Асоссиз қўлланилган жарима олиб ташланди

/
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида мамлакатимизда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Аҳоли билан доимий мулоқот қилиб, одамларни ўйлантираётган ҳаётий муаммоларнинг ҳал этилаётганлиги муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Бунда Президентнинг виртуал қабулхонаси ва барча ҳудудларда Халқ қабулхоналари ташкил этилгани, жойларда ўтказилаётган сайёр қабуллар, давлат органлари раҳбарларининг маҳаллий Кенгашларда ҳисобот бериши бўйича жорий этилган янги тизим ўзининг ижобий самарасини бермоқда.

Айни пайтда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам жойларда ташкил этилган “Адолат қабулхоналари” кўмагида бу эзгу ишга ҳиссасини қўшмоқда. Масалан, Наманган вилоятини оладиган бўлсак, шаҳар ва барча туманларда халқ билан мулоқотнинг самарали усули йўлга қўйилганлигини кўриш мумкин. Ўзларини ўйлантираётган муаммоларни бартараф этиб, дарду ташвишлардан қутулиш, орзу-умидларини рўёбга чиқариш мақсадида ҳудудда “Адолат қабулхоналари”га мурожаат этаётган фуқаролар сони ортиб бораётгани эътиборга молик. Бу эса, ўз навбатида, одамларнинг партиямизга бўлган ишончини ҳам ифодалайди.
Яқинда Чуст туман партия кенгашидаги “Адолат қабулхонаси”га “Камарсада” маҳалласида яшовчи фуқаро Г.Ибрагимжоновадан мурожаат келиб тушди. Маълум бўлишича, у ҳисобчи ихтисоси бўйича ўрта махсус маълумотга эга. Аммо ўзига мос иш топа олмабди. Партия туман кенгаши раиси С.Аҳмедов халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Ш.Мадолимов билан биргаликда масалани ўрганишди. Улар туман ҳокимлиги мутахассислари, бир қатор корхона ва ташкилотларнинг раҳбарлари билан мулоқотлар ўтказдилар. Ниҳоят, янги ташкил этилган “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонасида бош ҳисобчи лавозими бўш эканлиги аниқланди. Иш қидираётган фуқаронинг малакаси синовдан ўтказилганда, яхши баҳоланди. Унинг ўзига ҳам бўлажак иши, корхонадаги шарт-шароитлар маъқул тушди.
Поп туманидаги “Адолат қабулхонаси”га мурожаат қилган фуқаро Д.Хўжаева эса ўз мурожаатида кўпчиликни ўйлантираётган муаммони ўртага ташлаган. У ўзи яшайдиган “Ипак йўли” маҳалласидаги “Бобур” кўчасига туташган ички йўлларнинг ҳолати яхши эмаслигини, бу эса транспорт воситаларига ҳам, аҳолига ҳам қийинчилик туғдираётганини билдирган. Фаоллар иштирокида ўтказилган ўрганишда мурожаат тасдиғини топди. Туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси раҳбарига хат йўлланди. Айни пайтда йўлсозлар муаммони ҳал этиш устида иш олиб бормоқда. Туман партия кенгаши фаоллари масаланинг ижроси устидан назорат ўрнатди.
Вилоят партия кенгашининг “Адолат қабулхонаси”га келиб тушган мурожаатлардан бирида Уйчи туманидаги “Исломобод” маҳалласида яшовчи А.Муродов туман электр тармоқлари корхонаси ходимларининг нотўғри хатти-ҳаракатларидан шикоят қилганди. Ушбу мурожаат билан вилоят партия кенгашининг масъул ходими Ш.Маҳмуджонов шуғулланди. Тегишли қонун-қоидалар ўрганилди, малакали мутахассислардан йўл-йўриқлар олинди. Маълум бўлишича, фуқаро хонадонидаги электр ҳисоблагич куйиб, ишдан чиққан. Электр тармоқлари ходимлари эса ўз ваколатларини суиистеъмол қилиб, 1 миллион 143 минг 326 сўм жарима солишган. Мутахассислар ўтказган текширувдан сўнг жарима нотўғри қўлланилганлиги, фуқаро фақат фойдаланган электр қуввати учун ҳақ тўлаши кераклиги ҳамда ҳисоблагични ўз ҳисобидан янгисига алмаштириш зарурлиги тўғрисида адолатли қарорга келинди.
Нурбек АБДУЛЛАЕВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Олий Мажлиснинг қуйи палатаси депутатлари ҳамда сенаторлар Избоскан туманида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, аҳоли турмуш тарзи билан танишмо...
01 янв 1970
Мамлакатимизда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини тубдан ошириб келинмоқда....
01 янв 1970
Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳининг шу йил январь ойида ўтказилган биринчи йиғил...
01 янв 1970
Сиёсий партиянинг жойларда дастурий ғоя ва мақсадларини рўёбга чиқаришда асосий механизмлардан бири саналган депутатлик гуруҳларининг ташаббускорли...