Ислоҳотлар ва аниқ мақсад сари йўл

/
Жамиятимизнинг барча соҳалари босқичма-босқич ислоҳ этилаётган ҳозирги даврда энг муҳим ва долзарб ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий масалалар бўйича сиёсий партиялар ўз позициясини ифода этиши демократик жараёнларнинг муҳим шарти саналади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида мамлакатимизда ислоҳотларни янги босқичга кўтаришга доир қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатлар ижросида партия ва унинг депутатлик корпуси олдида турган устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Хусусан, дастлаб Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикасида маъмурий ислоҳотлар концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти ва ундан келиб чиқадиган вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.
Эътироф этилганидек, мазкур фармон 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни изчил рўёбга чиқариш ва мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни янада муваффақиятли амалга оширишга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир.
Бинобарин, Маъмурий ислоҳотлар концепциясида давлат бошқаруви тизимини тубдан ислоҳ этишнинг олтита асосий йўналиши белгиланиб, уларни амалий рўёбга чиқариш бўйича 40 дан ортиқ аниқ тадбирларни назарда тутувчи “Йўл харитаси” тасдиқланди. Албатта, бу ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш, аҳолининг ҳаёт даражаси ҳамда фаровонлигини юксалтириш бўйича давлат сиёсатини самарали рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилувчи қатор муаммо ва камчиликларни бартараф этишга хизмат қилади.
Муҳокамалар жараёнида депутатлар мазкур Концепцияни қўллаб-қувватлаган ҳолда унда белгиланган устувор вазифалар Ўзбекистон “Адолат” СДП дастурий мақсадларига муштарак эканлиги унинг ижросини таъминлашда партия депутатлик корпусининг масъулиятини янада оширишини таъкидладилар.
Ёрмамат ХОЛИЁРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Айтиш лозимки, Маъмурий ислоҳотлар концепциясининг ҳар бир йўналишида белгилаб берилган вазифалар партиямиз Сайловолди дастурида илгари сурилган долзарб ғояларни рўёбга чиқаришда муҳим ўрин тутади. Бу эса, ўз навбатида, мазкур саъй-ҳаракатлар ижросини таъминлашда депутатлик корпусимиз масъулиятини янада оширади.
Жумладан, партиямиз Дастурида ижтимоий-иқтисодий масалаларни фақатгина давлат ҳокимияти органларининг хатти-ҳаракатлари билан ҳал этиб бўлмаслиги, шу сабабли соғлиқни сақлаш, фан ва таълим тизими, йўл қурилиши, коммунал соҳаларда давлат ва хусусий бизнес ҳамкорлигини ривожлантириш ҳамда ушбу ҳамкорлик мақомини қонуний мустаҳкамлаб қўйиш таклифи илгари сурилган. Шу нуқтаи назардан, Концепцияда белгиланган ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг долзарб масалаларини (таълим, соғлиқни сақлаш, коммунал хўжалиги, йўл-транспорт инфратузилмаси) ҳал қилишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектларининг кенг иштирокини таъминлашга қаратилган ижтимоий ва давлат-хусусий шерикликнинг ҳуқуқий ва институционал базасини такомиллаштиришга доир вазифалар белгилангани биз учун муҳим аҳамиятга эга. Демак, эндиликда партия Ҳаракатлар дастури ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси иш режасида белгиланган “Давлат – хусусий шериклик тўғрисида”ги қонун лойиҳасини тезроқ ишлаб чиқиш ҳамда муҳокамага киритишда биз, депутатлар фаоллик кўрсатишимиз зарур.
Шунингдек, мазкур ҳужжатда белгиланган илмий-тадқиқот ҳамда инновацион фаолиятнинг замонавий ютуқларини жорий қилишнинг самарали механизмларини яратиш, инновацион ғоялар ва технологияларни ишлаб чиқишни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, унга инвестицияларни кенг жалб этиш, уларни янада ривожлантиришни таъминлайдиган норматив-ҳуқуқий базани шакллантиришга доир вазифалар ҳам долзарб аҳамиятга эга. Бу ҳам партия ташаббуси билан кўп йиллик тажриба ва изланишлар асосида ишлаб чиқилган “Илмий ва инновациявий фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳасини маромига етказиш ва уни қабул қилишни жадаллаштиришни тақозо этади.
Шу билан бирга, давлат хизматчиларининг профессионал корпусини яратиш мақсадида давлат хизматини ташкил этишга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишга қаратилган вазифалар “Давлат хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда фракциямиз аъзоларидан янада фаолликни талаб этади.
Қолаверса, Концепцияда назарда тутилган табиатни муҳофаза қилиш, ресурс ҳамда энергия тежайдиган технологияларни, шу жумладан, муқобил ва қайта тикланувчи энергия манбаларини қўллашни ривожлантиришга доир вазифаларни амалга оширишда “Муқобил энергия манбалари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини такомилига етказиб, Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритишимиз лозим.
Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепцияси ва “Йўл харитаси”нинг амалга оширилиши доирасида ишлаб чиқиладиган “Давлат бошқаруви асослари тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, янги таҳрирдаги “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги ҳамда “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш бўйича белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда партиямиз позициясидан келиб чиқадиган аниқ таклифларни илгари сурмоғимиз айни муддаодир.
Умуман, маъмурий ислоҳотларнинг амалга оширилиши “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган эзгу тамойилни ҳаётга татбиқ қилиш, дастурий ғояларимизга мос равишда давлат бошқаруви тизимини бюрократиядан холи этиш ҳамда бошқарув қарорлари қабул қилиш тизимининг фаолият самарадорлигини ва шаффофлигини ошириш, инновацион ғоялар, ишланмалар ҳамда технологиялар тизимини, жамоатчилик ва парламент назоратининг, энг аввало, коррупция кўринишларининг олдини олишга қаратилган самарали шаклларини жорий этиш, “Электрон ҳукумат” тизимини такомиллаштириш орқали давлат хизматлари кўрсатишнинг самарадорлигини кафолатлаш, энг муҳими, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийлик ҳамда ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан бизни унинг ижросида фаол иштирок этишга чорлайди.
Фракция йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йил 9 сентябрда қабул қилинган “Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда белгиланган вазифалар ҳам қизғин муҳокама қилинди.
Депутатлар мазкур қарор таълимни замонавий демократик ва бағрикенг жамият тараққиётининг ҳал қилувчи омили, деб ҳисобловчи Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг дастурий мақсадларига тўла мос эканлигини таъкидладилар. Муҳокамалар давомида фракция аъзолари давлатимиз раҳбарининг мазкур қарорини қўллаб-қувватлаган ҳолда унинг ижросини таъминлаш ҳамда соҳага доир қонунчиликни такомиллаштиришда ҳудудларда депутатлар томонидан олиб борилаётган ўрганишлар давомида аниқланган муаммолар ва берилган хулосалар муҳим ўрин тутишини таъкидладилар.
Шуҳрат ЯКУБОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Партиямиз Сайловолди дастурида аҳолига ижтимоий хизматлар кўрсатиш, айниқса, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклигини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани ва бу борадаги муҳим қадамлар Президент қарори асосида амалиётга жорий этилаётганини алоҳида қайд этиш ўринли. Яъни мазкур ҳужжатда мактабгача таълимни бошқаришнинг замонавий механизмларини жорий этиш, тарбия ва ўқув жараёнини такомиллаштириш, мактабгача таълим муассасаларининг инфратузилмаси ва моддий-техник жиҳозланишини яхшилаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилмоқда.
Хусусан, 2018 йил 1 январдан бошлаб Тошкент, Нукус шаҳарлари ва республиканинг вилоят марказларида эксперимент тариқасида давлат-хусусий шериклик шартларида янги мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш белгиланди. Замонавий ва ҳаммабоп мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш учун инвесторларга ер участкалари ва бўш турган биноларни 50 йил муддатга беғараз ажратишни кўзда тутади.
Инвесторлар ташкил этилаётган мактабгача таълим муассасаларида давлат таълим талабларига, санитария-гигиена ва бошқа нормаларга риоя қилиш, келишув амал қилишининг бутун муддати давомида фаолият йўналишини сақлаб қолиш, шунингдек, мактабгача таълим хизматини кўрсатиш нархининг мақбуллиги ва арзонлигини таъминлаш учун масъул бўлиши назарда тутилмоқда. Бунда инвесторларга кенг солиқ имтиёзлари ва бошқа преференциялар, шунингдек, имтиёзли кредитлар тақдим этилади.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, сайлов округимиздаги фаолиятимиз давомида сайловчилардан, хусусан, фарзандлари боғчада тарбияланаётган ота-оналар уларнинг сифатли ва тўйимли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашдаги муаммолар ечими юзасидан мурожаат қилар эдилар. Мазкур масала мактабгача таълим муассасаларини озиқ-овқат билан таъминлашда қатор муаммолар борлигини кўрсатарди. Қарорда ушбу муаммолар ечими юзасидан ҳам аниқ механизмлар белгилангани аҳамиятлидир. Жумладан, Тошкент шаҳридаги давлат мактабгача таълим муассасаларига тадбиркорлик субъектлари билан тегишли талабларга жавоб берадиган озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёр овқатларни етказиб бериш тўғрисида тўғридан-тўғри шартномалар тузишга эксперимент тариқасида рухсат берилди.
Мазкур экспериментлар якунлари бўйича республиканинг бошқа ҳудудларида давлат-хусусий шериклик механизмларини ва мактабгача таълим муассасаларида овқатланишни ташкил этиш тартибини жорий этиш масаласи кўриб чиқилиши назарда тутилмоқда.
Партиямиз дастурида таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, таълимда инновацион технологияларни кенг жорий этиш масаларига катта эътибор қаратилган. Шундан келиб чиқсак, қарордаги ваколатли давлат органлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ҳисобига мактабгача таълим муассасаларига болаларни қабул қилишни соддалаштиришни ҳам ўз ичига олган ташкилий чора-тадбирларни амалга оширишнинг назарда тутилиши алоҳида эътиборга молик.
Мазкур қарор биз, депутатлар олдига ҳам муайян вазифалар қўяди. Яъни, энг аввало, унинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка тушунтириш, жойлардаги ижро ҳокимияти вакиллари эътиборини мазкур жиддий вазифага қаратиш, уларнинг маҳаллий Кенгашларда ҳисоботларини эшитишни тизимли йўлга қўйишимиз зарур. Бунинг учун ҳар бир депутат ўз сайлов округида қарор ижроси устидан самарали депутатлик ва жамоатчилик назоратини амалга ошириши лозим. Бунда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатларининг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, бу ишга партия фаоллари ва электоратини ҳам кенг жалб этиш яхши самара беради.
Умуман, Президентимизнинг “Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг амалга оширилиши мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш, мактабгача таълим муассасалари фаолиятига янгича мазмун олиб кириш, уларнинг инфратузилмаси ва моддий-техник жиҳозланишини тубдан яхшилаш имконини беради.
Бундан ташқари, йиғилишда Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларнинг амалга оширилиши устидан парламент ва депутатлар назоратини олиб бориши бўйича асосий йўналишлари ҳам муҳокама қилинди.
Муҳаррам ДАДАХОДЖАЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Сир эмас, мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида ҳали ўз ечимини кутаётган кўплаб долзарб муаммолар мавжуд. Шу муносабат билан давлатимиз раҳбари Олий Мажлис Қонунчилик палатасига аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш ва дори воситалари таъминотини янада яхшилаш, ушбу соҳадаги қонунчиликни амалиётга самарали татбиқ этишга кўмаклашиш, шунингдек, бу соҳада парламент ва депутатлар назоратини самарали амалга ошириш борасида бир қатор устувор йўналишлар белгилаб берди. Мазкур вазифаларни самарали амалга ошириш ҳамда бу борадаги ишларни мувофиқлаштириб бориш мақсадида Қонунчилик палатаси ҳузурида тегишли комиссия тузилди. Ушбу комиссия томонидан ўтган давр мобайнида соҳада мавжуд кўплаб муаммолар таҳлил қилинди ва уларни ҳал этиш чоралари кўрилди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП ва унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан ҳам тиббиёт тизимини одамларга янада яқинлаштириш йўлида бир қатор саъй-ҳаракатлар амалга ошириб келинмоқда. Жорий йилнинг 12 июлида парламент палаталари ва сиёсий партиялар вакиллари билан ўтказган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари томонидан партиямиз соғлиқни сақлаш соҳасида аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш шиори остида фаолият олиб бориши, бу борада Соғлиқни сақлаш вазирлигининг фаолияти устидан самарали парламент ва депутатлик назоратини олиб бориши лозимлиги илгари сурилган эди. Шундан келиб чиқиб, соҳадаги муаммо ва камчиликларни бартараф этиш ҳамда партия Сайловолди дастурида белгиланган тиббиёт соҳасига оид мақсад ва вазифаларни амалга ошириш мақсадида “Саломатлик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мазкур лойиҳа доирасида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тизими (тез тиббий ёрдам, патранаж хизмати, оилавий поликлиника ва ҚВПлар фаолияти) билан боғлиқ муаммоларни ўрганиш, уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар тайёрлашга эътибор қаратиб келинмоқда.
Шу билан бирга, партиянинг “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур” лойиҳаси доирасида мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ҳамда умумтаълим мактабларида синфлардаги ўқувчилар сонининг санитария-гигиена талабларига мослиги, умумий тиббий хизматнинг аҳволи, мажбурий дори-дармонлар билан таъминланганлик даражаси, манту синамаси ва бошқа эмлашлар даврийлигининг ҳолати, тоза ичимлик суви билан таъминланганлик ҳолатлари ўрганилди ҳамда аниқланган муаммо ва камчиликлар маҳаллий Кенгашлар сессиялари кун тартибига киритилиб, уларни бартараф этиш бўйича тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
Лойиҳа доирасида республика миқёсида ўрганилган 1647 та умумтаълим мактабларидан 1229 тасида, 851 та МТМдан 816 тасида тиббиёт хоналари ташкил этилган бўлиб, 418 та умумтаълим мактаблари ва 35 та МТМларда тиббиёт хоналари мавжуд эмаслиги ҳамда белгиланган дори воситалари ва тиббий анжомлар умуман йўқлиги аниқланди. Шунингдек, 811 та умумтаълим мактаблари ва 56 та МТМда тиббиёт хоналари мавжуд бўлсада, улар белгиланган дори воситалари билан, 916 та умумтаълим мактаблари ва 583 та МТМ тиббиёт анжомлари билан тўлиқ таъминланмаган бўлиб, 546 та умумтаълим мактабларида ўқувчилар сони, 602 та МТМларда тарбияланувчилар сони санитария-гигиена талабларига мос эмаслиги, яъни белгиланган меъёрдан ошиб кетганлиги аниқланди. Бу ҳолат, айниқса, Тошкент шаҳри ҳамда Наманган, Самарқанд, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларида бошқа ҳудудларга қараганда кўпчиликни ташкил қилади.
Муаммолар кўп, аммо уларнинг ечимини топиш, масалани ҳар томонлама ижобий ҳал этиш партия фаолларидан ишчанлик ва фаолликни талаб этади. Бу ишларни ижтимоий шерикчилик асосида амалга ошириш ҳам амалий натижа беради. Шу маънода Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Албатта, бунда томонлар ўз вазифаларини амалга оширишда ўзаро ҳамкорлик қиладилар. Меморандумда тиббиётнинг барча йўналишлари қамраб олинган.
Эътибор қаратадиган бўлсак, соғлиқни сақлаш тизимини қайтадан ислоҳ қилиш ва уни сифат жиҳатидан яхшилаш халқ ва жамоатчилик ишига айланди. Парламентдан тортиб, қуйи бўғиндаги ташкилотларгача тиббиёт соҳасини назорат қилиш, унинг бугунги ҳолатига бефарқ бўлмаслик, мавжуд муаммоларни ўрганиш, халқ ичига кириб, уларнинг тиббиётга бўлган муносабатини тубдан ўзгартириш, одамлар тиббиётга эмас, балки тиббиёт одамларга яқинлашиши керак, деган ҳаётий ҳақиқатни амалга ошириш билан шуғулланмоқда.
Яқинда бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашининг ишчи йиғилишида ҳар бир фракциядан эндиликда тиббиёт тизимидаги йўналишларни ўз сайловолди дастурларига ҳамоҳанг тарзда тақсимлаб олиб, тизимли назорат қилиш ва мониторингини юритишда масъул бўлиши белгиланди.
Шундан келиб келиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги депутатлар бирлашмаларининг ҳар бирига соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларнинг амалга оширилиши устидан парламент ва депутатлар назоратини олиб бориш бўйича асосий йўналишлари тақсимлаб берилди. Ушбу ҳужжатда Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ҳам тиббиётнинг айрим масалаларида масъул ва жавобгар бўлиши кўзда тутилган. Жумладан, соҳани ислоҳ этиш мақсадида қабул қилинган қонунчилик ҳужжатларидан келиб чиқиб, тиббий таълим тизимини янада ислоҳ этиш чора-тадбирлари доирасида амалга оширилаётган ишларни ҳамда тиббиёт муассасаларининг дори воситалари таъминоти даражасини, дори воситалари учун маблағларнинг ажратилиши, уларнинг ишлатилишини доимий равишда таҳлил қилиб бориш фракция аъзоларининг доимий диққат марказида бўлмоғи назарда тутилган.
Қолаверса, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ижтимоий дорихона тармоқлари ташкил этилиши ҳолатини ўрганиб бориш ҳамда уларнинг самарадорлик даражасини ошириш чораларини кўриш, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг амалдаги тузилмасини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш ҳам фракция олдида турган долзарб вазифа эканлиги депутатлар томонидан алоҳида қайд этилди.
Албатта, бундай ислоҳотларни амалга ошириш, халқнинг тиббиётга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш, соғлиқни сақлаш соҳасидаги фаолиятларни сифат жиҳатидан яхшилаш партиямиз фракциясидан жуда катта меҳнат ва масъулиятни талаб этади.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистон ва Қозоғистон Республикаларига ишчи ташрифи ва Остона шаҳрида бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технологиялар саммити якунлари тўғрисидаги масала юзасидан фракция аъзоларининг фикр-мулоҳазалари тингланиб, бу борада партия фракциясининг нуқтаи назари белгилаб олинди.
Муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Илёс САХАТОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси жорий йилнинг 15 октябрида партиянинг навбатдаги Қурултойини чақириш белгилаб олинди....
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ташаббуси билан Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик билан учрашув ...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ташаббуси билан “Ҳаракатлар стратегияси – таълим ва фан соҳаси исл...
01 янв 1970
Атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ҳар биримизнинг муқаддас конституциявий бурчимиз саналади. ...