҳар бир тузилмаси, фаоллари ўз олдига қўйган мақсадларини ҳамжиҳатликда рўёбга чиқаришида муҳим ўрин...